Ҳожи шундан кейин ўғлидан бир даража қаноатланди ва чойга фотиҳа ўқуб, ўрнидан турар чоғида ёнидан бир хат чиқариб узатди: — Хатнинг ичидан чиқди. Келиндан — сенга бўлса керак, — деди. Отабек мактубни олиб отасининг кетишини кутиб қолди. Хат саккиз букланиб, қизил ипак билан бир-икки еридан чатилған ва Отабекка аталған эди. Отасининг узоқ-лашишини кутар экан, юраги ёмонлаған отдек типирчилар эди. Тикилган ипакларни сўкди ва мактубни очиб оч кўзини ишка қўйди: «Юсуф савдосида беқарор Зулайҳо исмидан, Мажнун ишқида йиғлаған Лайли отидан — сизга бошимдағи сочларимнинг тукларича беҳад салом. — Мендан — ҳадду-ҳисобсиз гуноҳ, сиздан — кечириш. Ўткан ишга салавот. Чунки шу икки йил ичида кечирган қора кунларни эска олиш маним учун ўша кунларни қайтадан бошдан кечиришлик сингари, ул кунларни сиз унутинг, унутманг, аммо мен унутдим. Шунинг учун сўзимни ўзимни охирғи, ҳам чин бахт ислари ҳидлаган тарихимдан бошлайман. Сиз — қочоқсиз, нари-бери тил учида менга бир нарса ёзғандек бўлиб қочқансиз, икки йил бўлди Марғилон келиб юришларингизни мен ўзимча ешдим, лекин топиб ешдим: сизнинг барча машаққатларингиз — душманларингиздан ўч олиш учун бўлғанини онгладим. Йўқса, мени кўрар эдингиз, кўргингиз келмаганда ҳам бошқалар сизни кўрар эдилар, тўяр эдилар... Мен каби бахтсиз, мен каби ғовғаси кўб сизни зериктириб, жондан тўйдирған бўлса ажаб эмаски, қоча бошлағансиз... Қочсангиз қочиб кўрингиз, аммо мен бу кундан бошлаб биравларни қувишқа бел боғладим: отам билан онам ра-фоқатларида хизматингизға — чўрилиқингизға эрта-индин юраман, суйганингиз кундошим олдида қадру-қийматимнинг нима бўлишини ҳам биламан... Сиз олижанобсиз: эски қадрдонлиқ ҳурматига кўнгил учун кулиб боқарсиз... Лоақал шугина билан ҳам бахтсизни масъуда қиларсиз. Аммо... суйганингиз — кенжангизнинг жеркишларидан, қарғинишларидан беҳад қўрқаман, ўзимда йўқ қўрқаман. Шу яқин орадағи унинг билан бўладирған масъуд дақиқаларингизда худо йўлиға ваъда олингиз — мени оғритмасин, рақибам келди деб ўйламасин. Ниҳояти мақсадим икки дўстка бир чўрилик ва шу муносабат билан биравларини кўриб юриш... Хатим охиринда шуни ҳам айтиб қўяй: ўч қайтиб, мен ҳам кўчадан ҳайдалмасам эди, деган хавф ҳамиша кўнглимда. Агар худо ярлақаб эшикингизда ўринлашиб олсам, уёғини ўзим билар эдим... Ерта-индин кўзимга йўл кўринур, Йўл босишлиқ кўнгилга бир умр кўринур... 3-инчи ҳамал, Марғилон, Кумушингиз ёзди». Отабекнинг суюнчи ичига сиғмаслиқ, ўзини йўқо-тиб қўйған ҳолда илжаяр эди. Хатни иккинчи қайта ўқуб чиқиб яна сўйина бошлаған эди, кечаги манзаралар унга кўриниш бергандек бўлдилар. Ул сесканди, кўз ўнгидан кечаги мазлум гавдалар бирма-бир ўтиб, ул ошиғич равишда хатни буклади ва улардан яширғандек чўнчагига тиқди, ирғиб ўрнидан туриб кетди... Кўчани бир айланиб келгандан сўнг, бояғи манзаралардан бир оз қутилғандек бўлиб яна мактуб эсига тушди. Меҳмонхонанинг даричасига қия турған ҳолда хатни яна ўқуб чиқди. Лекин бу гал ҳам хат бояғидек сўйинч эмас, кечаги мазлумларга таъзия тутқандек оғир маъно берди: «Аммо... суйганингиз — жекиришларидан, қарғинишларидан беҳад қўрқаман...» Боя нима учун сўйинганига ўз-ўзидан ҳайрон бўла бошлади. Чиндан ҳам мактубнинг мунча кўчирилган жумласи, ўйлаб қарағанда, ҳеч қандай қувончға йўл қўймаслиқ даражада қора маънолик эди. Бу жумла келасидаги онглашилиб битмаган, лекин бўлиши аниқға ўхшаған ярамас ва тинчсиз бир ҳаётнинг гўё муқаддимаси эди... Отабек Кумуш айткандек кундаш, яъни Зайнабдан унча қўрқмаса ҳам, аммо дарднинг энг давосизи бўлған онаси тўғрисида юраги титради. Умрининг энг қийматлик кунларини оғулаған, икки йил бўйи давосиз дардга мубтало қилған, ярамас ва ишонч-сиз йўлларда санқишиға сабаб бўлған ўз онаси эмасмиди? Ва рақибларга, душманларга йўл очиб берган шу онанинг орзуси эмасмиди? Бутун шаҳарни алғоқ-далғоқ қилиб кўҳлиқ қиз қидирған, ниҳоят чиройлиликда танҳо, ақллиликда якто топиб, тўйлар, томошалар, орзу ва ҳаваслар билан ўғлиға «хотин бу бўлибдир!» деган ифтихор ва мағру-рият ила тақдим қилған суюкли келини устига гўё ўчакишкандек бўлиб келадиган Марғилон парисига нима ва қандай муомала қилар эди. Кумуш кундашнинг жекиришидангина чўчиған бўлса, Отабек бу чўчишни ўзининг кўлагасида қол-диратурғон онаси тўғрисида тамом ақлини йўқотиб қўйди.
|