Кечаги кирган савдогарлардан қудаларнинг бу кун аниқ кириш хабарларини билган эдилар. Нарироқдан кузатиб кириш учун Ҳасанали йўл устига кеткан, Юсуфбек ҳожи-нинг ўзи иш бошида туриб, Ойбодоққа ташқари ҳавлини тозалатар эди. Ичкарида бўлса, Ўзбек ойим қўшни хотинлардан бир нечасини ҳашарга айтиб, ҳаммани жой-жойиға қўйдирған, ҳавли юзини ҳам ёғ тушса ялағундек ҳолга келтурган эди. Аммо ўз уйини бўшатдириб, гилам солиб қўйғаниға энди уч кунлаб бор, қудаларнинг зиё-фати учун керак бўлған ҳамма нарсаларни ҳам ҳозирлатқан, улар келиб тушди дегунча, бўғизлатиш учун, деб бир ғўнон қўйни оғилнинг устунига қантаттириб қўйған эди. Кумуш билан Зайнабка аталиб олинған хон атласларга кўнгли тўлмай «ҳар нучукда теги нозик, бу бўлса энди кўп кийди, атласнинг ёниға яна бир хитойи латта олингиз», деб марғилонлиқнинг кўйнагини бир қўша қилдирған, битта хитой жужим мурсакни кам кўриб, ёниға ўзининг қиймат баҳо заррин мурсагини ва иккита рўймолга ҳам қониқмай, ўзининг келинлигидан ўролмай қолған қалмоқи саллачасини қўшқан эди. Зайнаб ҳам унча хафа кўринмас, қайин онасининг буйруқларини эски ҳолича бажариб юрар ва ҳозирда уйга кириб олиб меҳмонлар келиб тушди дегунча, олдилариға ёзиш учун дастурхон ясатар эди. Ўзбек ойим ҳашарчи хотиндан бирига тандирга ўт қўйишни буюрди-да, ўзи Зайнабнинг олдиға келди: — Дастурхонинг битдими, болам? — деб сўради. — Битди. Ташқарининг асали камга ўхшайдир. — Кам бўлса, даррав омбордан керагича олиб чиқ, ундан кейин хамирингга ўзинг қара, Ойбодоқнинг қўли тегмас, хамир гуп бериб кетибди, — деди ва даричадан кўтарилиб дастурхонларни кузатди, — дастурхонинг тузик, варақини эсингдан чиқарма, — деди ва ўрта йўлакда кўринган Юсуфбек ҳожини ўзига имлади. — Бери келинг. Юсуфбек ҳожи бошида оқ тўпписи ва эгнида оқ олача тўни билан устидан белини боғлаған эди. Ўзбек ойим ёниға секин-секин юриб келди: — Нима гап? — Дастурхонларимизга бир қараб қўйинг-чи? Ҳожи парвосизғина қилиб қараған бўлди: — Ўзингга ёқса бўпти, — деди. — Қассоб айтканмисиз, тағин улар келгандан сўнг шошиб қолмайлиқ. — Қассоб тайёр, ҳозир бўғизлатсақ бўлмайдими? — Йўқ, — деди Ўзбек ойим, — ош эгаси билан ширин. Ҳа, айткандек, қудангизникига юборған кишингиз келдими? Асал учун шошиб борған Зайнаб тўхтаб қайин отасининг оғзиға қаради. — Бориб келди, — деди ҳожи, — Алимбек даласига кеткан экан, хотин қудалар келишмакчи бўлишибдир. Зайнаб асалга кетди. Ҳожи Ўзбек ойимнинг ёниға юриб келди ва секин сўради: — Зайнаб хафа эмасми? — Нимага хафа бўлар эди. — Ахир, сўрайман-да. — Туппа-тузик, — деди Ўзбек ойим, — ташқарин-гиздан Ойбодоқ қутилаёздими? — Қутилиб қолди. Маҳалладан ҳам уч-тўртта киши айтдим, ошни кўпроқ қилиш керак. — Хўб. Ҳожи уён-буёнға аланғлаб олғандан кейин сўради: — Ўғлинг қаёғда, кўринмайдими? — Ташқарида эди-ку. — Боя шуёққа киргандек бўлған