Талаб йўли борасида муножот |
|
|
|
19.06.2024 21:29 |
Ё Аллоҳ! Барча мавжудот сенга интилади, сен уларга матлубсан ҳам муҳаббат аҳлига маҳбубсан! Икки оламдаги барча мавжудот сени ахтаради, сенга мойил бўлганлар бошқа нарсага хоҳиш қилишдан ўзларини четга тортадилар. Сендан ўзга, гарчи у малак ёки пари бўлса-да, толиб бўлиб излашга арзимайди. Жаннат ва кавсар булоғини ҳам, жаннатдаги тўби дарахтию ҳуриарни ҳам сенсиз исташ қусурлидир. Жону кўнглимни ўзингга толиб эт! Дард ила ишқингга шавқимни ғолиб эт! Ҳам менга талаб завқини восил қил! Ҳам яна тилаб топмоқни ҳосил қил! Ўзингдан бошқани кўнглимдан чиқариб ташла! Унда сени эслашни қалбим ҳузурига айлантир!
Тамсил
Бир толиб мурид Каъбани зиёрат қилиш учун йўлга чиқди. Бистом шаҳрида уни Боязид учратди. У шайх билан учрашувга мушарраф бўлди. У ердан ўтиб, яна Каъба томон йўл олди. Бу хом кишига ҳаж қилиш муяссар бўлгач, у орқасига қайтди ва яна Бистом шаҳрига етиб келди. Ғофил солик салом бажо келтириб, пир хизматига сарфароз бўлди. Шайх уни кўргач, шундай деди: — Эй йўловчи! Васл истаб қанча водий ва даргоҳларни босиб ўтдинг. Аллоҳнинг уйи ҳақида бизга бирон нишона аюб бер! Огоҳ муршид шу сўзларни айтгач, у: — Кўрган уй ниҳоятда олий бўлса-да, аммо уй эгасидан ҳоли эди! — деб жавоб қайтарди. Шунда хабардор шайх ҳожига деди: — Эй талабдан асло хабар топмаган киши! Ахир уй эгаси йўлда сенинг ҳамроҳинг, ҳар қадам қўйган йўлингда огоҳинг эди-ку! Сени ўз уйига етказган ҳам — ўша! Олиб борган ва қайтариб келган ҳам унинг ўзи! Сенда буни фаҳмлаш учун фаросат етишмас эди. Шунинг учун гарчи толиб бўлсанг ҳам, сенинг бу ҳаракатинг нуқсонлидир. Ё Раб! Мени бу талабда комил этгил! Матлубимдан сира ғофил қилмагил! Интилишимда Ммки ҳамроҳлик қилса, у ҳамроҳдан менга огоҳлик бергил!
|