Юсуфбек ҳожи чала-думбул табиатлик хотинининг феъли хўйини яхши билгани учун ўткан воқиъларни, яъни Отабек сирларини унга очмаслиққа қарор берган бўлса ҳам, аммо марғилонлиқ келин ва қудаларнинг келишла-ридан хабар беришни лозим деб топди. Чунки хотинининг марғилонлиқ келинга бўлған адоватини Отабекдан ҳам яхшироқ билар ва унинг «Ўғлингиз Марғилондан уйланмади, бир балодан уйланди!» деб қиладирған шикоятла-рини ҳамма вақт эшитар, доимо иссиғ-совуқчи домла, хўжаларникида бош оғритиб юришини ҳам билар эди. Шунинг учун ўз тарафидан Ўзбек ойим тушкурни яхшилаб эбка олмоқ, юз қизарадирған ишларга қарши чораларни кўрмак фикрига тушди. Чолу кампирнинг ҳар бир ўлтуришларида сўз Ўзбек ойим томонидан бошландими, албатта ноқобил ўғул билан марғилонлиқ «анди» келин устида бўлар ва унинг учун энг аҳамиятлик масала фақатгина шугина бўлиб кўринар эди. Бошқа кезларда кампирнинг бу тўғридағи дод-ҳасратини кулгулик билан ва кам ҳавсалалилик билан эшитса ҳам, аммо бу гал Ўзбек ойимнинг ўша эски ашуласини ортиқча бир тўзимсизлик орасида кутар эди. Кампирнинг дарди ғўзада, сичқоннинг кўзи донлик кўзада, деганларидек, бизнинг Ўзбек ойимизнинг ҳам дарди бўзада эди. Сўз уринди, сўздан — сўз чиқди, ниҳоят ҳожининг кутканидек ўғул ҳасрати ҳам бошланди: — Аҳмоқингиз бир оз эсини йиғқан кўринадир, — деди Ўзбек ойим, — ҳайтовур уч ойдан бери Марғи-лонни эсидан чиқариб қўйди. Ҳожи кулди: — Иссиқ-совуғинг кор қилғандир... — Билмадим... Ҳар нечук сув қуйғандек бўлди, қолди. Илоҳим эм тушкан бўлсин... — Илоҳи эм тушсин, — деб кулди ҳожи. Ўзбек ойим эрининг истеҳзосига тушуниб қолди ва лаби-лабига тегмай бобиллай кетди: — Нега куласиз? — деб депсинди, — бу кунгача кулиб-ку, ўғлингиздан ажрала ёздингиз. Энди нега сиз ҳам... худоё тавба қилдим... — Зўри беҳуда миён шиканад. — Илоҳи тожикингиз қурсин! — деди Ўзбек ойим, — мен тўғрисини айтсам, бу гапларнинг ҳаммасига сиз сабаб бўлмоқдасиз, эр. Яккаш кулиш, яккаш кулги! Ундан кўра ўғул-қиз ўсдиришға уқувим йўқ, деб айтинг! Ҳожи тағин кулди: — Ҳа, уқувим йўқ, ойимча! — Кулинг-е, кулинг! Худо ўлим берсин кулгуга! — деди Ўзбек ойим ва аччиғи билан юзини четка ўгирди. — Менга қара, хотин, — деди ҳожи жиддий тусда. Ўзбек ойим қаради. — Ўринсиз чирансанг, белинг синадир, дейди тожиклар. Шунга ўхшаш ўзинг жойсиз чиранганингдек, мени ҳам ўз ёнингға тортмоқчи бў-ласан. — Бўлмаса маним барча ҳаракатларим ўринсиз экан-да? — Ўринсиз. — Нега ўринсиз бўлар экан? — Сенинг муддаонг, — деди ҳожи, — марғилонлиқ келинни ўғлингдан ажратиб юбориш ва бу келининг билан қолдириш — шундоғми? — Албатта шундоғ! — Мана бу ҳаракатингни ўринсиз чираниш, дейдилар. Нега десанг, билфарз ўғлингни олдингға олсангда, ундан сўрасанг «қайси хотининг билан бўлишни хоҳлайсан? Хоҳламағанингни қўй», деб. Ана шу вақтда ўғлинг нима дер эди? Нима дейишини ўзинг ҳам яхши билсанг керак, хотин! — Биламан, — деди Ўзбек ойим, — марғилонлиқ-нинг домласи кучлик. Ўғлим бечоранинг бошини айлантириб, кўнглини хиппа ўзига боғлаған. Юсуфбек ҳожи ўзини кулгидан яна тўхтата олмади: — Яхши, — деди, — сен ҳам-ку уч йилдан бери Тошканддаги ҳамма домлахўжаларнинг эшигига бирма-бир кириб-чиқдинг. Бас, сен ҳам нега ўғлингнинг кўнглини