Намозда олти дохил фарзининг баёни PDF Босма E-mail
21.06.2024 06:05

НАМОЗДАГИ ОЛТИТА ИЧКИ ФАРЗНИНГ БАЁНИ

«П»да «намозда» сўзидаги «да» қўшимчаси тушиб қолган.

Чу хориж олтини қилдим аёнинг,
Қилай дохилни ҳам хотир нишонинг.
Намознинг олтита ташқи фарзларини баён қилгач, энди ичидагиларини ҳам хотирингга солай.
«С»да: «олтидин».

Эрур аввалғиси аввалғи такбир,
Қиём ўлди намозингда яна бир.
Биринчиси – аввалги такбирдир. Яна бири эса намозда тик туришингдир.
«Такбир» – «Аллоҳу акбар», дейиш.  «Аввалги такбир» – намозга киришдаги, қулоқ қоқишдаги такбир бўлиб, у «таҳрима такбири» ҳам дейилади. Бу такбирнинг «таҳрима» («ҳаром қилиш») деб аталишига сабаб, у намозга дахли бўлмаган ишларни намозхонга ҳаром қилади, яъни тақиқлайди.

Яна бирни яқин билгил қироат,
Яна бирдур рукуъ айларда тоат.
Аниқ билгинки, яна бири қироатдир. Кейингиси эса тоат этишда рукуъ қилишдир.

Сужуд ўлди бири, эй хилқатинг пок,
Яна бир қаъдаи охир қил идрок.
Эй хилқати пок инсон! Яна бири сажда қилишдир, яна бирини қаъдаи охир деб билгин.
«Қаъдаи охир» – «охирги ўтириш» дегани бўлиб, намоз якунида, намоздан чиқишдан олдинги ўтиришга айтилади.

Киши бу ерга истар бўлса маъни,
Ташаҳҳудғача қилмоқ макс яъни.
Киши бунда маъно-мақсад ҳосил бўлишини истаса, ташаҳҳудгача ўтириши керак.
Яъни намозхон охирги қаъда дуруст бўлиши учун ташаҳҳудни ўқигунча ўтириши керак. «Ташаҳҳуд» – намозда ўтирганда ўқиладиган зикр-дуо.
«П»да: «истар бўлса яъни».