Шайх Абдуллоҳ Ғаржистоний |
|
|
|
Ўгай отадан қочиб, шайхлик мақомига эришган бола Болалигида отасидан етим қолиб, онаси бошқа кишига эрга тегибди. Бир куни бир иш қилиб қўйиб, ўгай отаси жазолашидан қўрқиб, қишлокдан қочибди. Қишлоқнинг чеккасида катта бир дарахт бор эмиш. Дарахтнинг тепа-сига чиқиб яширинибди. Иттифоқан, бир гуруҳ дарвешлар келиб, бу дарахт тагидаги булоқ олдида дам олишга тушибдилар. Боланинг аксини булоқ сувида кўриб, дарахтдан тушириб олибдилар. Болани ўзлари билан бирга олиб, сафарга чиқибдилар. Йўллари Симнон вилоятига тушибди. Ҳазрат Шайх Рукниддин Алоуддавла зиёратларига борибдилар. Шайхнинг муборак назари кичик Абдуллоҳга тушиб, фаросат нури билан унинг камоли қобилиятини маълум қилади. Дарвешлар йўлга отланганида киши юбориб, уни олиб қоладилар. Дарвешлар изтироб қилиб, вақт султонига шикоят қиладилар. Аммо Шайх Рукниддиннинг нияти холислигини билган ва унга ихлоси баланд бўлган подшоҳ можарони Шайхнинг фойдасига ҳал қилади. Шайх бошқа бирор муридига кўрсатмаган илтифот ва саъй-ҳаракат билан унинг тарбиятига машғул бўлди. Камолот мартабасини ҳосил қилганидан сўнг уни Тус вилоятига халққа иршод ва раҳнамолик қилишга юборди. Тусда Шайх Абдуллоҳ толиблар иршодига машғул бўлди. Давр ҳукмдори ундан душманлар билан бўлган урушда ҳамроҳлик қилишга илтимос қилади. Илтимосни қабул қилиб боради ва урушда шаҳид бўлади. Қабри Тус шаҳридадир.
|