Вузуъ мустаҳаблари PDF Босма E-mail
21.06.2024 05:56

ТАҲОРАТНИНГ МУСТАҲАБЛАРИ

«Мустаҳаб» сўзи «яхши саналган», «маҳбуб кўрилган» дегани бўлиб, фиқҳий истилоҳда динда тарғиб қилинган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо қилмай, аҳёнда қилган амалларга айтилади. Мустаҳаблар амалнинг баркамол, савоби кўпроқ бўлишини ва суннатларнинг бардавомлигини таъминлайди.

Таҳорат ичра олти мустаҳабдур,
Эшитинг, ҳар киши аҳли талабдур.
Таҳоратда олтита мустаҳаб амал бор, ким яхшилик, илм талабида бўлса, уларни эшитсин.

Бурун ният, яна билгил муволот,
Бори бош масҳию тартиби одот.
Билгилки, уларнинг бири ният, яна бири муволотдир. Яна бири бошнинг ҳаммасига масҳ тортиш ва тартибни одат қилиш.
Бу тўрт амал юқорида таҳоратнинг суннатлари қаторида зикр қилинган ва мана шу тўғри. Уларни бу ерда мустаҳаблар қаторида ҳам саналишининг сабабини била олмадик.

Бўюн масҳини доғи мустаҳаб бил,
Агар қилсанг, саодатқа сабаб бил.
Бўйинга масҳ тортишни ҳам мустаҳаб сана. Агар буни қиладиган бўлсанг, буни бахт-саодатга сабаб деб бил.

Таёмундур бири, яъники бунёд
Ю(в)моққа ўнг тарафдин қилмоқ ийрод.
Яна бири «таяммун», яъни ювишда аввал ўнг тарафдан бошлаш.
Демак, ўнг қўлни чап қўлдан, ўнг оёқни чап оёқдан олдин ювиш ҳам мустаҳаб экан. Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий ҳам ўзининг «Мухтасари Виқоя» номи билан шуҳрат қозонган «Ан-Нуқоя» номли китобида таяммунни мустаҳаблардан санаган. Аммо ҳанафий мазҳабининг бошқа кўпгина уламолари буни суннат дейдилар.