Тошканд устида қонлиқ булутлар PDF Босма E-mail

Бу кунларда Марғилонда шундай хабар чиқиб қолди. «Тошканд ҳокими бўлған Азизбек Қўқонға қарши бош кўтарган. Хон томонидан хирож (закот, солиқ) учун юборилған девон бекларини ўлдирган!» Иккинчи кун бу хабар тағи ҳам бошқача тўн кийди: «Мусулмонқул Нормуҳаммад қушбегига беш минг сипоҳ қўшиб, Тошканд устига жўнатқан!»
Бу хабарлар халқ томонидан жуда оддий, ортиқча совуққонлиқ билан қарши олиндилар. Бу воқиъага ҳеч ким ажабсинмади ва бунда фавқулоддалиқ кўрмади. Халқ бунга ҳақли эди, чунки, бундай тинчсизликларни энди кўра-кўра жуда ҳам ўрганиб қолған, бу кун бўлмаса эртага ўзининг ботир бошисининг, офтобачасининг, хуллас, ким бўлса ҳам бекларидан бирининг шундай тинчсизлик чиқаришиға «мумкин ва бўладирған иш» деб қарар эди. Аммо биз Отабекни бу тўғрида халқ билан биргалаштира олмаймиз. Чунки ул бу хабарга совуққонлиқ билан қарай олмас эди ва қарай олмади. Бу хабарни эшитар экан, еб тургани оғзида, юткани бўғзида қолди: бундай ўзбошимчалик орқасидан ўзининг очиқ кўзи, ўткир зеҳни орқалиқ мудҳиш, фалокатлик манзаралар кўрар, миллатини — халқини — мусулмонини қўрқунч жар, тегсиз жаҳаннам ёқасида, йиқилиш олдида топар эди-да, сесканиб «ўзинг сақла тангрим!» дер эди. Бу хабарни эшиткандан сўнг гангиб эсини йўқотди. Яраси янгиланди:
— Оқ билан қорани ажратолмаған фуқаронинг бир неча ғаразгў мустабидлар кайфи йўлида бир-бирисининг қониға ташна бўлишлари ва натижада истиқболнинг ваҳим кўринишлари!
Шундай қайғулар ичида бўкиб ўлтурар экан, Ҳасанали қўлида бир мактуб билан ҳужрага кирди. Мактубни Отабекка узатиб — «Тошканддан эмиш, отангиздан бўлса керак» деди. Отабек хатни очди: катта қоғозда, йўғон қалам билан ёзилған узун бир мактуб эди. Ўқуди (айнан):
«Ҳувалборий ...кўзимизнинг нури, белимизнинг қуввати, ҳаётимизнинг меваси ўғлимиз мулла Отабекка етиб маълум ва равшан бўлғайким, алҳамдулиллоҳ биз дуогўй падарингиз, муштипар онангиз ва яқин дўстларингиз мунда Хақ таолонинг ҳифзи ҳимоятида сиҳҳат ва саломат бўлиб кўз нуримизнинг дуойи жонини субҳи шом, балки аладдавом раббулоламиндан ражо ва таманно этмакдамиз. Жаноби Ҳақ бод фурсатларда, яқин ва саъид соатларда тўкис- тугаллик бирлан дийдор кўришмакка насиб ва рўзи қилсин, омин ёраббулоламин. Баъдаб сўзимиз: ўғлим, Марғилонға сиҳҳат ва саломат етиш мактубингни олиб ҳақ таолоға шукурлар қилдик. Бизнинг Тошканддан аҳвол сўрасанг, балки Марғилонға ҳам эшитилгандир, мунда Азизбек қандоғдир бир кучка таяниб Қўқонға исён этди. Хазина ҳисобини олиш учун келған девон бекларини ўлдириб ўрда дарбозасига осди, бунга қарши Қўқон ҳам тинч ётмаған бўлса керак. Бу кун Кировчидан беш минг сипоҳ ила Нормуҳаммад қушбегини Тошканд устига буюрилғанлиғин эшитдик. Фуқаронинг тағин қандоғ кўргуликлари бор экан, ўғлим!
Кечагина қонлиқ қиличини фуқаро устида юргузиб турған Азизбекка унинг тиғи зулми билан қора қониға беланилган ўғлининг, отасининг, онасининг, оғасининг мазлум гавдаси тупроқ остида ҳали чириб битмай туриб бу кун халқ яна Азизбекка, ўша қонхўрға ўз қони билан ямин этди; Азизбекни то ўзининг бир томчи қони қолғунчалиқ ҳимоя қилмоққа онд ичди. Азизбекнинг буйруғи билан кеча ўрда тегига барча Тошканд халқи йиғилған, бу йиғинда уламолар ҳам бор, фузало ҳам бор; хулоса, шаҳарнинг ҳар бир синфидан ҳам ҳозир эди. Азизбек ўрда қоровулхонасидан туриб фуқароға салом қилди. Азизбекнинг саломига мушарраф бўлғунчиларнинг кўз-ларидан ёшлар оқмоқда эди. Ўғлим, сен бир қадар оқ билан қорани ажрата оласан, ёзғанларимни диққат билан ўқи.
