ИСЛОМНИНГ ТЎРТИНЧИ РУКНИ – РЎЗАНИНГ ШАРҲИ
Эрур тўртунчи рукн Исломнинг савм, Ки, ўтгай кимсага тақво била явм. Исломнинг тўртинчи рукни рўзадир. Бунда кишининг куни тақво билан ўтади. Рўза араб тилида «савм» дейилади. Савм – тийилиш, ўзини ушлаш дегани. Рўзанинг асосий ҳикматларидан бири тақво малакасини оширишдир. Рўза ҳижрий – қамарий йилнинг Рамазон ойида тутилади. У ҳижратнинг иккинчи йилида Бақара сурасининг 183-185-оятлари билан фарз бўлган.
«П»да «рукн» тушиб қолган.
Чу рўза фарз бўлди йилда бир ой, Анинг ижросида бўл нафсфармой. Рўза йилда бир ой фарз қилинди, уни тутишда нафсни қўлга ол. «С»да шу ерда яна бир байт қўшимча қиилнган бўлиб, у бошқа икки нусхада йўқ: «Анинг ҳам шарти бу янглиғ, яқин бил Ки, ул бўлди закот ишинда тафсил». Билгинки, рўзанинг ҳам шарти закотда айтилган шартлардир. Яъни мусулмон, болиғ ва ҳур бўлишдир.
Ани бил субҳдин то шом чоғлиғ, Таому шурбу шаҳватдин йироғлиғ. Билгинки, у субҳдан шомгача емоқ ичмоқ ва жинсий яқинликдан узоқ бўлишдир.
Эрур бу рўзада ният санга фарз, Валекин кеча авло, айладим арз. Сенга айтсам, рўзада ният фарз, лекин у тунда бўлиши афзал.
Навофилда вале ниятни қилмоқ, Санга жоиздурур туштин бурунроқ. Аммо нафл рўзада ниятни тушгача қилиб олсанг, жоиз.
Чибин ё пашшадек ҳар жинси ҳосил Эмас бўғзунгға кирса, рўза ботил. Чивин, пашша каби майда нарсалар беҳосдан томоғингга кириб кетса, рўзани бузмайди.
Тузу сирка тотарға аҳли идрок Тегурса тил учин, эрмас анга бок. Идрокли одам туз, сиркага ўхшаш нарсаларни тотиш учун тил учини теккизса, зарари йўқ. «С»да: «Тузу сиркаки тотар аҳли идрок».
Яна улким, ҳижомат қилсаву фасд, Ғам эрмас, рўзаға чун қилмамиш қасд. Қортиқ билан ёки томирнинг ўзидан қон олдирса, ташвиш қилмасин, чунки бунинг рўзага таъсири йўқ.
Гар ўтмак тифл учун чайнар аноси, Раводур гар яна йўқтур ғизоси. Она гўдакка нон чайнаб берса, бошқа берадиган озиғи бўлмаса, жоиз.
Вале билмак керактур они макруҳ, Керак макруҳдин хотирда андуҳ. Бироқ бунинг макруҳлигини билиш, кўнгилда макруҳнинг андишасини қилиш керак.
Унутиб гар есанг, ичсанг, эмас ғам, Эрур ул рўза боқий, эй мукаррам. Унутиб еб ёки ичиб қўйсанг, ҳечқиси йўқ, рўза ўз ҳолида қолаверади, эй икром топган зот.
|