Ҳукуматларни эгаллаш ҳақида, ҳукмдорлар ва салтанатлар ҳақида сўз борар экан, буюк инсонларнинг мисолларига мурожаат қилишим табиий ҳолдир. Одамлар одатда бошқалар очган йўлдан юришади, бирор намунага эргашиб иш тутишади. Бироқ, бу йўлларга кўр-кўрона эргашишнинг ҳам, ўзимизга ўрнак деб билган кишиларга жасорату маҳоратда тенглаша олишнинг ҳам имкони бўлмагани боис, оқил инсон уларга бу борада тенглаша олмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда уларнинг жасоратидан руҳланиш учун буюк зотлар босиб ўтган йўлларни танлаши, уларнинг энг муносибларига эргашиши лозимдир. Бу борада тажрибали мерганларга ўхшашга интилиш керак. Улар нишоннинг узоқроқда эканини кўришса, мўлжални юқорироқ олишади. Бироқ улар ўқ юқорига кетсин деб эмас, балки камоннинг кучини билгани учун, ўқ узоқдаги нишонга етиб борсин деб юқорироққа қараб ўқ узишади. Шундай қилиб, янги қўлга киритилган давлатда ҳукмни қўлда тутиб туришнинг осон ёки қийин бўлиши янги ҳукмдорнинг маҳоратига боғлиқдир. Четдан қараганда бир одам тахтга ёки ўзининг жасорати, маҳорати туфайли, ёки толеининг кулиб боқиши туфайли келадигандек, кейинчалик ҳам кўпгина қийинчиликларни енгишда бу иккиси баравар қўл келадигандек туюлади. Аммо воқеликда кимки тақдирга камроқ ишонган бўлса, ҳукумат тепасида узоқроқ қолади. Шунингдек, янги ҳукмдорнинг бошқа ерлари бўлмаса, эгаллаб олган давлатига кўчиб келишга мажбур бўлгани ҳам ишни осонлаштиради. Бироқ, тахтни тақдирнинг тақозоси билан эмас, шахсий маҳорати ва жасорати билан қўлга киритганларга келсак, мен Мусо, Кир, Тезей ва шу кабиларни айтиб ўтишим мумкин. Мусо ҳақида айтиб ўтирмасак ҳам бўлади, чунки у Парвардигорнинг фармонини ижро қилувчи эди, холос. Унинг Робби билан роз айтишга муносиб қилган фазилатлари олдида бош эгамиз. Энди Кир ва бошқа жаҳонгирлар ва салтанат асосчиларига мурожаат қиламиз: уларнинг буюклигига қойил қолмасликнинг иложи йўқ, уларнинг қилган ишлари ва юритган ҳукмлари Мусога Робби илҳом қилган ҳукмлардан қолишмайди. Бу зотларнинг ҳаёти ва мардликлари ҳақида фикр юритар эканмиз, бир нарсага ишонч ҳосил қиламиз: тақдир уларга қулай бир имконият берган, яъни уларни исталган шаклга солиш мумкин бўлган материал билан таъминлаган, холос. Агар бундай имконият берилмаса, уларнинг иқтидори беҳуда кетган бўларди; агар уларда бундай иқтидор бўлмаса, берилган имконият беҳуда кетган бўларди. Агар Мусо Бану Исроилни Мисрда қулликда, қибтийларнинг истибдоди остида ётгани устига келиб қолмаса, бу асоратдан халос қилиш уларни ортидан эргашишга кўндира олмаган бўларди. Агар Ромул туғилган пайтида тақдирнинг ҳукмига ташлаб кетилмаган, Альба эса унга торлик қилмаган бўлганида, у Римнинг подшоҳи ва давлатнинг асосчиси бўлмаган бўларди. Агар ўша пайтда форслар мидияликларнинг ҳукми остида эзилмаган, мидияликлар эса узоқ вақт тинчлик-хотиржамликдан бўшашиб, нозиклашиб кетмаган бўлганида, Кир бу қадар катта муваффақиятлар қозонмаган бўларди. Агар Тезей афиналикларнинг бир-биридан алоҳида яшаётгани устидан чиқиб қолмаса, бу қадар жасорат намоён қила олмаган бўларди. Хуллас, уларнинг ҳар бирига қулай имконият насиб қилиб қолган, бироқ улар ўзининг буюк иқтидори туфайли бу имкониятнинг асл маъносини кашф қила олишган ва шу туфайли уларнинг Ватани шуҳрат қозониб, бахт-саодатга эришган. Кимки бу машҳур инсонлар каби дадиллик билан иш тутса, ҳокимиятни қўлга киритиши қийин бўлади, аммо уни қўлда тутиб туриши