Азизбек ўрда дарбозасиға осилған икки гавдани кўрсатиб сўради:
«Фуқаро! Кўрасизми бу икки гуноҳкорни, нима учун бу жазоға мустаҳиқ бўлдилар?»
Халқ:
«Билмаймиз, тақсир».
Азизбекнинг ўзи жавоб берди:
«Булар Мусулмон чўлоқни саркардаларидан, қип-чоқларнинг йўлбошчиларидан ва қора чопоннинг душманларидан бўлган икки тўнғизнинг гавдалари! Мен буларни сиз қора чопон фуқаром томонидан ўч учун ўлдирдим, сиз қора чопон оғайниларнинг қипчоқ қўлида шаҳид бўлған қариндошларингизнинг руҳларини шодландирмоқ учун ўлдирдим! Ёки бу ҳаракатим адолатдан эмасми, фуқаро!»
Халқ жавоб берди:
«Адолат! Хўб қилғансиз, тақсир! Қипчоқларнинг жа-золари шундай бўлмоғи керак!»
Азизбек мақсадға кўчди:
«Сиз қора чопонлиқларға холисона қилған бу хизматимга қарши албатта қипчоқлар қасдимға тушарлар, мени Тошканд ҳокимлигидан азл этмакчи ва қўлларидан келса ҳатто ўлдирмакчи бўлурлар! Сиз бу эҳтимолга қандоғ қарайсизлар?!»
Халқ ўзининг қуйидағи жавоби билан кўкни кўтарди:
«Бир томчи қонимиз қолғунча йўлингизда жон берамиз! Қипчоқларда ҳад бўлғаймики, биз тирик турған жойда сизнинг бир тола мўйингизни хам қилсинлар!»
Азизбек халққа ташаккур айтиб ярасини ёрди:
«Раҳмат фуқаро! Эшитаманки, қипчоқлар Норму-ҳаммад қушбеги қўл остида Тошканд устига ҳаракат бошлаған эмишлар. Бунга қарши бизнинг ҳозирланишимиз керакми, йўқми фуқаро?!»
Халқ:
«Керак, албатта керак, тақсир! Агар рухсат берсангиз, бу кундан бошлаб қўрғонларни тузата берамиз!»
Азизбек:
«Раҳмат фуқаро! Орқамда сизнингдек фуқаром турғанда менга ҳеч бир қайғу йўқдир!»
Халқ:
«Сиз омон бўлиб осойиш ўлтирсангиз, қипчоққа йўл бермаймиз, тақсир! Қўрғон тузатишка фотиҳа берингиз, тақсир!»
Азизбек фотиҳа берди. Халқ уруш ҳозирлиғиға киришди. Ана, ўғлим, бизнинг халқнинг ҳолига йиғлашни ҳам билмайсан, кулишни ҳам! Ҳар ҳолда Тошканд устига яна қонлиқ булутлар чиқди, ишнинг охири нима билан тинчланар— бу бир худоғағина маълумдир. Бошқа сўзлардан ҳам ортиқроқ эсингга шуни солибўтайки, сиёсат тўғрила-рида ўйланиброқ сўзла!
Арзимаган сабаблар билан талаф бўлган жонларни ҳамиша кўз олдингда тут! Сен билан маним кўнгиллари-миздаги яратғучиғағина маълум бўлиб, аммо Фарғонада мени Азизбекнинг шерикидир, деб ўйлашлари ва сени бир фитначининг ўғли, деб танишлари эҳтимолдан йироқ эмасдир, шу жиҳатларни мулоҳаза қилиб оёғ бос! Бу тинчсизлик вақтида сен билан маним ҳаётимизнинг таҳлика остида бўлғанлиғини унутма! Шуни ҳам айтиб қўяйки, бу тинчликсиз босилмағунча Тошкандга келмаслигинг маслаҳатдир. Тошканд тинчлангандан кейин (агар саломат бўлсам) ўзим хабар юборурман. Мунда барча ёру дўст саломат, мендан Ҳасаналига салом айт! Аддои отанг Юсуфбек ҳожи. Тошканд, 27-далв ойида 1264-йилда ёзилди».
Отабек мактубни тугатиб, тушунмай ўткан жумлаларини қайта кўздан кечирар экан, Азизбек воқиъаси устига келганда ихтиёрсиз «тулки» деб юборди.
«...босилмағунча Тошкандка келмаслигинг масла-ҳатдир!» — бу жумлани ўқуғанда, — ундоғ бўлса сира тинчимангиз, — деди-да, ёвошғина илжайиб қўйди...