II боб. Мерос қолувчи яккаҳокимлик ҳақида PDF Босма E-mail

Мен республикалар ҳақида тўхталиб ўтирмайман, чунки улар ҳақида бошқа жойда батафсил сўз юритаман. Бу китобда мен тўғридан-тўғри якка ҳукмронлик ҳақида сўз юритаман ҳамда юқорида белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда подшоҳлар давлатни қандай йўллар билан бошқариши ва уларни ўз ҳукми остида ушлаб туриши мумкинлигини таҳлил қиламан.
Аввало шуни айтаманки, раияти ҳукмрон сулолага ўрганиб қолган ворис подшоҳга ҳокимиятни қўлда тутиб туриш янги подшоҳга қараганда анча осон кечади, чунки бунинг учун унга аждодларининг тутумини бузмаслик ва келгусида янги вазиятларга шошилмай мослашиш кифоядир. Бундай йўл тутилса, ҳатто ўртамиёна ҳукмдор ҳам ҳокимиятни қўлдан бой бермайди, фақат уни ўта қудратли ва даҳшатли куч ағдариб ташламаса бўлгани. Аммо шундай бўлган тақдирда ҳам у босқинчи илк бор хато қилгандаёқ ҳукуматни қайтариб олади.
Бизда, Италияда бунга Феррара герцогини мисол қилиб келтириш мумкин. У 1484 йилда венецияликлар, 1510 йилда папа Юлий томонидан етказилган мағлубиятдан кейин ҳам тахтдан йиқилмади, чунки унинг авлоди Феррарада азалдан ҳукмдор эди. Зеро, тахтга ворис бўлган подшоҳнинг ўз раиятига зулм қилишига сабаб ва зарурат камроқ бўлади, чунки улар бусиз ҳам унга садоқат кўрсатадилар, ва агар унда халқнинг нафратини қўзғайдиган ҳаддан ортиқ разолатлар бўлмаса, фуқаронинг ардоғида бўлиши табиий ҳолдир. Салтанат узоқ муддат давом этаётган ва авлоддан авлодга ўтиб келаётган бўлса, бир пайтлар юз берган тўнтаришлар ва уларни келтириб чиқарган сабаблар унутилади. Аксинча, ҳар бир катта ўзгариш бошқа бир ўзгаришларга йўл очади.