27.06.2024 13:45 |
Сафарнинг фойдалари тўғрисида Турғун ер қайда-ю, айланувчи осмон қайда? Бир жой-да турган тупроқ қайдаю, сайр этиб юрувчи юлдуз қайда? Бири қимирламай тургани учун кишилар оёғи ости-да пояндоз бўлди; иккинчиси эса, ҳаракатда бўлгани туфайли, юксакларнинг юксаги бўлди. Азоб ва машаққат тавозеъ ва адабнинг негизидир. Сафар эса ранж-машаққатга сабабдир. Сафар — эритувчи ва куйдирувчи кўрадир. У эриш-куйиш эса эр кишининг вужуд олтинини тоблаб хом гилдан тозаловчидир. Сафар — айрилиққа учраганларни мақсадига етказувчи ва маҳрумларни мурод уйига олиб кирувчидир. Сафар — хом одамларни пиширувчи ва таомларни сингдирувчидир. Сафар кишиларни олам ажойиботларидан баҳраманд қилади, ғаройиботлар дунёсидан хабардор қилади. Азиз кишиларнинг мозорларини зиёрат қилиш файзига мушарраф ва мукаррам бўлмоқ ҳам сафардан; файз-ли, улуғ зотлар хизматида иззат ва ҳурмат топмоқ ҳам сафардан йўловчининг юришига қувват берувчи ҳам сафар ва кўнглига ҳар томонга бориш завқини солувчи ҳам сафар. Мусофирни- турли жой ва манзиллар билан таништирувчи ҳам у; дунёни кезиш-йўлиға солувчи ҳам у. Иссиқ-совуқда жонга ором берувчи ҳам у; аччиқ-чучукдан кўнгилни огоҳлантирувчи ҳам у. Сафар водийсида мусофирнннг оёғиға кўп дарду бало тиканлари санчилади, лекин, ҳар қадалган тикандан бир мақсад гули очилади. Йўл машаққати зарбидан кикшнинг аъзойи бадани қақшайди; вужуди йўловчилар оёғи билан топталади ва ҳар аъзоси у оёқлар остида ушалади. Аммо, кўнглининг вайронлиги тузалади ва руҳи кўзгуси равшан тортиб, жило топади. Ҳар ўлканинг гўзаллиги, ҳар манзилнинг осойишталигини сафарда юрувчилардан сўра ва мусофирлардан эшит. Сафар қилмаган ором олиш фароғатини қайдан бўлсин? Мусофирлик азобини чекмаган ватандаги ҳаётнинг қадрини қайдан англасин? Оқмайдиган денгиз сувини ичса бўладими? Оқар дарёнинг зилол сувларидан ичишни тарк этса бўладими? Одам учун доим ҳаракатда бўлиш — ҳаётликдан асардир; жонсиз мавжудотлар — тириклик нишонасидан бехабардир...
|