Уч марта такрор кўрилган туш У ҳам Ҳазрат Шайх Нажмиддин Кубронинг халифаларидандир. Донишманд ва фозил киши бўлган. Шайх Нажмиддин Куброга мурид тушмоқ ниятида Хоразмга сафар қилишдан олдин кутубхонасига кириб, диний ва дунёвий билимларга оид бир нечта китобни тўплам қилиб, ўзи билан олди. Хоразмга яқинлашгач, Ҳазрат Шайх тушига кириб, айтди: — Эй Гилий ўғлон, юкингни ташлаб кел! Уйғониб, узоқ андиша қилдики, мен дунё молидан ўзим билан ҳеч нарса олмадим, қайси юкни ташлайин?! Уч марта шу тушни такрор кўрди. Учинчи кеча ҳайратланиб, Шайхдан сўради: - Ё Шайх, юк недур? Ул ҳазрат дедилар: - Кўтариб юрганинг ўша мажмуа. Уйғонгач, китоблар тўпламини Жайҳунга ташлади. Ҳазрат Шайх дийдорига мушарраф бўлганида, ул Ҳазрат дедилар: - Агар ул юкни ташламасанг эди, ҳеч фойда қилмасди. Сўнг унга хирқа кийдириб, чилла ўтиришга буюрдилар. Чилла тугагач, унга улуғ ботиний мартабалар ҳосил бўлди. Шайх Кубро унга Айнуззамон (Замоннинг кўзи, моҳияти) лақаби бердилар. «Асал ва розиёна» Шайх Айнуззамон Қазвинда яшарди. Қазвиндаги саййидлардан бири Шерозга сафар қилмоқчи бўлди. Шайх ҳузурига келиб, Шероз подшоҳига бир мактуб ёзиб беришни илтимос қилди. Негаки, Шерознинг подшоҳи Айнуззамонга ихлоси баланд эди. Шайх қоғоз, давот, қалам тилади ва ёзди: «Асал ва розиёна». Мактубни чирмаб, подшоҳнинг қўлига беришни тайинлади. Ул саййид Шерозга етиб, сарой эшигига борди. Подшоҳнинг ичи оғриб, ҳаммомга борган экан. Мусофир ҳаммом бошига борди ва бир йўлини қилиб, Шайхнинг мактубини подшоҳнинг қўлига етказтирди. Подшоҳ мактубни ўқиб, деди: «Шайх каромат нури билан бизнинг касаллигимиздан огоҳ бўлиб, даво битибди». Дарҳол асал ва розиёна талаб қилиб, еди. Оғриқ ўша заҳоти дафъ бўлди. Подшоҳ мактуб келтирган кишига кўп марҳаматлар қилди.
|