Зайнабка хиппа қилиб боғлай олмадинг? Ўзбек ойим эрининг бу саволидан ҳайрон бўлиб турмади: — Марғилонликнинг домласи сиҳирчи ҳинди эди. Мен бўлсам, бу ердан ҳинди домла топа олмадим. Ҳожи энди кулмади. Чунки хотинининг ҳолига ачина бошлаған эди. — Бундоғ ақлсиз ишларни қўяйлиқ, хотин, — деб мулойимона сўзлаб кетди, — бир оз ақлға ён бериб иш қилған киши ҳеч бир вақт дард қилмайдир. Модомики, иккимизнинг ёлғиз ишончимиз шу ўғлимиз экан ва унинг соғлиқ, шодлиғи бизнинг тириклигимизнинг тираги экан, бас, бизга лозими унинг хурсандлиғи нима билан бўлса, шуни ахтаришдир. Мен яхши биламанки, сен бу ишларни фақат ўғлингни аяғанингдан қиласан ва сенда шундан бошқа ҳеч бир мақсад йўқ, бу тарафдан қарағанда сени ҳам айблаб ўлтуриш осон эмас... Шуни яхши билғилким, ўғлингнинг ой сайин Марғилонға қатнаб туриши сени хафа қилса, мени ҳам сендан баттар аччиғимни қистатар, ҳатто баъзи кезларда сўкиб юбо-риш даражаларигача бориб қайтар эдим. Аммо сенинг жаҳлингни чиқариб кулишим бўлса, фақат «ўлганимдан куламан, юзимни ерга сураман» қабилидан бўлиб, бунга сен тушунмас эдинг. Ниҳоят сен айткандек жоним ҳиқилдоғимға етди-да, ўғлингни бу гал Марғи-лонға борма, деб йўлдан қайтариб қолғучи ҳам мен— ўзим бўлдим... Ўзбек ойим бошини терватиб сўзни эшитиб келар эди. Бу кейинги сўзни эшиткандан кейин бошини кўксигача еткузиб, «баракалла, раҳмат» дегандек қилиб қўйди. Ҳожи давом этди: — Маним бу тўхтатиб юбормай қўйғанимдан хабарсизлиғинг учун бўлса керак, кўнглинг дом- лахўжанинг дуосига кетиб қолди ва мен сенинг сўзингдан кулдим. Чунки ҳақиқатда бунинг сабабчиси ўзим эдим... Ўзбек ойим эридан ўпкалади: — Нега ахир мени хабардор қилмайсиз? — Бу тўғрида менда ҳам айб бор, — деди ҳожи, — сен билан ўзимнинг муддаоларимиз бир, деб ўйлағаним учун Отабекни койиб тўхтатқанимдан сўнг сенға кенгаш олмасданоқ қудаларингга бир хат ёзған ва келин болани Тошкандга олиб келишларини сўраған эдим. Ҳайтовур сўзимни ерда қолдирмаған ўхшайлар, бу кун қудадан битта жавоб хати олдим. Ақлли кишиларнинг садағаси кетсанг ҳам арзийдир: «Шу чоққача сизларга айттирмасданоқ зиёратларингизга боришимиз керак эди. Хатингизни ўқуб ниҳоятда хижолат чекдик, айниқса келин болангиз бек ойимға қайси юз билан қарайман, деб юзини юлди. Бу адабсизлигини борғандан сўнг албатта юзига солмаслар, деб ишонамиз», дейдир... Ўзбек ойим эрига анқайғанча қараб турар эди. Ҳақиқатан ҳам ҳожининг усталиғи Ўзбек ойимдек думбул табиъатлик хотинларни гангитарлик эди. Ул хотинининг жавобини кутиб ўтирмасданоқ, том устига том ёпа борди: — Қайси уйни бўшатдирсақ экан? — деб сўради ва жавоб кутмасдан, — қудаларингни нима билан кутишни бўлса ўзинг биласан: туя сўйиб чорлағанингда ҳам келмайдирган кишилар, — деди. Ўзбек ойимнинг мияси айнадими ёки ўзи айтган сиҳирчи ҳиндининг дуоси асар қилдими, ҳар нучук уч йиллик адоватлар ва кина-кудуратлар барчаси ҳам аллақа-ёқға қараб учиб кетдилар ва уларнинг ўрнини «икки келинлик бўлиш» масаласи келиб олди. Узоқ-яқин хотинларнинг «Ҳой, Ўзбек ойимнинг марғилонлиқ келини ҳам келибдур, худди тўтининг боласи эмиш. Юринглар, бир кўрайлик», деган сўзлари эшитилгандек бўлди. Шу чоғқача Зайнабка ялиниб, ялпоғланиб кун кўриб келган