осон бўлади; қийинлиги шундаки, аввало улар янги тартиб-қоидалар ўрнатиши лозим бўлиб, бусиз давлатга асос солиш ва унинг хавфсизлигини таъминлашнинг имкони йўқ. Аммо билмоқ керакки, эски тартибларни янгиси билан алмаштиришдек қийин, юритиш хатарли, муваффақиятли даргумон иш йўқ. Бундай ташаббус билан чиққан ҳар бир инсонни эски тартибдан манфаатдорларнинг адоватига ҳамда янги тартибдан манфаатдорларнинг совуққонлигига дуч келади. Бу совуққонликнинг сабабларидан бири рақибдан қўрқишдир, чунки қонун у томонда бўлади, яна бири эса янгилик узоқ вақт давом этиб, тажрибада тасдиқланмагунича унга ишонмайдиган одамларнинг ишончсизлигидир. Эски тартиб тарафдорлари имкон топилди дегунча бор кучи билан ҳужум қилади, янгилик тарафдорлари эса сустлик билан мудофаа қилишади, шунинг учун уларга суянган одам ўзини хатарга қўяди. Бу ишни батафсилроқ таҳлил қилишдан аввал бундай ислоҳотчилар ўз кучига ишонадими ёки четдан кимнингдир қўллаб-қувватлашига боғлиқми – шуни аниқлаб олиш керак; бошқача қилиб айтганда, улар ўзи бошлаган ишни охирига етказиш учун кимгадир ялиниши керакми ёки куч ишлатишадими? Биринчи ҳолатда улар муваффақиятсизликка маҳкум бўлади, иккинчи ҳолатда эса, яъни улар куч ишлатиши мумкин бўлса, камдан-кам ҳоллардагина муваффақиятсизликка учрашади. Шунинг учун қуролланган пайғамбарлар доим енгишган, қуролсизлари эса ҳалок бўлган. Чунки, юқоридагиларга қўшимча равишда айтиш лозимки, одамларнинг феъл-атвори ўзгариб туришини унутмаслик керак, уларни ўз ғоянгизга оғдириш осон, лекин унда ушлаб туриш қийин. Шунинг учун халқда ишонч йўқолса, уни ишонишга куч билан мажбур қилишга тайёр туриш керак. Мусо, Кир, Ромул ва Тезейлар қуролсиз бўлганда, ўзлари жорий қилган қонунларга узоқ вақт давомида риоя қилинишига эриша олмаган бўлишарди. Бугунги кунда фра (католик монах) Жироламо Савонаролада ҳам худди шундай бўлди: оломон у жорий қилган қонунларга ишонмай қўйган заҳоти бу қонунлар бекор бўлди, унга ҳануз ишонаётганларнинг ишончини мустаҳкамлаш, ишонмай қўйганларни мажбурлаш учун эса унда ҳеч қандай восита йўқ эди. Мен бу ерда санаб ўтган одамларнинг йўлида жуда кўп қийинчилик ва хавф-хатарлар пайдо бўлади, уларни енгиб ўтиш учун эса улкан жасорат, мардлик ва маҳорат талаб қилинади. Бироқ, мақсад қўлга киритилган бўлса, подшоҳ қўл остидагиларнинг ҳурматига сазовор бўлган бўлса, ҳасадгўйларни бартараф қилган бўлса, у узоқ йиллар давомида куч-қудрат, хотиржамлик, иззат-икром ва бахт-саодатга эришади. Бундай олий намуналар қаторида мен бироз оддийроқ мисолни ҳам келтираман ва шунинг ўзи етарли деб ўйлайман. Мен сиракузлик Гиеронни назарда тутяпман: у оддий фуқароликдан Сиракуз подшоҳи мартабасига кўтарила олди, ваҳоланки тақдир унга қулай фурсатдан бошқа ҳеч нарса ато қилмаган эди: Сиракузнинг мазлум аҳолиси уни ўзига саркарда этиб тайинлади, у эса ўз кучи, ўз меҳнати билан уларнинг подшоҳига айланди. Гиерон ҳали машҳур бўлмасидан аввал ҳам шу қадар кучли иқтидор эгаси эдики, қадимий муаллифнинг таъбири айтганда, «nihim illi seerat ad regnandum praeter regnum» [у подшоҳ бўлиши учун фақат подшоҳлик етишмас эди, холос]. У эски қўшинни тарқатиб юбориб, янги лашкар тузди, эски аҳдномаларни бекор қилиб, янгиларини имзолади. Ўз қўшини ва ўз иттифоқдошларига эга бўлгач, у бундай пойдевор устида ҳар қандай бинони қуриб ташлай олар эди. Унинг учун энг қийини – ҳокимиятни эгаллаш бўлса, энг осони – уни қўлда тутиб туриш эди.
|