Шунқор узри PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:24

Шунқор шундай деди:
—    Эй амрига ҳатто огоҳлар ҳам тобеъ бўлган тўда раҳбари! Ҳақ менга марҳамат кўрсатиб, барча қушлардан қудратлироқ қилиб яратди. Барча шоҳлар мен билан фахрланади. Менинг номимни қушлар подшоҳи деб атайдилар. Чунки менга тож насиб этган, бошимда олтин тумоға — зар тожим бор. Менинг барча аҳволимни: қушлар орасида зотимни ҳам, отимни ҳам яхши биласан. Бир шоҳнинг бошида тожи бўла туриб, ўзга шоҳни исташи яхши эмас-ку! Ўзим шоҳ бўла туриб, нечун ўзга шоҳга тобеъ бўлишим керак?!

Ҳудҳуднинг Шунқорга жавоби

Ҳудҳуд унга шундай деди:
—    Эй бечора калтафаҳм! Сенинг бу хаёлинг зотингга қўрқувни орттиради. Сен ўзингни шоҳ деб ҳовлиқтириб кетяпсан, бу беҳуда хаёлдан ўзга нарса эмас! Кўпгина зангилар аслида қоп-қора бўлгани ҳолда халқ орасида улар "кофур" (оқ) деб аталадилар. Дарвоқе, номлар орасида "султон" ва "шоҳ" тушунчалари кенг тарқалган, уларни ҳатто паст, тубан кишилар ҳам ўзларига нисбатан қўллайдилар. Аммо ҳар бир киши ўзини эр дегани билан эр бўлаверадими?! Қоиидан келмайдиган ишни бажараман дея оладими? Нодон кишиларгина сени шоҳ деб атайди, холос. Бу бутни ёки оловни илоҳ деб аташга ўхшаш бир нарса. Сенга шахмат шоҳини қиёс қилса ҳам бўлади. У шундай бир шоҳки, уни ҳар бир разил ва пасткаш одам истаган пайтда ҳавога кўтариб, ерга ура олади.
У шоҳ (Симурғ) билан сенинг шоҳлигинг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Сенга ўхшаб шоҳлик даъво қилгандан гадолик минг марта яхшироқдир.

Ҳикоят

Бир подшо кўнгил ёзиш ниятида бутун мамлакатга катта тўй берди. Унда зийнат ҳар қанча гумон қилинганидан ҳам ортиқ даражада эди. Бутун мамлакат ва шаҳарлардаги аҳоли бошдан-оёқ ясаниб, кўчага чиқа бошлашди. Бу тўйда санъат аҳли жуда юксак маҳорат кўрсатиб, осмон қуёши каби порлоқ гумбазли юзта тўрт бурчакли чодир қурдилар. Ҳунар аҳлининг барчаси уларни шунчалик безашдики, натижада бу чодирлар бутун мамлакатнинг кўркига айланди. Кўп ажойиботлар кашф этилдики, ҳаёт ўз сеҳрига ўзи ром бўлиб қолди. Ҳар бир киши ўйин-кулги деб найрангбозлик қилди, ғам-ҳасратни доғда қолдириш учун айшу нашъу намосини оширди.
Шу одамлар орасида бир беҳаё разил киши ўзини бўйра шоҳи деб эълон қилди. Унинг устидаги кийими бошдан оёқ бўйрадан бўлиб, садоқ, қалқон ва байроғи ҳам бўйрадан ясалган эди. У бир неча нокас масхарабоз дўстларини ҳам ўзига ўхшаш ясантирди. Шу тарзда улар базм майдони томон йўл олдилар. Йўл-йўлакай ҳар хил бузуқ, бидъат ўйинлар кўрсатдилар. Уларнинг бошлиғи эса ўзини гўё мамлакат шоҳи ҳисоблар, ҳар нимаики қилган ҳазил ишларини чин деб билар эди.
Ниҳоят, шодлик айёми ниҳоясига етиб, у аблаҳ ўзига таъзия тутди. Уни ушлаб олиб, соябони ва тожини бошига урдилар, бўйра тўнини эса бузиб, куйдириб юбордилар. Бу ҳангомадан сўнг билдики, шоҳлиги масхара бўлишдан бошқа нарса эмас экан.