бўлса, мундан сўнг бир қўша келинни ўзининг оёғлари остида ялиниб юрган ҳолда кўрди. — Ҳар нима бўлганда ҳам теги нозик,— деди ойим,— иззати учун шу уйимизни бўшатиб берамизми? — Ўзинг биласан. — Биз тўрдаги уйга кўчиб ўтсак ҳам бўладир. Ахир теги нозик.. Уч йиллик кина ва адоват ўрнида ниҳоятда олий марҳамат ва меҳрибончилик келиб ўлтурган эди. Уч йиллик эмас, уч дақиқалик ўзгаришдан Ўзбек ойимнинг юзи қизармас ва қизаришни ҳам билмас, ҳатто ўғул-қиз ўсдиришни билмагучи Юсуфбек ҳожидан аллақанча юқориларда юрар эди. Юсуфбек ҳожи эса хотинидаги бу кулгулик ўзгариш учун ажабланмади ва кулмади, чунки бу кулки табиъатка молик бўлган хотин билан энди ўттуз беш йиллаб бирга яшар эди. Ўзбек ойимни шу ҳолга келтиргандан кейин ундан сўраб қўйди: — Зайнабка ҳам бу хабарни ётиғи билан айтиб қўямизми? — Сиз билан мен бир ишни мувофиқ кўрганимиздан кейин Зайнабка чикора, — деди Ўзбек ойим. Мундан уч дақиқа илгари саодати учун тиришилган орзулиқ Зайнабнинг оқибати ҳам шу бўлиб қолған эди. — Гап унда эмас, — деди ҳожи, — умр, муроса деган гаплар бор, айниқса кундашлик иши қийин, коса косага текканда ғиди-ғиди гаплар кўпайса, бизга эмас, ўғлингга ҳам татимай қоладир. — Чақир дейсизми? — Чақир. Ўзбек ойим Зайнаб билан Отабекнинг кутилмаган равишда очилиб сўзлашиб ўлтурганлари устидан чиқди. — Ўғул-қизнинг кенгашими? Отабек кулимсираб Зайнабка қаради, Зайнаб эса тузатиниб ўрнидан турди ва қайин онасига жой кўрсатиб: — Шунақаға ўхшайдир, ойи. Ўғул-қизнинг кенгаши худда шу кунга йиғилиб қолған экан, — деди ва кулимсираб эрига қаради. Ўзбек ойим ўлтурмади ва уни-буни суриштириб, ўйлаб турмади: — Иккаласига бир пардан кўйлаклик ол! Бирини паст, бирини баланд қилма, бу хотининг бўлғанда ул ҳам кўз очиб кўрганинг... Зайнаб, сен мен билан журчи, ҳожи отанг чақиряптилар, — деди. Томдан тараша тушкандек қилиб сўзланган юқо-ридағи гапларга бошда уларнинг иккави ҳам тушунмади. Аммо бир оздан сўнг Отабек айтилган телва-тескари сўзларнинг маъносини онглаб олди, онасининг нима бўлса ҳам Марғилон тарафка оғишқанини ва ўзининг кучлик бир душмандан қутилаёзганини билиб Зайнабни нима учун чақирилғанини ҳам пайқади. Зайнаб эса бир нар-са тушунмаган ҳолда қайин онаси билан чиқди. Қайин она, келин қаршисиға келиб ўлтуришкандан кейин, ҳожи Зайнабка қараб олди. — Болам, Зайнаб, — деди, — биз Марғилондаги опанг кўчини олиб келмакчи бўлдиқ... Сен шунга нима дейсан? Зайнаб ялт этиб қайин онасиға қаради, чунки Ўзбек ойимнинг бояги гапи энди унга онглашилған эди. Дўстни душман ёнида кўриб билинар-билинмас қилиб энтикди. — Мен нима дер эдим... — Гап нима дейиш ва нима демасингда эмас, ойим!— деди ҳожи, — гап шундаки, ул келган чоғда эгачи-сингилдек бўлиб кета оласанми, деб сўрамоқчиман. — Бўлиб кетармиз... — Эгачи-сингил бўлиб кетарсиз-а? — деб такрор сўради қайин ота. — Билмадим... — Нега тағин билмай қолдинг? Зайнаб бир мунча вақт ўйланиб қолди. — Қарс икки қўлдан чиқадир, — деди Зайнаб, — мен яхши бўлғаним билан опам ёмон бўлса, ҳозирги берган ваъдамдан нима фойда бўлсин. — Жуда тўғри гапирдинг, болам, сендан олған ваъдани ундан ҳам оламиз. Зайнаб сукут қилди. — Зайнаб сиз ўйлаған келинлардан эмас, — деди Ўзбек ойим, — худоға