Туш ҳайбати ва унинг таъбири Нақлдурки, Имом Аъзам Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг пок равзаси қошига бориб айтди: - Ассалому алайка, ё саййид ал-мурсалийн. Равзадан жавоб келди: - Ва алайка, ё имом ал-муслимийн. Дерларки, юзини қиблайи ҳақиқийга буриб, халқдан юз ўгирди ва жунли либос кийиб, риёзатга машғул бўлишининг дастлабки пайтларида бир неча марта Расулуллоҳ(с.а.в.) нинг муборак сўнгакларини лаҳадда йиғиб, баъзиларини алоҳида-алоҳида тўплаётганини туш кўрди. Бу тушнинг ҳайбатидан уйғониб, Ибн Сириннинг шогирдларидан биридан тушининг таъбирини сўради. У киши тушни яхшиликка йўйиб, «Сен Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг илми ва суннати ҳимоясида юксак даражага етгайсан, ҳадис илмини тўлиқ ўзлаштириб, ҳақни ботилдан ажратгувчи зот бўлгайсан», дея башорат қилди. Яна бир марта Расулуллоҳ(с.а.в.)ни тушида кўрди. Тушида ул Ҳазрат унга дедилар: - Эй Абу Ҳанифа, сени менинг суннатларимни тиргузмак учун зоҳир қилибтурлар, узлат қасди қилма. Яҳё Маъоз Расулуллоҳ(с.а.в.)ни тушида кўриб, сўради: - Ё Расулуллоҳ, сени қайда тилайин? Буюрдиким, Абу Ҳанифанинг илми яқинида.
|