эди. — Гузар-пузарга чиқғандир, — деди Ўзбек ойим. Ойбодоқ ташқарини йиғиштириб кирди. Ҳожи меҳ-монхонага чиқиб кетди. Ўзбек ойимнинг амрича Ойбодоқ, Зайнаб ва ҳашарчи хотинлар кулча ясашға ўлтурдилар. Кун тушдан оғқанда ҳамма саранжом олинған эди. Ўзбек ойим тўйга борадирған хотинлардек ясанган, эгнида одими хон атлас кўйнак, бошида оқ шоҳи дакана, кўзида сурма эди. Ўзбек ойимнинг: «Келинни хор тутар экан демасинлар, сен ҳам ўзингни тузат», деб айткани учун Зайнаб ҳам тамом ипакларга кўмилиб ясанған, кеча эрга теккан янги келинлар суратига кирган эди. Зайнабнинг онаси — Моҳира ойим, опаси — Хуш-рўйбиби ва янгаси Ҳанифанисолар ҳам келишдилар. Ўзбек ойимнинг кўнгил тортар қўшниларидан Карима отин, Шарофат чевар ва Маҳинабонулар ҳам ясаниб-тусаниб чиқдилар. Ўн чоғлиқ хотин бўлишиб совутмачоқ дастурхонга ўлтуришдилар. Ўзбек ойим мажлиска— марғилонлиқ қуданинг одамгарчиликни билишидан, Ота-бекни Тошканддан уйлантиришга қарши лом-мим демай, қайтаға ўзи куяви билан бирга келиб, тўйни ўтказиб кетканидан, марғилондағи обрўсидан ва давлатидан баҳс қилиб айтар эди: — Бечоранинг бори-йўғи пешонасидаги боласи шу бизнинг келинимиз. Отабекни ўз боласидан ҳам яхши кўриб, «Ўғлим бўлса шундоғ бўлар эди-да, мендан кейин ҳамма давлатим шуники, илоҳи омон бўлсин», дер экан. Моҳира ойим алланучкалангани ҳолатда жавоб берар эди: — Ҳа, айланай қуда, қарс икки қўлдан чиқадир, де-ганлар... Бузоқ яхши бўлса, икки онани ҳам эмар экан... Қуёшнинг қиздиришидан чанги чиқиб кеткан ҳавлиға сув сепиб турган Ойбодоқ ташқаридағи гулдир-гулдирни эшитди ва чопиб меҳмонлар ўлтурған уйнинг даричаси ёниға келди: «Келишканга ўхшайдирлар», деди. Ўзбек ойим гапириб турган сўзини ярим йўлда қолдириб, ўрнидан турди ва меҳмонлар ҳам унга эргашдилар. Зайнаб бўзарған ҳолатда уйига югуриб кетди. Ўзбек ойим бошлиқ хотинлар ҳавли юзасига тушдилар. Моҳира ойим қизи Хушрўйнинг қулоғиға нимадир шивирлаб кулиб қўйди. Ўзбек ойим ўрта эшикка бориб етмаган ҳам эди, нариги ёқдан қўшнининг боласи югириб кириб қолди. — Сўйинчи беринг, бек буви, кеннойим келдила! Ўзбек ойим чўнчагига қўлини солиб беш-ўн пул олиб берди. Бола орқасидан Хасанали кўринди: — Қани ойи, кўрманани беринг-чи, мен сизнинг қочқоқ келинингизни тутиб келдим! — деди ва йўлакка қараб: — Тўхтанг, тўхтанг, илгари мен сўйинчимни ундириб олай. Йўлакдан Офтоб ойим кўринди. Паранжиси бошида, чашманди қўлида эди. Ҳасанали Ўзбек ойим билан танишдирди: — Бу киши қудачангиз — Офтоб ойим бўладирлар. Ўзбек ойим Офтоб ойим билан саломлашиб қучоқ-лаша кетдилар. Ўзбек ойимдан кейин бошқа хотинлар унинг билан кўришиб чиқдилар. Ҳамманинг кўзи алонг-жалонғ келди. Кумушни ахтаришар эдилар. Кумуш ҳали ичкарига кирган эмас. Ўзбек ойимнинг икки кўзи йўлакда, Ҳасанали бир йўлакка ва бир Ўзбек ойимға қараб нима учундир кўзини қисиб қўяр эди. Хотинлар