Намознинг суннатлари ва ўн қавлийси адоси PDF Босма E-mail
21.06.2024 06:09

НАМОЗНИНГ СУННАТЛАРИ, УЛАР ИЧИДАГИ ЎНТА ҚАВЛИЙ СУННАТ ҲАҚИДА

«С»да: «адосида».

Намоз ичра йигирме келди суннат,
Кишиким қилса, қўйдик жонға миннат.
Намозда йигирмата суннат келган. Кимки уларни адо қилса, жонимиз унга фидо!

Йигирмедин ўнини англа қавлий,
Яна ўнини феълий билмак авлий.
Йигирмата суннатдан ўнтасини «қавлий», яна ўнтасини «феълий» билмоқ керак.
«Қавлий» – нутққа тегишли, яъни зикрлар. «Феълий» – амалга тегишли, яъни ҳолат ҳаракатлар.

Бурун ул ўнки қавлийдур, ани бил,
Яна феълийси сори майл қилғил.
Биринчи ўнтаси қавлийдир, уларни яхши ўрган, кейин ўнта феълийсига ҳам кириш.

Ул ўндин бирни истифтоҳ билгил,
«Аъуз» иш бандиға мифтоҳ билгил.
Ўша ўн қавлий суннатдан биринчиси истифтоҳ, яъни санони ўқишдир. «Аъузу»ни ишнинг калити деб бил.
«Сано»: «Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ватабарокасмука ва таъала жаддука ва ла илаҳа ғойрука». Маъноси: «Аллоҳим! Ўзингни поклаб ёд этаман, Сенга ҳамд айтаман. Сенинг улуғлигинг юксак бўлди. Сендан ўзга илоҳ йўқ».
«Аъузу»: «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожим». Маъноси: «Қувилган шайтондан Аллоҳнинг паноҳига қочаман».
«С»да: радиф «билгил» эмас, «англа» дейилган.

Яна бил «тасмия», ондин сўнг «омин»,
Қил ондин сўнг «самиъаллоҳу» таъйин.
Яна бири тасмия, кейингиси «омин»ни айтиш, кейингиси «самиъаллоҳу»дир.
«Омин» – Фотиҳа сурасидан кейин «Омин», дейиш. «Омин» лафзи «Ўзинг  ижобат  қилгин» деган маънони билдиради. Фотиҳа сураси энг муҳим, улуғ дуолар мазмунини ўз ичига олгани учун унинг кетидан шу сўзни айтиш суннат қилинган.
«Самиъаллоҳу» –  рукуъдан туришда «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», дейиш. Бу иборанинг маъноси: «Аллоҳ ҳамд айтган кишига ижобат қилади».

«С»да: «Қил ондин сўнгра…».

Учу тўртунчида йўқ Фотиҳа фарз,
Эрур суннат, бу янглиғ қилдилар арз.
Фарз намозининг учинчи ва тўртинчи ракатларида Фотиҳа сурасини ўқиш фарз эмас, балки суннатдир. Ҳанафий уламолар шундай баён қилганлар.

Рукуъу саждада ҳам икки такбир,
Ики тасбеҳға ҳам берма тағйир.
Рукуъ ва саждага бориш қайтишдаги икки такбир ҳам суннатдандир. Улардаги икки тасбеҳни ҳам ўзгартирма.
Рукуъ ва саждага боришда ҳам, келишда ҳам «Аллоҳу акбар», дейиш суннат. Таҳрима – намозга киришдаги такбирдан бошқа такбирларнинг  ҳаммаси ҳам суннат.
Икки тасбеҳ: рукуъда уч марта «Субҳана Роббиял ъазим» (маъноси: «Буюк Роббимни поклаб ёд этаман»), саждада уч марта «Субҳана Роббиял аъла» (маъноси: «Энг олий Зот – Роббимни поклаб ёд этаман») дейишдир.