Чой тугалган эди. Отабек фотиҳа ўқуб, ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди. — Турма! Юсуфбек ҳожи тарафидан берилган амирона буйруғ Отабекни қайтадан ўлтуриб қолишга мажбур этди ва отасиға «нима хизматингиз бор?” дегандек қилиб қаради. Юсуфбек ҳожи бир сўз демасдан салласини олиб тиззасига қўйди, бош қашинишиб яна салласини кийди. Дадасининг салла олиб бош қашиниши кейинидан кўпинча ўзини бир тергов остида кўрар эди. Шунинг учун яна бир мартаба дадасига қараб қўйди. Чини билан ҳам ҳожининг тусидаги бояғи ҳасрат ва қайғу аломатлари йўқолиб, уларнинг жойини шарқ оталиғи вазияти олди. — Марғилонда нима ишлар қилдинг? Кутилмаган бу саволга Отабек нима деб айтишини билмай қолди. Жавоб ўрниға хавфли томонға қаради. — Сендан сўраяпман, Отабек. — Сизга хабар бергувчи нима ишлар қилғанимни ҳам айткандир... — Жўн одамлар қаторида одам ўлдириб юрдим, дегин? Отабекнинг юзида кулимсираш билинди. — Жўн одамлар қаторида эмас, — деди, — мажбурлар қаторида, зўрланганлар қаторида... Ҳожи ўғлининг киноясига тушунмади: — Одам ўлдириш учун сени ким зўрлаб мажбур қилди? — Ҳали билмайсизми? — Билмайман, — деди ҳожи, — айтишларига қара-ғанда сени ҳеч ким мажбур қилмаған. — Мени зўрлаған ва мажбур қилған эдилар, дада, — деди заҳарханда билан. — Йўқса, сизнинг ўғлингиз бўлған бир йигитнинг шаънига албатта одам ўлдириш уят ва номусдир. — Ким сени мажбур қилди, ахир? — Сиз, онам! — Эсинг ўзингдами, йигит? — Ўзимда, — деди ўғул, — сиз ўзингизнинг орзу-ҳавасингиз йўлида мени мажбур қилдингиз ва душманларимга йўлни катта қилиб очиб бердингиз, мен бу жониворлиқни хоҳ-нохоҳ ишлашка мажбур қолдим. — Шундоғми, — деди ҳожи ўз гуноҳи ўкулига тушкан ҳолда, — ундоғ бўлса, бизни кечир, ўғлим. — Сизни гуноҳкор қилишга ва гуноҳингизни кечишка маним ҳаққим йўқ, дада. Лекин гуноҳсиз бўлатуриб, ҳам яна муваҳаза остиға тушканим учун ўзимни мудофаа қилишга мажбурман... Ҳожи лабини тишлаб, бошини чайқади. — Хом сут эмган бандамиз, — деди, — хайр, бу айбнику бизнинг бўйнимизға қўясан, дарҳақиқат қў-йишга ҳаққинг ҳам бордир... Аммо ораларингға ёмонлар оралаған экан, шунча муддатдан бери нега мени хабардор қилмадинг? Ёки бунда ҳам бирав сени индамасликка мажбур қилдими? — Ҳеч ким мажбур қилмади, — деди, — аммо мени шу вартага ташлаған дўстларимдан... кўмак сўраш ҳам маъқул кўринмади... Ҳожи бошини қуйи солди. Ўғлининг кейинги сўзи унга жуда таъсир қилған эди... Нима қилсинки, Отабек тўғри гапни айтар эди...— Биз сени Тошканддан ўйлантирсак-да, — деди ниҳоят ҳожи, — катта хотинингдан ажратиш фикрида эмас эдик. Агар сен шу хаёл билан биздан си-рингни яшириб келган бўлсанг, катта аҳмоқлиқ қилибсан, болам. Отабек дадасининг бу кейинги сўзига қарши ҳеч нарса демади, гўё ҳамма аламини юқоридағи икки жумла билан чиқариб юборгандек жимгина сомиълик даражасига тушди. Аммо натижани тезроқ эшитиб олиш учун унинг юраги қайнаған ошдек шопирилар эди. Ҳожи давом этди: — Кишининг бошиға бир иш тушканда, дарров биравдан кенгаш ва ёрдам сўрайдир. Ҳатто ота-онасидан ҳам сир сақлаған бир йигитни ўз ўғлум