ТАҲОРАТ ФАРЗЛАРИНИНГ БАЁНИ
Муаллиф намоз ҳақида сўз юритар экан, аввал намознинг шартлари хусусида тўхталади. Намознинг биринчи шарти – покликдир. Бу бадан, кийим ва жой поклигини ўз ичига олади. Муаллиф бу ерда бадан поклиги ҳақида сўз юритмоқчи. Бу поклик тилимизда «таҳорат» деб юритилади. Таҳорат икки тур бўлади: катта таҳорат, буни одатда «ғусл» дейилади; кичик таҳорат, буниси араб тилида «вузуъ» дейилади. Кўпроқ кичик таҳоратга эҳтиёж тушгани учун бу ерда шундан гап бошланяпти. «Фарз» – шариат жазм ила, шубҳасиз ва қатъий далил билан талаб қилган амал. Фарз амални қилмаган одам осий бўлиб, иқобга қолади. Уни инкор қилиш куфрдир. Таҳоратнинг бирор фарзини беузр бажармаган кишининг таҳорати инобатга ўтмайди. Эрур шарти анинг аввал таҳорат, Таҳоратда сурай аввал иборат. Намознинг биринчи шарти таҳоратдир. Мен ҳам аввал шу таҳорат ҳақида сўз юритай.
Таҳорат ичра билким, тўрт эрур фарз, Гар этсанг истимоъ, айлай ани арз. Билки, таҳоратда тўртта фарз бор, агар қулоқ тутсанг, мен уларни сенга бирма-бир келтираман: «С»да «билгилким» бўлган, бу хато, чунки бунда бир бўғин кўпайиб кетади.
Ю(в)моғлиғ юзни, манглай то зақандур Қулоқдин то қулоқ важҳи ҳасандур. Юзни ювиш. Пешонадан тортиб, то жағгача, у қулоқдан бу қулоққача – мана шу гўзал юздир.
Маҳосин бўлса ончаким, ёпар юз, Ани ғасл айламак, эй ниятинг туз. Юзни ёпадиган даражада маҳосин – соқол бўлса, уни ҳам ювиш фарз, эй тўғри ниятли банда. «Маҳосин» деб аслида кишининг гўзалликларига айтилади. Соқол одатда эркак кишининг зийнати бўлгани эътиборидан аввалда шундай деб номланган. Соқол юзни тўлиқ ёпиб турган бўлса, уни ҳам юзга қўшиб ювиш фарз бўлади.
Ики қўлни ики тирсак била ю(в), Вузуъ айларда, билким, фарз эрур бу. Икки қўлингни икки тирсаги билан қўшиб юв. Билгилки, таҳорат қилганда буни қилиш фарздир.
Яна бош масҳини ҳам фарз билгил, Ва лекин тўрт улуштин бирни қилғил. Яна бошга масҳ тортишни ҳам фарз деб бил. Бироқ бунинг учун бошнинг тўртдан бирига масҳ қил. «Масҳ» – қўл билан силаш, сийпалаш дегани бўлиб, таҳорат бобида қўлни ҳўллаб ёки намлаб туриб, бирор аъзо устидан юрғизиш «масҳ» дейилади. Муаллиф «Бироқ бунинг учун тўртдан бирини қил», деганда «Таҳоратнинг фарзинигина қилмоқчи бўлсанг, шундай қил», демоқчи. Бундан бошнинг ҳаммасига масҳ тортиш суннат экани келиб чиқади. Бу ҳақда ўз ўрнида сўз юритилади.
Ю(в)моғ икки оёғни фарз эрур ҳам, Ики ошуғни ҳам қилмоқ анга зам, Икки оёқни ювиш ҳам, бунда икки ошиқ – тўпиқни қўшиш ҳам фарз.
|