Шайх Абусаид Абулхайр PDF Босма E-mail

Хирқага ямалган солик
Шайх Абусаид дебдурки, бир куни Сарахс шаҳрининг кириш дарвозаси томондан келаётган эдим. Шайх Луқмон бир култепа устида пўстинини ямаб ўтирган экан. Култепа устига чиқиб, унинг ишига қараб турдим. Соям Луқмоннинг пўстини устига тушиб турганди. Шайх Луқмон ишини битиргач, менга боқиб деди:
- Эй Абусаид, сени бир парча тери билан бу пўстинга тикдик.
Сўнг туриб, менинг қўлимдан тутиб, Пир Абулфазл Ҳасан хонақоҳига элтди. Эшиги олдида Пирни чорлади. Пир келгач, қўлимни тутиб, унга топширди ва деди:
- Буни асрангки, сизникидир!
Пир ҳам менинг қўлимни тутиб, хонақоҳга олиб кирди. Суффада ўтириб, қўлига бир китоб олди. Китобни донишмандлар одати бўйича диққат билан ўқишга киришди. Хаёлимдан ўтдики, китобда нима ёзилган экан? Пирга бу хаёлим маълум бўлди ва деди:
- Эй Абусаид, бир юз йигирма тўрт минг пайғамбарки оламга юборилди, барчасига дедиларки, халққа «АЛЛОҲ!» деб айтинглар. Улар халққа бу калимани дедилар, бу калимада ғарқ бўлдилар.
Абусаид айтади: Ўша кеча бу сўздан бизга уйқу ҳаром бўлди. Эрта тонг Пирдан рухсат сўраб, тафсир дарсига Абу Али Фақиҳ қошига бордим. Хожа Абу Алига аввал дарс бу оят эди: «Аллоҳ» деб жавоб қилинг! Сўнгра уларни нотўғри йўлларида адашган ҳолларида тарк этинг! (Анъом сураси, 91-оят).
Ўша соат бизнинг кўксимизга бир эшик очдилар, бу калимани эшитгач, бизни биздан олдилар. Хожа Абу Али бу ўзгаришни кўриб, сўради:
- Кеча қаерда эдинг?
Дедим:
- Пир Абулфазл Ҳасан хизматида эдим.
Деди:
- Тур, энди унинг олдига бор. Ул маънодан бунга келмак сенга ҳаромдир.
Қўпиб, ҳайрат ва шайдо, бутун вужудим бу калимага айланган ҳолда Пир ҳузурига бордим. Пир Абулфазл мени бу ҳолда кўриб, деди:
- Эй Абусаид!
Мастак шудайи, ҳаме надоний пасу пеш, Ҳон, гум накуний ту ин сари риштайи хеш.
(Маъноси:
Мастгина бўлибсан, баланд-пастни билмай
қолибсан.
Огоҳ бўл, калаванг учини йўқотиб қўйма!)
Дедим:
- Эй Шайх, нима буюрасиз?
Деди:
- Кириб, ўтир ва бу калимага машғул бўлки, бу калиманинг (яъни «Аллоҳ» сўзининг) сен билан ишлари бор...
Шифобахш тўртлик
Устоз Абу Солиҳ - Шайх Абусаид Абулхайр хонақоҳининг қориси бемор бўлди. Шайх ўз фарзанди - Абубакр Муаддабга деди:
- Қалам ва қоғоз келтир, Абу Солиҳ учун бир нима битайлик!
Ул ҳозир қилгач, бу рубоийни имло қилди, Муаддаб битди:
Ҳавро ба назорайи нигорам саф зад,
Ризвон зи таъажжуб кафи худ бар каф зад.
Як холи сияҳ бар он рухон мутраф зад,
Абдол зи бийм чанг бар Мусҳаф зад.
(Маъноси:
Ҳурлар нигоримни кўриш учун саф тортдилар, Ризвон ажабланиб, қарсак чалиб юборди.
Бир қора хол ул юзларга парда тортди,
Абдол (девона) қўрққанидан Қуръонга
чанг солди.)
Ва Абубакр Муаддабга дедиким, элтиб, Абу Солиҳга боғлади. Ўша заҳоти тузалиб, ўша куни ишга чикди. Ўшандан буён бу рубоийни турли касалликларга дам солиб ўқиш ва наф етказиш одат бўлиб қолган. Баъзи улуғлар бу рубоийга шарҳлар ҳам ёзганлар.