Ҳудҳуд қушларга шундай деди: — Бу воқеа Шарқдаги Чин деган бир шаҳарда бўлиб ўтган. У шаҳар эмас, кенгликда бутун бир жаҳонга тенг келар, унинг ичида ўн жаҳон аҳолиси жойлашган эди. Бу шаҳарнинг кўриниши Эрам гулзоридан яхшироқ, суви эса жаннат анҳоридан дилкашроқ эди. Бир тун у давлатмакон шоҳ олам бўйлаб парвоз этишга киришди. Иттифоқо, ўша жаннатсифат Чин шаҳрига йўли тушди. Ўша кеча у шаҳар устидан учиб ўтаётганида, бу шаҳар бошдан-оёқ ёришиб кетди. Бу ишдан хабар тўпган халқ бешуур бўлиб қолди. Симурғ силкиниб учиб бораётганида, ундан бир пар тушиб қолди ва бу пар бутун Чин мамлакатини безак-ҳашамга ўраб юборди. Бу парда турли рангу нақшлар ҳаддан ташқари кўп эдики, уларни сўз билан шарҳ этиш қийин. Ертаси куни эл яна ўзининг аввалги ҳолига қайтди ва парнинг шакли ва рангига боқа бошлади. Ҳар бир киши ғайрат остида қўлига қалам ушлаб, бу пардаги нақшларни ўз хаёлида жонлантирар ва қоғозга туширарди. Ҳамма ундаги суратларни чизишга киришди ва бу элнинг барчаси шу иш билан машғул бўлди. Бу кишилар орасида ўз суратлари билан бир киши юқори камолот даражасига эришди. Унинг оти Моний бўлиб, қалами мўжизакор, санъати кўрган кишиларни ҳайратга соларди. Шунинг учун ҳам маъно аҳли Монийнинг суратхонаси Чинда деб айтадилар. Ўша пар ҳали ҳам мазкур жаннатсифатли Чинда эмиш ва у ердаги ақл бовар қила олмас даражадаги барча гўзаллик ўша парнинг пайдо бўлиши туфайли эмиш. Ҳеч ким уни — Симурғни кўргани ҳақида оғиз очмаган. У ҳақда бу қадар сўз айтилмаган. Унинг асл зотидан ҳеч ким, бир киши бирон сўз дея олмаган, чунки унинг зотини ҳар қандай ўткир кўз ҳам кўра олмайди. Ўша пар устида ҳар тарафга патчалар ўсган, бу унинг сифатини кўрсатади. Бу пар ҳолатидан чексиз нақшлар пайдо бўлди. Бу пардаги ранглар беқиёс даражада бўлиб, исмларини унинг йўлларини билувчилар айтиб ўтдилар. Гарчи бирон киши бу қушнинг сайру ҳолати ҳақида гапирмаса-да, лекин, аслида, ҳеч ер ундан ҳоли эмасдир. Унинг амрига итоат қилиш — ҳаммамизга ҳам фарз, ҳам қарз. Бу ишни бажармасак, юз хил балоларга гирифтор бўламиз. Агар унинг айтганларини кўнгилдагидек бажарсак, у ўз висолидан бизни умидвор этади. Борди-ю, осийлик қилиб, бўйин товласак, хавф-хатар юзланади. Бундай шоҳ ҳеч бир қавмда йўқ. Усиз яшаш юз минг оҳу дард чекмак билан тенгдир.
|