Ладуний назар ва илм назари Шайх Абу Абдуллоҳ Хафиф дебдурки, бир куни Шайх Абубакр Қасрий мени саҳро томошасига даъват қилди. Борардик, бозор томи устида нарда ўйнаётган бир гуруҳни кўриб қолдик. Шайх Абубакр бориб, улар билан бирга ўтирди ва бир қўл нарда ўйнади. Мен унинг бу қилмишидан хижолатда терга ботдим. Охири тушди ва яна йўл юрдик. Бир гуруҳ шахмат ўйнаётган эди. Улар олдига бориб, шахмат тахтасини синдириб, доналарини ҳар ён сочди. Улардан икки киши унга қараб, пичоқ ўқталди. Шайх деди: - Пичоқларингизни менга берингким, ейман. Улар ниятларидан қайтдилар. Биз ўтдик. Мен ичимда унинг дастлаб ўйинқароқлик, сўнг муҳтасиблик қилганидан норози эдим. Шайхга менинг бу аҳволим маълум бўлди ва деди: - Дастлабки ҳолатда ладуний назари билан боқардим, фарқ кўрмадим, иккинчисида илм назари билан бокдим, ҳукм кўрдим.
|