Бобо Хокий ва Хусайн Бойқаро Замон подшоҳи душман билан уришганда шикаст топиб, Маймана ва Форёб томонга чекинишга мажбур бўлибди. Қайтиб, яна тахт талашиб душман устига келганда Гиту тоғининг шимолида жойлашган Бобо Хокийнинг такясига тушибди. Бобо ҳимматлар тутиб, насиҳатлар қилиб, бир юз ўн ёшда бўлганига қарамасдан отланиб, подшоҳ билан Гиту тоғига чиқиб, душман эгаллаган Ҳиротга боқиб, сурон солиб, мулкни ҳавола қилди. Бу ишорат билан подшоҳ юриш қилиб, ўша кеча шаҳарни душмандан тозалади. Бу вақтда камина (яъни, Навоий - О.Д.) Бобо Хокийнинг валийлигига далил бўлувчи ажиб бир туш кўрдим.
|