Шунда Ҳудҳуд уларга деди: - Эй бечора, хонумону мулкидан овора бўлган тўда! Шоҳ марҳаматидан ноумид бўлманг, чунки унинг сифатларидан биттаси карам кўрсатишдир. Агар унинг висолига эришиш қийин бўлса, ишқида ўлмоқ ҳам яхши ишдир. Биз бу иқболни қўлга киритиб, бугун унинг даргоҳига етиб келдик. Шу саодатнинг ўзи ҳам биз учун олий мартабадир. Энди унинг ишқида барчамиз ҳалок бўлсак ҳам майли. Бу сўзларни эшитган қушларнинг барчаси юраксизлик изҳор қилиб, Ҳудҳудга шундай дейишди: - Эй ҳикматшиор! Биз ўз олдимизга дуч келган барча балоларга сабр-тоқат кўрсатиб, сенинг ҳамма буйруғингни қабул этдик! Сен қаерда қанот урган бўлсанг, биз сендан айрилмадик. Нимаики амр этган бўлсанг, қаршилик кўрсатмадик. Аммо васл чоғи бизга айрилиқ ғами юзланди. Бу сен айтган сўзларга тўғри келмайди-ку! Ҳудҳуд уларга шундай деди: - Сиз тушкунликка тушманг ва бундан асло озор чекиб, ранжу уқубат тортманг! Биз бу йўлга қадам қўйиб, юз хил бало-қазони чекишга жазм этган маҳалимизда бизнинг бундан мақсадимиз шоҳга эришмоқ ва унинг даргоҳига етишмоқ эди. Эндики биз бу мақсадга етиб, унинг даргоҳига йўл топган эканмиз, ўзингизни асл мақсаддан йироқда деб гумон қилманг. Агар ошиқ ўз ишқида ҳақиқий каинолотга эришган бўлса, унинг учун ҳижрон ҳам, висол ҳам тенг ҳисобланади. Чунки ёрнинг хоҳиши ошиқ учун орзу этилган нарса бўлиб, у нимани истаса, ўша маъқул саналади. Ёр васлини қўлга киритмаган бўлсангиз сиз учун унинг ёди билан яшаш етарли эмасми?! Ҳар бир киши ёр ёди билан жон берса, унинг бу ўлими мангу ҳаёт билан тенгдир.
Ҳикоят
Мажнунни даштда бир киши учратиб қолди. У ўзи билан ўзи сўзлашмоқда эди. У киши Мажнундан сўради: Сен ким билан сўзлашмоқдасан? Эй бахтли одам, мен Лайли билан сўзлашмоқдаман,— деб жавоб берди Мажнун. Ахир у сендан жуда узоқда-ку! — Эй ғофил, у менинг жонимдан ўрин олган! Уни ёдга олиш жонимга озиқ бағишласа, йўл йироқлиги учун уни унута оламанми? Кимки ишқда камолот касб этса, унинг вужудида маъшуқ ёди мужассамлашган бўИади. Агар сиз ҳам ишқ борасида лоф урмоқчи бўлсаиигиз, ундан сизга дард келса ҳам шодлик ўрнида қабул этинг!
|