Шайх Абулмакорим Рукнуддин Алоуддавла Симноний |
|
|
|
Қабр бошига бормоқнинг фойдалари Бир куни бир дарвеш ундан сўради: - Кўмилган жасадда идрок йўкдир ва руҳ уни тарк этибдир, руҳлар оламида ҳижоб (парда, тўсиқ) йўкдир, қабр бошига бормоққа не ҳожат? Қайси жойдаки бир улуғ зотнинг руҳига таважжуҳ воқеъ бўлса, худди ўша улуғ зотнинг қабри бошига боргандек бўлмайдими?! Шайх деди: - Қабр бошига бормоқнинг кўп фойдаси бор. Бири буким, бировким, бир азиз банданинг қабри бошига борар, ул томонга қадам қўйган сари таважжуҳ кўпроқ бўлур. Қабр бошига борганида ҳисси ҳам ул тупроқни мушоҳада қилур. Ҳисси ҳам таважжуҳга машғул бўлиб, бутун вужуди билан таважжуҳга берилиб, кўпроқ баҳраманд бўлур. Яна бири буким, ҳақиқатда рухда ҳижоб йўқдир ва барча олам унга бирдур, аммо тириклик айёмида у билан бир вужуд бўлган бадан қиёмат куни у билан яна бирлашар ва абадул-абад у билан бирга бўлур. Шу сабабдан, руҳнинг назари ва алоқадорлиги бадан кўмилган жойга кўпроқ бўлур... Зиёратнинг фойдалари кўпдир. Масалан, биров шу ердан Ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.) руҳониятларига таважжуҳ қилса, файз топар. Аммо агар Мадинага борса, ул Ҳазрат (с.а.в.) нинг пок руҳи унинг нияти ва йўл азобини тортганидан огохдир, шунингдек, Мадинага етганидан сўнг ўз кўзи билан ул Ҳазратнинг муборак қабрларини кўриб, зоҳир ва ботин билан ул зотнинг руҳониятига таважжуҳ қилса, бунинг фойдасига унинг фойдаси билан не нисбатдур? Мушоҳада аҳлига бу маъно айни ҳақиқатдир.
|