Бир оғиз беҳуда сўзнинг каффорати Бир куни Маккада орифларнинг сирлар ва дақиқликларини баён этар чоғида бир сўз томот (софистика, Юнон фалсафасининг бир оқими) иборати билан адо қилди. Макка шайхларидан икки юз саксон киши унга эътироз билдирдиларки, сен бу сўзни не учун айтдинг? Уни Маккадан чиқариб юбордилар. Ўша соат Бағдодда Ҳусрий уйидан чикди ва хизматкорига айтдиким, ҳар йили Хуросондан келадиган йигит агар келиб қолса, йўл бермагил! Аҳмад Наср Бағдодга келди ва Ҳусрий эшигига борди. Хизматкор деди: - Фалон куни Шайх эшикка келди ва дедики, Аҳмад Насрни яқин йўлатма! Аҳмад бу сўздан беҳуш бўлиб йиқилди, чунки бу унинг Маккадан ҳайдалиш кунига мувофиқ тушди. Ахийри Ҳусрий чикди ва деди: - Сен ул одобсизлигинг айбини ювиш учун Румга бориб, бир йил тўнғиз боқмоғинг керак. Сўнг Тарсус шахрида кофирлар мусулмонлар масжидини бузган жойда тонггача намоз ўқийсан. Бир лаҳза ҳам ухламайсан. Шоядки машойих кўнгли сени қабул қилгай. Аҳмад бу йўлда содиқ эди. Шайх Ҳусрий буюрган ишни беками кўст бажарди. Бир йил ўтгач, Румдан қайтиб, Шайх Ҳусрий эшигига келди. Хизматкор деди: - Тезроқ келинг, бугун Шайх етти марта эшикка чиқиб, сизни сўради. Ногоҳ Шайх чиқиб келди ва деди: - Эй Аҳмад, эй фарзанд, эй кўзимнинг нури, хуш келибсан! Аҳмад шодланиб алик олди. Сўнг ҳаж ниятида йўлга чикди. Макка шайхлари ҳам унга пешвоз чиқиб, дедиларким: - Эй отагинам, эй кўзимнинг нури, хуш келибсиз!
|