Дори беморга берилади! Нажмиддин Куброга мурид тушганида Шайх уни ҳожатхоналарни тозалашга буюрди. Маждиддиннинг онаси табиб эди (Шайх ҳам ҳозиқ табиблардан эди), буни эшитиб, Шайхга одам юбориб, айттирдики, фарзандимиз Маждиддинга оғир иш буюрибсиз. У мизожи нозик кишидир. Агар ўша ишни қилиш шарт бўлса, мен ўнта турк қул юборайин, улар сиз айтган ишни бажарадилар. Сиз эса, унга бошқа иш буюринг. Шайх деди: Маждиддиннинг онасига бориб менинг номимдан айтинг: «Мен сени тиб илмидан хабари бор, деб эшитгандим. Бу сўзингдан ажабландим. Агар мабодо сенинг ўғлингнинг иситмаси кўтарилса-ю, мен дорини қулларга берсам, ўғлинг соғаядими?!» Маждиддиннинг онаси бу далилга жавоб топмади. Шайх қарғиши ва мурид тавбаси Дерларки, Шайх Маждиддин бир куни дарвешлар билан ўтирганди. Унда сукр (ишқ майидан маст бўлиб, ўзини унутиш ҳолати) ғалаба қилди. Деди: - Биз дарё қирғоғидаги ўрдак тухуми эдик. Шайх бизни қаноти остида тарбият қилган қуш эди. Биз у тухумдан чикдик. Ўрдак боласи бўлганимиз учун дарёга кирдик. Шайх эса, қирғокда қолди. Ҳазрат Шайх каромат нури билан бу сўздан хабар топдилар ва муборак тилларига келдики: - Дарёда ўлгай. Шайх Маждиддин бу сўзни эшитиб қўркди ва Шайх Саъдиддин Ҳамавий қошига келиб, Ҳазрат Шайхнинг вақтларини хуш топган пай-тингизда менга албатта хабар беринг, деб кўп тазарру қилди. Бир куни Ҳазрат Шайх самоъда ҳоли хуш бўлган пайтда Шайх Саъдиддин Шайх Маждиддинга хабар қилди. У оёқяланг келиб, бошида бир тоғорада олов кўтариб, кафшгохда турди. Шайх Ҳазратларининг му-борак назарлари унга тушгач, дедилар: - Дарвешлар одати бўйича айтган паришон сўзларингнинг узрини сўраганинг учун имон ва дининг саломат қолди. Аммо бошинг боргай ва дарёда ўлгайсен. Биз ҳам ҳалок бўлгаймиз, сардорлар боши ва Хоразмшоҳнинг боши ҳам сенинг бошингга боргай ва олам хароб бўлгай. Кўп ўтмай, Ҳазрат Шайхнинг айтганлари воқеликка айланди. Шайх Маждиддин Хоразмда ваъз айтарди. Хоразм маликаси унинг ваъзига борарди. Малика жуда гўзал аёл эди. Душманлар пайт пойлаб, Хоразмшоҳ мастлиги пайтида унга айтдиларки, онанг Имом Абу Ҳанифа мазҳаби билан Шайх Маждиддиннинг никоҳига кирибди. Султон бу хабардан қаттиқ ғазабланиб, Шайх Маждиддинни Жайҳун дарёсига чўктиришга амр қилди. Шайх Кубронинг ўзи, Хоразм аҳли, Хоразмшоҳ ва олам ҳақидаги бошқа айтганлари ҳам тўғри бўлиб чиқди.
|