Ҳудҳуд Симурғ ҳақида хабар бергач, қушлар хушҳол бўлиб, у ҳақда суриштирганлари |
|
|
|
19.06.2024 18:15 |
Барча қушлар қий-чув кўтариб, Ҳудҳуд атрофида шундай ғавғо бошладилар: — Эй нафаси жонбахшу нутқи дилкаш! Уларнинг ҳар иккиси ҳам жону кўнгилга фойдалидир. Сен Сулаймон базмига қабул этилгансан ва у сени элчиликка юборган. Унинг хизматида яқинликка эришгансан, йўлида неча бекатларни кезиб чиққансан. Унинг амри билан қанчадан-қанча водийлардан учиб ўтиб, олий манзилларга етишгансан. Сен худди Мустафо ёнидаги Жабраил янглиғ Сулаймон қаерга борса, ўша ерда ҳозир бўлдинг. Ҳар қандай яхши-ёмон пайтларида унга ҳамдамлик: айшу ишрат чоғларида ҳамрозлик қилгансан. Агар у (ўз севгилиси) Билқис ҳолидан хабар олишни хоҳласа, сен дарҳол Билқис турган Сабо шаҳри томон йўлга равона бўлгансан. Ёридан хабар етказиб, изтироб ичра турган дамларида унга ором бағишлагансан. Шундай қилиб, сен пайғамбарга маҳрамлик, ҳар қанча ғам юзланган тақдирда ҳам ҳамдамлик қилдинг. Агар у шаҳар ёки дашту биёбонларда базм тузгудек бўлса, биз барча қушлар қанотларимиз билан унга соябон бўлганмиз. Юз минглаб қуш унга чодир ўрнини босиб турганида, сен ўша сояда у билан бирга ҳамхона бўлар эдинг. У шу тариқа базм ичра сени бахтиёр этиб, ўзининг пинҳоний сирларига маҳрам этган эди. Чунки ҳақ сенга баланд мартаба ато қилди, натижада ҳар бир пар ва аъзоингда бирон-бир хосият ҳосил бўлди. Бизга эса гумроҳлик монелик қилади, шу сабабли бизни ўша шоҳ сиридан огоҳ қилсанг. Унинг сифатларидан бизга ривоят айтиб, зотига эришиш учун тўғри йўл кўрсатсанг. Бизни бу ғафлат тузоғидан қутқариб, зулмат ва тубанлик шомида қолдирмасанг. Бизни шоҳ сирларидан воқиф этсанг ва бу сир изҳоридан баҳраманд этсанг. Жаҳлга муккасидан кетишдан сақласанг, шоҳимизни изламакка йўлласанг. Агар биз бу ишда ўз мақсадимизга етсак, сендан ғоятда миннатдор бўлур эдик.
|