Пояфзал бозори ва унинг бурчагидаги ҳавли... Ўқуғувчи албатта бу ҳавлининг эгаси билан таниш чиқар. Кўримсиз, чирк босиб қорайған, жуда кўб хизмат қилиб кексайган, очиб-ёпқанда анвўи — турлик доди-фарёд қиладирған, бунда саналған сифатларини бир ерга жамлаб натижа чиқарғанда «шарти кетиб, парти қолған» бир дарбозанинг остонасидан уч-тўрт қадам ичкарига кирилса Бухоро зиндонларидан бирини ҳис этилур ва қоронғу йўлакнинг ниҳоятидаги ёруғлиққа томон ошиқилур. Қоқилиб-суқилиб йўлак зиндонидан қутилинғач бир улуғ ариқ ёқасиға, ўрдадек ҳавлига чиқилур ва роҳат тин олинур. Ҳавлининг кун чиқарида кун ботишиға қаратиб солинған, унча махтарлиқ бўлмаса ҳам аммо замонасининг олдинғи биноларидан ҳисобланған бир айвон билан бир уйга кўз тушадир. Саҳн ва бинолар киши зотидан бўш, шунинг учун бу ҳавли оиланинг ташқариғи қисми — меҳмонхона эканлиги онглашилур. Саҳннинг тун ва кун ботар жиҳатлари кичкина ҳужралар билан ўралған ва бу ҳужраларнинг барча эшиклари ёпиқ ва қулфланған ҳолда бўлиб моллар билан бандлиги ва уй эгасининг давлатлик киши бўлғанлиғи билинур. Ҳавлининг жануб тарафи дўконлар орқаси, аммо катта туп гилос ёғочлари қоплаб ётадирлар. Енди биз ташқари ҳавлини қўйиб меҳмонхонанинг ёнидан ичкарига кирамиз. Ичкари ҳавлининг йўлаги ҳам наргисидек усти ва бағри ёпиқ — қоронғу, йўлакнинг ниҳоятига бориб ўнгга юрилса ахтахонага, чапка юрилса биринчи мартаба кирганимиздек улуғ бир ҳавлига чиқармиз. Ҳавлининг тўрт тарафи турлик эҳтиёж бинолари билан ва тўрдаги бинонинг икки биқини катта уйлар билан ўралған бўлиб, шу икки уйнинг орасиға ўлтурган кошинкор ва нақшин чорхари айвон бу ҳавлининг бирин-чи мартаба кўзга чалинадирған ортиқлиқларидандир. Шу чорхари айвоннинг ўрта бир ерида, устига атлас кўрпалар ёпилған танчанинг тўрида деворга суяниб, аврасига қора мовут сирилган совсар пўстин кийиб бир киши ўлту-радир. Бу киши билан иккинчи мартаба танишиб ўлтурмаймиз, чунки, бу одам ўқуғучи билан танишқан — Мирзакарим қутидор. Танчанинг икки биқинида икки хотин: булардан биттаси ичидан атлас кўйнак, устидан одми хон атлас гуппи кийган, бошиға оқ даканани хом ташлаған, ўттуз беш ёшлар чамалиқ гўзал, хуш бичим бир хотин. Юзидан мулойимлик, эрига итоат, тўғрилиқ маънолари томиб турған бу хотин қутидорнинг рафиқаси — Офтоб ойим, иккинчиси етмишлардан ўткан бир кампир. Офтоб ойимнинг онаси — Ойша биби. Ўчоқ бошида қўполғина, қирқ беш ёшлар чамалиқ яна бир хотин чой қайнатиб юрадир. Бу хотин эрса оиланинг чўриси — Тўйбека. Биз булар билан танишишни шу ерда қолдириб айвоннинг чап тарафидаги дарича орқалик уйга кирамиз, ҳам уйнинг тўрига солинған атлас кўрпа, пар ёстиқ қучоғида совуқдан эринибми ва ё бошқа бир сабаб биланми уйғоқ ётқан бир қизни кўрамиз. Унинг қора зулфи пар ёстиқнинг турлик томониға тартибсиз суратда тўзғиб, қуюқ жинггила кипрак остидағи тимқора кўзлари бир нуқтаға тикилган-да, нимадир бир нарсани кўрган каби... қоп-қора камон, ўтиб кеткан нафис, қийиғ қошлари чимирилган-да, нимадир бир нарсадан чўчиган каби... тўлған ойдек ғуборсиз оқ юзи бир оз қизиллиқға айланган-да, кимдандир уялған каби... Шу вақт кўрпани қайириб ушлаган оқ нозик қўллари билан латиф бурнининг ўнг томонида, табиъатнинг ниҳоятда уста қўли билан қўндирилған қора холини қашиди ва бошини ёстиқдан олиб ўлтурди. Сариқ рупоҳ атлас кўйнакнинг устидан унинг ўртача кўкраги