бўлиб чиқғани менга қизиқ кўринадир. Қайин отанг менга бир хат ёзибдир, ўқуб-ўқуб мазмунига тушунолмай ҳайрон бўламан. Ой сайин Марғилон бориб турар эди-ку, деб ўйлайман. Хатни икки-уч қайта ўқиб чиқғандан кейин, билсам ҳақиқат шу эмиш... Мирзакаримнинг ёзғаниға қарағанда бир мунча янглишиқ ундан ҳам ўткан кўринадир ва лекин сенинг болалиғинг олдида уники ҳолвадир... Яхшики, бу ақлсизлиғинг бошқаларнинг бошига кўринган... Ўзинг айт, агар менга шу каса-лингни бир оғиз билдирсанг, мен қайин отангға хат ёзмасми эдим, Ҳасаналини юбориб ҳақиқатни очмасмидим ва бу тақдирда одам ўлдириб юришларга қандай ҳожат қолар эди? Отабекнинг бошиға бу гапларнинг бир ҳарфи бўлсин ўрнашмас ва ўзи куткан натижага бориб етиш учун-гина қийналар эди. — Шунчалик ишларни қилиб, нега охирда қайин отангға йўлиқмай келдинг? — Шунга мажбур эдим. — Марғилонға энди қачон борасан? Отабек ўйланиб қолди. Чунки бу «қачон бориш» масаласини яхшилаб ешмак керак эди ва уни ешмак ҳам қийин эди, узоқ ўйланғандан кейин: — Маълум эмас, — деди. Гарчи бекнинг юраги ҳозир бўлса ҳам Марғилонға қараб учишка тайёр эди. Бироқ унинг юрагидан ҳам кучлик бўлған яна бир нарса бу «бориш» масаласини чувалтириб «маълум эмас» бир ҳолга қўйған эди. — Қайин отанг келин болани олиб шу ҳафта ичи йўлға чиқмоқчи экан, — деди ҳожи, — тарихига қарағанда хатнинг ёзилғаниға ўн кунлаб бор, эҳтимолки, эрта-индин келиб қолсалар, тўрдаги уйни бўшатдириб, полос ёзиш керак эди... Ул бу гапни эшитар экан борлиқ, йўқлиқ — иш қилиб аллақандоғ қизиқ бир ҳолат кечирди. Иссиғ бир нарса баданига тегиб кетгандек ҳуркиниб қўйди ва «ниҳоят, эндими?” дегандек қилиб энтикди. Кўз ўнгидан бирав-нинг сурати ўтиб сархушланди ва тил билан онглатиб бўлмаслиқ бир соғиниш чидамсизлиги ичида бу ивир-живир ҳолатдан гангиб кўз очди. Кўз очди, бироқ ўзига «нима дейсан?” деб қараб турғучи отасиға мувофиқ жавоб беришни билмади. Юсуфбек ҳожи эса ўғлининг бу сустликка ўхшаб кўринган ҳолини ёмонға йўйди. Марғилон деган шаҳардаги катта ўзини кичик олиб қизи ила келаётган Мирзакарим акага ўғлининг хўрлиқ келтиришидан чўчиди. Шунга биноан Отабекни эпақаға олиш учун унга кулки туюлган бир қанча насиҳатларни чизди: — Ўғлим, — деди, — сийлағанни сийлаш керак, энди сенга қадрсизланған бўлсалар, аммо бизнинг қошимизда уларнинг қадр-қийматлари юқори, қутидор бўлса кўз очиб кўрган қудамиз, хотининг бўлса бош келинимиз. Агар сен мени отам дейдирган бўлсанг, шуларнинг кўнглини олмоққа тириш. Қайин отангдан мени қувлади, деб кўнглинг олинмасин, чунки у бечора ҳам бир шайтоннинг васвасаси билан бу хатога тушкан. Ҳар ҳолда ҳурматларини бажо келтир, Марғилон деган шаҳардан сенинг юзингни, деб келадирлар. Отасининг бу сўзлари гўё унинг истиқболи учун яхши таъминотлар берар, гўё мажбурият остида ота насиҳатини қулоққа оладирғандек бўйин эгиб ўлтурар эди. — Агар уларнинг келиш кунларини аниқ билсак, — деди ҳожи, — сен йўлдан қаршилаб кирар эдинг. Отабек жавоб бермади. — Ҳар ҳолда ўттаси кун мўлжал, сен чиқмасанг ҳам Ҳасанали чиқсин йўлға. — Майли чиқсин, — деди Отабек.
|