Сабр тўғрисида PDF Босма E-mail
23.06.2024 11:57

...Сабр — аччиқ, аммо фойда берувчи; у -- қаттиқ, аммо зиён-заҳматни даф этувчи. Қайси бахтсиз сабр этагини тутган булса, у охири ўз муродига етади; қайси бир гирифтор кўнгил сабр тугунини бўшатмаган бўлса, унинг бахт тугуни очилади. Сабр шодликлар калитидир, бандларни ечувчидир. Сабр ўртоқдир, суҳбати зериктирарли, аммо мақсадга олиб борувчи; сабр улфатдир, узоқни кўзлаган; аммо охирда истакка етказувчи. Сабр уловдир — секин юрадиган, аммо манзилга элтувчидир. Сабр — туядир — оғир қадам, лекин бекатга олиб борувчидир. Сабр — насиҳатгўй, ачитиб гапирадиган, киши табиати ундан озор чекади, лекин, амал қилган охирда муродига етади. Сабр—табиб, бадхўр дори, бемор ун-дан азоб тортади, аммо сўнггида соғликка эришади.
Ишққа мубтало бўлган ошиқлар бу сўзни эшитганда чўчийдилар ва лекин сабр натижасида ёр васлига етишадилар. Ҳажр азобини тортаётган кишилар сабр сўзини эслашдан жирканадилар, лекин охирда сабр туфайли дийдор кўришадилар. Сабрнинг умидкорлик қафасида жон булбулига на хомушлик фойда берар, на куй ва на нола; сабр мажлисида руҳ тўтисига на сукут наф еткурар, на фарёд ва на фиғон.
Сабр саҳросида роҳат қилиш изтироб чекиш билан баравар; сабр даштида дам олиш югуриш билан баравар. Сабр бор ерда, айрилиқ ўтида куйганларга ўлишдан ғам йўқ; иштиёқ эгаларига ҳажр ўтида куйишдан алам йуқ.
Сабр — ҳажр шомидек қоронғи ва узун, аммо сўнгги висол тонги; сабр — ҳаж йўлидек қийин ва йироқ, аммо ниҳояти — иқбол каъбаси.
Балога гирифтор бўлиб, нобуд бўлиш хавфи остида қолган одамнииг ҳаёти сабр туфайли озод; ҳар бир ноумид шахснинг тушкун руҳи сабр туфайли тетик, обод...

Хикоят:
Нақл қилишларича, бир бечора-нотавоннинг кўнглига бир гулюзнинг ишқи тушди. У туҳмат туфайли зиндонга гирифтор бўлди. Туҳматни бўйнига қўйиш учун унга берилмаган азоб қолмади, аммо у махфий сирини тилига олмади. Оқибат бир кун миршаблар бориб, уни зиндондан тортиб чиқаздилар ва бош-оёғидан тортиб бир қучоқ ёғочни унинг баданиға уриб ушатдилар. Калтак зарбидан унинг бутун вужуди жароҳат булди; ҳамма аъзосининг териси шилинди. Унинг аъзойи бадани шундай дабдала қилинган эдики, оққан қон у майдонни лолазор қилди. Шунда ҳам, у бечора мутлақо дам урмади ва иқрор сўзини тилига келтирмади. Ниқоят, золимлар уни азоблашдан чарчадилар ва ўртадан судраб чиқариб, ноиложликдан қўйиб юбордилар. Инсофан тўғри иш қилдилар.
Сўнгра, азоб берувчилар йироқлашгач, жафокаш оғзидан майдаланган танга парчаларини чиқарди. Тўпланган одамлар бу ҳол сабабнни сўрадилар.
Унинг жавобидан маълум бўлдики, золимлар калтаклаётган пайтида севгилиси келган ва бир бурчакда унинг аянчли ҳолига боқиб турган экан. Унга жабр-зулм қилинаётганида, у тангани оғзига солиб, ҳар зарбда икки тиши орасига олиб, қаттиқ тишлар ва тишининг зарби билан у пулни майда-майда қилиб ушатар экан. Ошиқ ўз маъшуқаси қаршиснда сабр-чидам кўрсатиб, унинг кузатиб турганини сезар экан.
Бу манзарани ўз кўзи билан кўрган маъшуқаси меҳр-шафқат билан қошига келиб, юмшоқ сўзлар билан яраларига малҳам қўйди ва ширин тил билан мажруҳ танига жон бағишлади. Бу ошиқ йигит тасаввур қилиб бўлмас давлатга муяссар бўлди ва хаёл қилиб етмас саодатга эришди. Бу бахт — барча қийинчиликларни сабр-чидам билан енгиш намунасидир. Бунга азоб-уқубатга бардош кўрсатиш орқали эришилди.
Байт:
Кимки бирор қийинчиликда сабру чидам кўрсатса,
Бахт унинг заҳрини болу, тиканини гулга айлантиради.