бир оз кўтарилиб турмоқ-да эди. Туриб ўлтургач бошини бир силкитди-да, ижирғаниб қўйди. Силкиниш орқасида унинг юзини тўзғиған соч толалари ўраб олиб жонсўз бир суратка киргизди. Бу қиз суратида кўринган малак қутидорнинг қизи — Кумушбиби эди. Кумушбиби бир неча кундан бери совуқ ҳаво тегдириб, бош оғриғи ва кўз тинишка ўхшаш оғриғлардан шикоят қилиб юрар, шунинг учун онаси «тинч ухласин, ортиқ уринмасин» деб бу кун намозга ҳам уйғотдирмаған эди. Кумуш, кийиниб уйдан чиқди, Тўйбека томонидан ҳозирланиб берилган иссиғ сув билан юзини ювди. Уйига кириб артиниб, тузатингач айвонга чиқди. Айвондагиларга салом бериб отасининг ёниға келиб ўлтурди. Қутидор қизини кузатди: — Тузикмисан, қизим? — Йўқ, отажон, бошим ҳамон оғриб турадир. Қутидор қизининг пешонасини ушлади: — Эй-ҳа, Кумуш, ҳали иссиғинг бор, — деди. — Ўзингни тежа қизим, ўрнингни қалин қилиб бурканиб ёт, терласанг ёришарсан, қизим. Тўйбека, Кумушнинг чойини оқлаб бер-чи. Офтоб ойим эрининг сўзини кучлаб тушди: — Иссиғи бор, юзи ҳам қизариб бўртиб турибдир. Ўзининг руҳсиз товуши билан Ойша буви ҳам гапка аралашди. — Нах кечаси билмапсиз, нах мени қўрқитиб энка-тенкамни чиқарди. Иситмаси аралаш алланучка сўзларни айтиб чиқди... Кумушбиби ялт этиб бувисига қараб қўйди. — Ўша ҳарорати ғаризаники ҳаммаси, — деди қутидор. — Мен бу кун бирар ҳакимдан сўраб қарайчи... Ол қизим, шу пиёладаги чойингни ич-чи, — деди ва тағин бир қайта қизини кузатди. Чойни ичиб бўлғандан кейин қутидор фотиҳа ўқуб ўрнидан турди: — Мен сенга айтиб қўяй, Кумуш, — деди турар экан қутидор Офтоб ойимға, — бу кунга бир меҳмон айткан эдим. Чўрингни чиқариб меҳмонхонани тозалат. Анови янги қоплаған кўрпаларингни бер, танчага ўшани ёпсин. Катта гиламни ҳам чиқар, уйингда меваларинг бор эдими? — Бор. — Бор бўлса яхши. Бир оздан сўнг эт олиб киргузарман, варақи пишириб қўйингиз. Офтоб ойим варақи пиширишдан у кунги меҳмон-нинг унча-мунча киши бўлмағанлиғини билди. — Қанақа меҳмон эди? — Сен танимассан, тошкандлик бир йигит, тағи шу ерда-ги уч-тўртта оғайнилар. Тузикми, айтканларимни уқдингми? — Уқдим-уқдим. Кумушбиби отасининг сўзига илтифот қилмади. Қутидор дўконига жўнағандан кейин Офтоб ойим Тўйбекани меҳмонхонаға буюрди ва ўзи хамир қилишға ўлтурди. Кумушбиби хомуш эди. Бир нарса тўғрисида ўйлармиди ёки бош оғриғиси кучликмиди, ҳар ҳолда намозшом гул каби ёпиқ эди. Қаршисида ўлтурған бувисининг ўткан-кеткандан қилған ҳикояларига эринибгина қулоқ берар ва кўнглини очиш учун айтилган қизиқ сўзларга илжайиш билан жавобланар эди. Кумушбиби ўзининг бир соатча вақтини шу кўйи кечирди, сўнгра ўрнидан туриб кичкина латиф оёқла-риға отасининг яқиндағина олиб берган қала кавшини кийди ва ошхона юмиши билан қоришиб ётқан онаси-нинг олдиға борди. Кумушбиби энди ўн еттини қўйиб ўн саккизга қадам босқанлиқдан бўйи ҳам онасиға етаёзған, аммо жуссаси онасиға кўра тўлароқ эди. Онасининг юмишиға бир оз қараб турғанидан кейин ташқариға томон кетди. Айвоннинг бир четидан меҳмонхонада гилам тўшаб уринган Тўйбекага қаранған бўлди-да, айвоннинг ўрта устунига келиб суянди. Энди бояғиға қарағанда бир оз енгиллангансумон, жон олғучи қора кўзлари ҳаракатлана бошлаған, бўғриққан қизил юзлари очилинқираған эдилар. Айвон устунига суянғач, қора қийиғ қошларини чимириб кўча йўлак томонға қаради, бир оз қараб турди-да, айвондан