Бир чивин қўлимдан сув ичаяпти... Мешкобчи (сувчи) Абу Ҳомид Дўстоний қўлига сув берди. Шайх сувни қўлида бир муддат асради. Мешкобчи сўради: - Эй Шайх, сувни нега ичмаяпсиз? Деди: - Бир чивин қўлимдан сув ичяпти. Турибдурмен, то ул ичгай. «Шарҳи Таъарруф»да ёзилишича, намозда биринчи такбирда «Аллоҳ» деб айтгач, ҳали «Акбар» демакдан бурун беҳуш бўлиб йиқилармиш. Йиллар умри шу тариқа кечди ва бу ҳол билан оламдан ўтди. Дўстлар дўстларнинг вафосини асрагайлар! Бир куни бир ўртоғи билан йўлда борарди. Ўртоғи айтди: - Сен шу ерда кутиб тур. Шу яқинда кичкина бир ишим бор. Ҳозир келаман. Борди ва келмади. Абу Ҳомид ўша ерда турди. Кечаси қор ёғди. Эртаси куни ўртоғи келди. Кўрдиким, қор остида зўрға тебраниб турибди. Қордан тозалаб, деди: - Сен ҳалиям шу ердамисан? Шайх деди: - Сен шу ерда кутиб тур, келаман, деб айтмаганмидинг?! Дўстлар дўстларнинг вафосини асрагайлар!
|