Шайх Балёний ва Саъдий Шерозий Бир куни Шерозда Шайх Саъдийнинг хонақоҳига борди. Шайх Саъдий бир ҳовуч қора пул олиб чиқиб, дарвешлар учун дастурхон тузишга буюрди. Балёний деди: - Эй Саъдий, бир ҳовуч майда пул билан дарвешларга зиёфат бермоқчимисан?! Яхшиси, олтмиш икки олтин ақча жамлаб қўйган хурмачангни олиб чиқ! Шайх Саъдий ўша заҳоти хурмачани ҳозир қилди ва олтмиш икки ақчани дарвешлар дастурхонига сарф қилди. Шайх ва оқ хирқа кийган дарвеш Шайх Абдуллоҳнинг бозорда ошхонаси бор бир ошпаз муриди бор эди. Шайх қачон йўли тушса, бу мурид бир коса суюқ овқат билан Шайхни меҳмон қиларди. Бир куни ўша ошхона ёнидан ўтаётганида мурид одати бўйича бир коса овқат олиб чиқди. Шайх оёкда тик туриб, овқатни ичаётган эди. Ўша лаҳзада эгнига оппоқ хирқа кийган бир дарвеш келиб қолди. Шайхга деди: - Эй Шайх, мени Тангри таолога далолат қилишингни тилайман. Менга айтки, бу йўлда қайси иш фойдалироқдир? Шайх қўлидаги овқатни унга бериб, буюрди: - Буни ичгил! Дарвеш овқатни қўлидан олиб ичгандан сўнг, унга деди: - Энди ёғли бўлган қўлингни хирқангга сурт ва бундан кейин фақат шундай қил! Дарвеш деди: - Эй Шайх, буни қила олмасман. Шайх деди: - Шу ишники қила олмасанг, нимаики буюрсам, барибир эплолмайсан. Сен бу иш кишиси эмассан.
|