Исломнинг учунчи рукниким, закотдур, баён қилмоқ PDF Босма E-mail
21.06.2024 06:13

ИСЛОМНИНГ УЧИНЧИ РУКНИ – ЗАКОТНИНГ БАЁНИ  

Закот ўлди учунчи рукн билгил,
Нечукким амр қилмиш Тенгри, қилғил.
Билгинки, Исломнинг учинчи рукни закотдир, Аллоҳ нимани буюрса, шуни қилгин.
«Закот» сўзи луғатда «униб ўсиш ва покланиш» маъноларини билдиради. Фиқҳий истилоҳда «Махсус мол мулк учун махсус кўринишда вожиб бўладиган ҳақ», дейилади. Унинг вожиб бўлишида нисоб – закотни вожиб қиладиган миқдор ва ҳавл – йил тўлиши шарт.

Киши соҳибнисоб ўлғунча маъмур
Эмаским, Ҳақ тутубтур они маъзур.
Киши моли нисобга етмагунча закот беришга буюрилмайди, Аллоҳ уни маъзур тутгандир.

«С»да шу ерда яна бир байт бор бўлиб, у қолган икки нусхамизда йўқ:
«Будур шартики, болиғ бўлғай инсон,
Яна ҳам бўлғай озоду мусулмон».
Закотнинг шарти – инсон балоғатга етган бўлиши ҳамда ҳур ва мусулмон бўлишидир.

Нисоб ўлса киши молиға зоҳир,
Айирмоқ фарз келди қирқдин бир.
Қачон кишининг моли нисобга етса, қирқдан бирини закот қилиб ажратиши фарз бўлди.

Етурмаклик ангаким, мустаҳиқдур,
Бу ишга мустаҳиқ бўлған муҳиқдур.
Закотни унга ҳақдор бўлган кишига етказиш керак. Уни олишга фақат ҳақдор киши ҳақлидир.

Бу сийм аҳкомидур қилмоқ тасаддуқ,
Яна ашёда мундоқ бил таҳаққуқ.
Бу тилла кумуш садақасининг ҳукми. Бошқа тижорат молларида ҳам шундай қилинишини ҳам билгин.

Ки ҳар турлук яна бўлса жиҳотинг,
Баҳоси узра мундоқдур закотинг.
Яна қандай турдаги нарсаларинг бўлса, уларнинг баҳосидан ҳам мана шундай – қирқдан бир закот берасан.
«С»да: «мундоқдир» сўзи хато ёзилиб қолган.

Мавошийға қўюбтурлар қавоид,
Ани ҳам яхши англа кўргузуб жид.
Чорва ҳайвонларига келсак, уламолар улар ҳақида алоҳида қоидалар битишган. Қаттиқ уриниб, уларни ўрганиб ол.
Тилланинг нисоби – 85 грамм, кумушнинг нисоби – 595 грамм. Бошқа тижорий молларнинг нисоби эса  тилла ёки кумуш нисобининг қийматига қиёсан чиқарилади. Аммо далада боқилаётган чорваларнинг закоти ўзига хос услубда адо этилади. Уларнинг тафсилоти учун фиқҳий китобларга мурожаат қилиш лозим.
«П»да: «қўюптурлар».

Яна жамъеки, дерлар исми худдом,
Муқаррардур аларға доғи аҳком.
Худдом, яъни хизматкорлар деб аталмиш гуруҳ – қул-чўрилар  хусусида ҳам шу ҳукмлар қарор қилинган, яъни улардан ҳам закот берилади.

Вале эрмас кияр тўну минар от,
Яна ҳам ногузир ўлғон мис, олот.
Лекин кийиб юрилган кийим кечаклар, зарурий эҳтиёж ҳисобланган мис идишу асбоб анжомлар,

Давоту хома ё авроқу ажзо,
Бу дастур ўлса, бил, ҳар навъ ашё
яна сиёҳу қалам, қоғозу китоб ва шу тур нарсалар,

Ки, онсиз бўлмағай матлуб ҳосил,
Закот ичра эмас ул шайъ дохил.
яъни уларсиз иш амалга ошмайдиган нарсалар ҳам закот нисобига киритилмайди.

Вале дохилни ҳаққуллоҳ билгил,
Анинг имсокидин эъроз қилғил.
Лекин нисобга кирадиган нарсанинг закотини Аллоҳнинг ҳаққи деб бил. Уни ушлаб қолишдан ҳазир бўл.

Адосида балонинг радди англа,
Яна қилмоқ сабукбор ўзни тонгла.
Шуни билки, закотни адо қилиш радди балодир, эрта қиёмат куни юкинг енгил бўлишига сабабдир.
«С»да: «ўзни англа».