Кўнгли куюк кишининг гиряси Зоҳир ва ботин илмларининг алломаси ва ўз замонининг етук фақиҳи эди. Тавбасининг сабаби бу эмишки, бир куни биров фатво сўраб келди: биров йигитлик чоғида ғазаб-ланиб, эшагини бир неча марта халачўп билан урибди. Эшак тилга кириб дебди: «Эй хўжайин, сенинг мазлумга қилган бу зулминг ҳам ўтгай, аммо эртага, қиёмат куни бу зулминг учун қандай жавоб берасан?» Йигирма йилдан бери ул киши йиғлаб, ҳозир унинг кўз ёши қонга айланибди. Бундай кишининг таҳорат ва намози ҳукми нечук бўлгай? Ислом имомлари бу борада қандай фатво берадилар? Абу Наср бу саволни ўқиб, сўз ҳайбатидан беҳуш бўлди. Ўзига келгач, ул кишининг суҳбатига ошикди. Етиб борса, ул киши ғам-ғуссадан ўлиб қолганди. Яхшилаб разм солди: нуроний бир қари киши ўлиб ётганди. Қон кўзидан оқиб, юзида қотганди, аммо ўзи кулиб тургандек эди. Абу Наср бу табассумдан кўнглида бир иштибоҳ уйғонди. Ул кишини кафан қилиб, кўмиб, ўзи йиғлаб борарди. Йўлда бир қари киши унга йўлиқиб, деди: - Эй йигит, нега йиғлаяпсан? Китобуллоҳдан сенга янги бир оят етибдимики, Қуръоннинг ҳукмига амал қилмаяпсан? Бу йиғламоғинг этаги куйганлар йиғисига ўхшар, кўнгли куюк кишиларнинг гирясига асло ўхшамас. Мўйсафид бу сўзни айтиб ўтгач, Абу Насрга дард устига дард ва ўт устига ўт тушди. Барчасидан кўнглини узиб, сайру саёҳатга чикди. Дерларки, уч юз пир суҳбатига етиб, барчасига хизмат қилди. Хизр (а.с.) суҳбатига мушарраф бўлди. Ва умри бир юз йигирма тўртга етди. Қабри Хончабодда, табаррук бир зиёратгоҳга айлангандир.
|