Қасри Ҳиндувон ва Қасри Орифон Ул зот Қасри Ҳиндувондан ўтарда дер эмишларки, бу тупрокдан бир эран иси келадур. Бир кун Қасри Ҳиндувон Қасри Орифон бўлгай. Анча вақт ўтгач, халифалари Амир Саййид Кулол уйларидан қайтаётганда йўллари Қасри Ҳиндувонга тушди. Дедилар: - Бизнинг димоғимизга етган ул эран иси ортиқроқ бўлибди. Ул эр таваллуд топибди. Қасри Ҳиндувонда тушибдилар. Ҳазрат Хожа Баҳоуддин туғилганларига энди уч кун бўлганди. Боболари чақалоқ Баҳоуддиннинг кўксига назр қўйиб, ихлос ва ниёз билан Хожа Муҳаммад Бобо назарига келтирибдилар. Хожа Муҳаммад Бобо дедилар: - Бу бизнинг фарзандимиздир. Биз уни қабул қилдик. Муридлари сари боқиб айтдилар: - Бу бола ўша бизнинг димоғимизга иси келган эраннинг ўзидир. Ўз замонининг пешвоси бўлгай, иншооллоҳ. Сўнг Амир Саййид Кулолга буюрдилар: - Фарзандим Баҳоуддинга тарбият ва шафқатингни дариғ тутмагайсен. Агар бу ишда сусткашлик қилсанг, кечирмасман. Амир Саййид Кулол дедилар: - Агар Хожа васиятида сусткашлик қилсам, эр бўлмагаймен. Хотирни яхши асрамоқ керак! Хожа Баҳоуддин дебдурларки, вақт-соати етиб, такдир тақозоси билан уйландим. Бобом менга буюрдилар: - Бориб, Хожа Муҳаммад Бобога ташриф ҳузурини илтимос қилки, ул кишининг қадами баракоти бу манзилга етгай. Ул кишининг дийдорига етишганимда ажаб кароматлар ул зотдан мушоҳада бўлди. Шунинг таъсирида менда ниёз ва тазарру ортиб кетиб, ўрнимдан туриб масжидга кирдим. Икки ракат намоз ўқиб, сўнг бошимни саждага қўйиб, ниёз билан ихлос кўргуздим. Уша орада тилимга бу нидо келди: - Илоҳи, балоларинг юкини тортмоққа қувват ва муҳаббатинг меҳнатини тортмоққа сабр-тоқат бер! Эртаси куни эрталаб Хожа хизматига етдим. Хожа буюрдилар: - Эй фарзанд, дуони бундоқ қилмоқ керак: Илоҳи, Сенинг ризолигинг нимаики бўлса, бу заиф бандангни ўз фазл ва караминг билан анда тут! Агар Худованди таоло ҳар дўстига бир бало юборса, Ўз инояти билан бу балони тортмоққа қувват ҳам беради ва ҳикматини ҳам унга зоҳир этади. Ихтиёр билан бало талаб қилмоқ душвордир. Ибосизлик қилмамоқ керак. Ундан сўнг таом ҳозир бўлди. Еб бўлгач, Хожа менга бир дона нон берди. Хаёлимга келдики, ҳозир тўйиб овқатландик, борадиган жойимизда ҳам муқаррар таом бўлар, бу нон нимага керак?! Хожа йўлга отландилар. Мен ул зотнинг жиловида яёв борардим. Бор вужудим билан таважжуҳга берилиб, ниёзи тамом билан қадам урардим. Агар кўнглимда бирор ўзгариш пайдо бўлса, Хожа «хотирни яхши асрамоқ керак», деб буюрардилар. Йўлда бир муҳибларининг уйига етдик. Уй эгаси хурсандчилик билан бизни истиқбол қилди. Ул зот отдан тушгач, дарвешда изтироб асари зоҳир бўлди. Хожа дедилар: - Тўғрисини айт, нимадан изтироб чекаяпсан? Дарвеш деди: - Уйда сут ҳозирдир, аммо нонимиз йўқ. Хожа менга боқиб дедилар: - Ўша нонни келтирки, оқибат бизнинг ишимизга яради. Менда бу ҳол мушоҳадасидан эътиқодим янада кучайди.
|