НАМОЗНИНГ ФАРЗЛАРИДАН НАМОЗНИНГ ТАШҚАРИСИДАГИ ОЛТИ ФАРЗНИНГ ШАРҲИ
«П»да: «фарайизида олти».
Намоз ичра фаройиз, эй хирадманд, Ўн икки нима айлабдур Худованд. Эй ақлли инсон! Худойи таоло намозда ўн иккита нарсани фарз қилгандир. Намозингға алардин олти дохил, Яна олтиси хориж келди ҳосил. Улардан олтитаси намозингнинг ичида, яна олтитаси эса ташқарисидадир.
Бу олтидин бири – қилсанг ибодат, Ҳадас бирла нажасдин бил таҳорат. Ушбу олтитадан бири – бу агар ибодат қиладиган бўлсанг, бетаҳоратлик ва нажосатдан пок бўлишингдир. Яъни, булар намознинг ташқарисидаги фарзларнинг биринчиларидир. Бетаҳоратлик деганда жанобат, ҳайз ва нифос сабабли юзага келган катта бетаҳоратлик ҳам, кичик таҳоратсизлик ҳам тушунилади. «Нажосатдан пок бўлиш» деганда, бадан ва кийим-бош поклиги назарда тутилган. «С»да: «хабасдин бил таҳорат».
Яна бир пок бўлмоқдур макон ҳам, Яна авратни қилмоқдур ниҳон ҳам. Яна бири – жойнинг пок бўлиши ҳамда авратнинг пинҳон бўлишидир. «Аврат» деб кишининг бошқаларга кўрсатишга уяладиган аъзо ва ҳолатларига айтилади. Шариатда эркак кишининг киндикдан тиззагача бўлган жойи, аёл кишининг юз ва икки кафтидан бошқа барча жойи аврат саналади. Намоз ўқишда авратлар тўсилган бўлиши шарт. Авратни тўсиб турган мато нарёғи кўринмайдиган даражада қалин ва аъзони васф қилиб қўймайдиган даражада кенг бўлиши керак. Акс ҳолда аврат тўсилган ҳисобланмайди. Энг камида аврат саналган жойлар тўсилиши шарт. Аммо намозда имкон қадар яхши кийинишга ҳаракат қилиш суннатдир. Хусусан, эркаклар кўйлак-шалвор кийишлари, аёллар ҳам эркаклар ҳам энг яхши, қулай кийимларини кийишлари матлубдир. «С»да: «Алар ичра эрур дохил макон ҳам». Яна бир – вақт билмак кеча-кундуз, Яна бир – қибла сори айламак юз. Яна бири – намознинг кеча-кундузнинг қайси вақтида эканини билиш, шунга риоя қилиш, яна бири – қиблага юзланиш. Яъни ҳар бир намозни ўз вақтида ўқиш ҳам фарз. Вақти кирмай ўқилган намоз ҳисобга ўтмайди. Вақтидан ўтказиб ўқиш эса энг катта гуноҳлардан саналади.
Яна бир – ният этмак бўлди, билгил, Намоз, албатта, ният бирла қилғил. Яна бирини ният қилиш деб бил. Намозни албатта ният билан ўқи.
|