19.06.2024 21:29 |
Эй кўнгилни ишқидан равшан қилиб, ҳажр тиканзорини гулшан этган! Ишқинг ўтидан ой ва қуёшга ёруғлик етишади, шунинг учун ҳам улардан туну кун нур ёғилиб туради. Ишқинг чақмоғи жонларга ўт солади, шуъласидан ободу вайронларга ўт тушади. Ишқинг жонни ўртагувчи бир оташин юлдуз бўлса, унинг сири пок бир гавҳардир. Жонимга ўша юлдуздан нур етказ! Кўнглимни ишқинг бодаси билан маст қил: бундан мен худди майпараст каби маст бўлай! Бу май билан мени беҳуш айла! Ақлим ўртадан кўтарилгач, мени фаслингга восил эт!
Ҳикоят
Омир қабиласидаги Қайсни ишқ мағлуб этгач, унинг ақли ҳуши ишқ аро жинниликка юз тутди. У Лайли ишқида шунчалик мағлуб эдики, гўё истовчи ую, бу эса исталгандек эди. У бу ишққа шунчалик қоришиб кетган эдики, бунда у худди мутлақ Лайлининг ўзгинаси эди, яъни ишқда Лайли билан бир бутунликка эришган эди. Кунлардан бир кун биров ундан: "Отинг нима?" - деб сўради. У: "Лайли",- деб жавоб қилди. — Буни қандай исбот қиласан?- дебди бояги киши. — Кимнингки зоти Лайли бўлса, буни исботлаб ўтиришга ҳожат йўқ! Гарчи бу сенга шак бўлиб туюлса ҳам, менга аниқдир!- деб жавоб берди у. Бундай ошиқликка юз минг офарин боисин! Мени ҳам ишқ ўтига ёндиргил! Ишқ ягоналиги ичра мени ҳам маъшуқ этгил! Унда ишққа чўмишни менга қисмат этки, ўзлигимга бўлган муносабатим буткул узилсин! Ишқ аро Фонийни нобуд айлагил, сўнгра ишқинг бирла мавжуд айлагил!
|