ерга тушиб йўлак томонға, ариқ бўйиға кетди. Сув бир дўконнинг остидан чиқиб, бу ҳавлида уч-тўрт қулоч чамаси очиқ ҳавода оқар ва кўприк-том остиға кетар эди. Кумушбиби ариқ бўйидан бир ўринни кўзлади-да, сакраб нариги юзига ўтди ва чўнқайди. Унинг кўзлари муло-йимғина сув устига оғдилар. Ариқнинг мусаффо тиниқ суви ёвошғина оқиб келар, Кумушбибининг қаршисиға етканда гўёки, унинг таъзими учун секингина бир чарх уриб қўяр, ўз устида ўлтурган соҳиранинг сиҳрига мусаххар бўлған каби тағи бир каттароқ доирада айлангач, оҳистағина кўприк остиға оқиб кетар эди. Ариқ сувининг ниҳоятсиз бу ҳаракатини узоқ кўздан кечириб ўлтурғач, қўл узатиб сувдан олди ва юзини ювди. Унинг юзини ўпиб тушкан сув томчилари билан ариқ ҳаракатка келиб чайқалди, гўёки сув ичида бир фитна юз берган эди... Иккинчи, учинчи қайталаб юз ювишда бу фитна тағи ҳам кучайди... Нозик оёқлар толдилар шекиллик, садаф каби оқ тишларини бир-икки қайталаб чайди, ариқ бўйини ва унинг сувларини ташлаб кетди. Бояғиға қарағанда анчагина енгилланиб ичкарига кирди, ҳаракатлари ҳам бир мунча ўзгарган эди. Ойша буви ундаги бу ўзгаришдан сўйинди: — Енгил тортдингми, қизим? — Шукур... — Энди ортиқ уринма қизим, тинч ўлтур. — Эй... синглим, ҳали сен билмайсан, — деди, — у йигитни бир кўргин-да, ҳу, деб кетабергин... сен тугил, шу ёшим билан меним ҳам унга текким келди, — деди ва хаҳолаб юборди. Кумушбиби чирт этиб юзини Тўйбекадан ўгирди. — Тезроқ тегиб қолинг. — Кошки эди тегалсам, — деди Тўйбека, — мен унинг бир тукига ҳам арзимайман. Аммо сен бўлсанг унинг билан тенглашар эдинг. «Тенг-тенги билан, тезак қопи билан». Ха-ха-ха!.. Тўйбеканинг шунингдек ҳангомалари бошқа вақтларда Кумушни яхшигина кулдирса ҳам ҳозир унга ётишиб келмади шекиллик, аччиғланған кўйи ётиш учун уйига кириб кетди. Офтоб ойим «бачча-маччадир» деб ўйлаған эди. Шунинг учун бу тўғрида сўз очмади. — Ташқаридан хабар олингизчи, опа, — деди Офтоб ойим, — чой керак бўлдимикин. Тўйбека нари-бери ошини еб ташқариға чиқиб кетди. Орадан дақиқа вақт ўткан ё ўтмаган эди, ҳовлиқиб айвонга келди: — Туф-е, қуриб кетсин жоним чиқиб кетди-я! Бир соатдан бери жойнамоздан қўзғалмай тасбиҳ ағдариб ўлтурган Ойша буви Тўйбекани бошдан-оёғ кузатиб яна ишига машғул бўлди. Офтоб ойим илтифотсизгина кулимсираб танчадан сўради: — Нима бўлди, нега мунча қўрқиш? Тўйбека дамини ростлаб устуннинг тегига ўлтурди: — Поччамдан дастурхонни олиб қоқиш учун гилоснинг ёнидан ўтарманми, аллаким балога туртиниб кетдим. Қўрққанимдан оз қолдики, додлаб юборсам... Чамаси меҳмонларға қараб турған экан. — Кимбало экан? — Қоронғуда яхши ажратолмадим, тусини ғира-шира анови қора Ҳомидға ўхшатдим. Тағи уми-бошқами— худо билсин, шатир-шутир қилди-да, чиқиб кетди.
* * *
Қутидор меҳмонларни жўнатиб ётиш учун ешинар экан, Офтоб ойим сўради: — Чиройлик йигит, ақллик йигит, деб махтий-махтий Тўйбеканинг ичаги узилди, у ким эди? — Меҳмонимиз ўша эди, — деди қутидор, — тошкандлик Юсуфбек ҳожи отлиғ яқин ошнамнинг ўғли. — Тўйбеканинг махтағанича борми, ўзи? — Бор, — деди қутидор ва ғиталанди, — худо кишига ўғил берса шундайини берсин-да. Офтоб ойим кула-кула Тўйбеканинг Отабек тўғри-сида сўзлаган гапларини ва Кумуш билан бўлған можаросини сўзлаб чиқди. Қутидор ҳам кулгидан ўзини тўхтатолмас экан: — Тентагингнинг ақли бало, киройи куявинг шундоғ бўлса, — деди.
|