билан кўришиб четда турган Офтоб ойим қудаси ёниға келди: «Уялиб турғандир» деб кулди. Ўзбек ойим кулимсираб йўлак томонға: — Ҳой, поша келин! — деди, — бизлар кутиб қолдиқ-а, уялманг болам! Ҳасаналининг кўрманаси бўлса тайёр! Ҳасанали йўлакка қараб имлади. Қип-қизарған ҳолда Кумуш кўринди: паранжиси қўлида, қора атлас кўйнак эгнида, зангор латта мурсак устида, оқ шоҳи рўймол бошида эди. Шаҳло кўзлари кулимсирашка яқин ҳолда уятлик эдилар. Ҳасанали танитди: — Мана бу киши қайин онангиз — бек ойим бўладирлар. Кумуш салом берди ва қўлидағи паранжисини ерга ташлади, югириб келиб ўзини Ўзбек ойимнинг қучо-ғиға олди. Ўзбек ойим ҳам уни маҳкам сиқиб қучоқлаб олған, юзидан шап-шап ўпиб айланиб, ўргулар ва тикилиб-тикилиб нима учундир йиғлар эди... Кутиб турган хотинлар, Моҳира ойим, Хушрўй ва Ҳанифалар Кумушни кўрган он бир-бирларига қарашиб лабларини тишлашдилар... Қайин она-келин бир дақиқа чамаси кўришиб қолдилар. Сўнгра Кумуш бошқалар билан бир- бир кўри-шиб чиқди. Ўзбек ойим ҳар бир хотинни ким бўлганини унга танитиб борди. Энг кейин орқадан Зайнаб кўринди. Чунки ул уйдан энди чиқиб келган эди. Ўзбек ойим кулиб Кумушка қаради. — Қани, ўзинг тани-чи, ким экан бу? Кумуш ҳайрон бўлиб қолмади... Ипаклар ичига ғарқ бўлған Зайнабка қараб олиб, унга томон адим ташлади: — Зайнаб опам! — деди. Зайнаб ҳам кулимсираган ҳолда Кумушка яқинлашиб келди... Икки кундаш «есонмисиз, омонмисиз, эсон-омон юрибсизми...» сўз-лари билан озорсиз қилиб бир- бирининг елкасига ва қўлтиқ остиға қўл юборишдилар. Улар кўришиб турғанда йўлакдан Юсуфбек ҳожи кўриниб, қочадирған хотинлар ўзларини четка олдилар. Ҳожи уларнинг олдиға — юзага чиқғач,Офтоб ойим салом бериб рўймоли билан томоғ остларини ўраб олди. Ҳожи қудачаси билан сўрашиб: — Баракалла, синглим! Ҳайтовур чарчамай келдинг-ларми, мен сизларни овора қилдимов, — деб узр айтиб кулган ва уялиб борған қудачасиға енгиллик берган бўлди. — Қани, бек отаси, кўрманани беринг-чи! — деди Ўзбек ойим Кумушни имлаб. Кумуш уялиб зўрғағина салом берди ва Юсуфбек ҳожининг яқиниға келиб бўйин эгди. Ҳожи қўли билан Кумушнинг елкасига қоқиб суйди ва Кумушнинг манглайиға тегизиб олған ўз қўлини ўпди: — Бизнинг Марғилонда ҳам шундай келинимиз бор экан-ку, биз билмай юрған эканмиз-да, — деб теварагига қараб кулинди ва қўлини дуоға очди. — Бизни шунчалик сийлаб келибсизлар, бу яхшилиқларингиз биздан қайтмаса, худодан қайтсин. Оллоҳ таоло ёшларға тинч ва баракатлик умр берсин. Илоҳим, тақаббул дуо... Ҳамма дуоға юз сийпашдилар. Сўнгра Юсуфбек ҳожи Кумуш билан Зайнабка қаради: — Мен сизларнинг кўришиб турғанларингизни кўриб жуда қувондим, — деди. — Мундан сўнг ҳам шу йўсунда бир-бирларингизга эгачи-сингилдек бўлмоқ-ларингизни тилайман, — деди ва Ўзбек ойимға: — Қани, меҳмонларни ичкарига олинглар, — деб ўзи ташқариға бурилди.
|