шукур, ақл-ҳуши бошида. — Бошқа гапларни кўнглингга келтурма, қизим. Марғилонлиқ келин билан сенинг бизга ҳеч бир фарқларинг йўқ, иккавларинг ҳам боламизнинг қўшоғи — боламизсиз! Зайнаб бошини ирғатиб қўйди. Юсуфбек ҳожининг дуосидан сўнг, Зайнаб Отабекнинг олдиға кирди. Отабек Зайнабнинг юзидаги маъюсликни биринчи кўришдаёқ сезди. Бир оз жимгина қаршима-қарши ўлтуришдилар, иккисига ҳам сўз айтиш ўнғайсиз ва ал-ланарса монеъдек эди. — Нега чақирған эканлар? — деб ниҳоят Отабек сўраб юборди. — Билиб туриб сўрайсизми? — деди Зайнаб кучланиб кулган ҳолда. — Нимани билиб туриб? — Марғилондан келадирган кишингизни. Отабек қийин ҳолатда қолди ва оғзиға шу гап келди: — Мунда маним ихтиёрим йўқ... ҳамма ишни отам қилаётибдир. — Отангиз қилсалар ҳам сизнинг кўнглингиздагича. — Нима кўнглимдагича? — Суйганингиз билан биратўласига қўшилиб олиш, албатта, сизнинг кўнглингиздагича... — Мен уни суяманми?.. — Албатта суясиз... Отабек ўзини тинч ушлаган ҳолда: — Янглишасиз! — деди. — Ҳеч янглишмайман,— деди Зайнаб,— сиз уйла-нишдаёқ уни суюб олғансиз, мени бўлса... мен: ота-онангизнинг орзуларича, — деди ва кўзига жиқ ёш олди. Отабек оғир ҳолга тушди, бу тўғри сўз уни тамом эсанкиратди ва бу ҳақиқатка қарши бориш, яъни ёлғонлаш яна оғир эди. Шундай бўлса ҳам ёлғонламай чораси бўлмади: — Бошда... суюб уйланганим сиз айтканча тўғри, аммо ҳозир ундоғ эмас, — деди. — Ишонмайман. — Нега ишонмайсиз, ишонинг... Зайнаб бир оз унга қараб турғандан кейин: — Ишонмағанимнниг сабаби бор, — деди. Отабек тинчсизланди: — Сабабини... сўзланг... — Менга уйланганингизга қанча бўлди? — Икки... — Шу икки йилдан менга бўлған алоқангиз бир зар-ра ҳам ўзгарган эмас, — деди Зайнаб, — мени хотин ўрнида кўрмайсиз! — Бекор гап... — Бекор гап эмас, жоним, — деди Зайнаб қизишқан ҳолда. — Марғилондан қайткандан кейинги кунларингизни меҳмонхонада кечириб келишингиздан албатта тона олмассиз. Шу ҳам умид билан бир ёстиққа бош қўйған эди, деб маним тўғримда ўйлаб қарамас-лиғингизнинг сабаби ҳам ўзингизга... Зайнаб сўзини битира олмади, четка қараб кўз ёшисини тўкди. Отабек гўё тоғ остида қолған эди. — Сиз тамом бошқача тушунибсиз... — Бўлмаса, бу гапларнинг сабаби нима? — Сабаби жуда очиқ, — деди Отабек. Лекин нимани сабаб қилиб кўрсатишни ўзи ҳам билмас эди. — Айтингиз ахир? — Ўзингиз ҳам биларсиз, деб ўйлайман. — Мен ҳеч нарса билмайман. — Биласиз! — Худо ҳаққи билмайман. — Билмасангиз... — деди бек, — билмаганингиз яхши. Сизга ўз оғзим билан иқрор қилишға уяламан... — Мендан-а, хотинингиздан уяласизми? — Уялмайинми? — Уялманг. — Уялмасам... мизожим заиф... Зайнаб ишонар-ишонмас унга қаради. — Тўғри сўзламадингиз... — Ишонмасангиз ўзингиз билинг, лекин ҳақиқат гап шу, сиздан узоқда юришимнинг сабаби ҳам шунда. — Ишонғанимда ҳам бу ҳол ташқарида ётиб ю-ришингиз учун катта сабаб бўла олмайдир. Чунки мен фақат шунинг учун сиздан ўпкаламайман, — деди ва кўзини тўлдириб Отабекка қаради. — Менга сизнинг мизожингиз керак эмас... Ўзингиз!.. — деди ва йиғлаб ёлборған ҳолда Отабекнинг қучоғиға ўзини ташлади. Отабек Зайнабнинг шу қадар юрак дарди борлиғини би- ринчи мартаба билар эди. Бечора Зайнаб жонсиз ҳайкални ўпиб қучоқлар ва ёлборар эди.
|