Қушларинг бир ерга топланиши ва ўрин талашиб бир-бирлари билан низо қилишлари ҳамда бир шоҳга муҳтож бўлишлари |
|
|
|
19.06.2024 18:14 |
Бир кун гулистон, ўрмон, денгиз ва биёбон қушлари ҳар бири ўз гуруҳи билан бир ерга жам бўлиб, мажлис туздилар. Улар муҳаббат билан наво тузиб, базм тугагач, осмонга парвоз қилмоқчи эдилар. Аммо бу йиғинда улардан ҳеч қайсининг тайин бир ўрни йўқ эди. Ўтиришда тартиб бўлмагани учун Калоғ(олақарға) Тўтидан, Зоғ(гўнгқарға) эса Булбул ва Қумрилардан юқорироқда ўтирди. Ход(калхат) Шунқордан тўрга чиқди. Юртачи(ўлаксахўр) эса Товусни ҳам назар-писанд қилмай юқорига ўтиб кетди. Ҳунарликлар ўрнини беҳунарлар эгаллади. Тожсиз қушлар тўрга чиқиб олишди, тождор қушлар эса пойгоҳда қолишди. Ниҳоят, пойгоҳдагилар низо чиқардилар, тўрдагилар эса уларнинг сўзига қулоқ осмадилар. Натижада қушлар орасида ғавғо-тўполон кўтарилди, улар содир бўлган аҳволни можаролаша-можаролаша қизғин муҳокама қила бошладилар. Вақт ўтган сари бу можаро тобора ошиб борди. Охир-оқибат улар шундай бир шоҳга муҳтож бўлдиларки, у шоҳ инсофли ва диёнатли, яхши тартиб ўрната оладиган ва адолатли боисин. Токи унинг давлати соясида пастдан аълога шикаст етмасин, юқори табақадагилар эса ўрта табақалар олдида хор бўлмасин. Ҳар бир қуш гуруҳи ўзига азиз бўлгани ҳолда, ҳамма бир тамизли, ақлли ва доно шоҳ бўли-шини истади. Аммо бундай одил шоҳ улар орасида йўқ эди. Шунинг учун ҳам қушлар зору маҳзун бўлиб, ҳар бири ўзининг ёмон ҳолидан афсус чекмоққа киришди. Улардан мотам оҳанглари эшитила бошлади. Бундай шоҳ топилмаслигидан уларнинг барчаси ноумид бўлдилар. Бу ҳодиса улар қалбида оғир из қолдирди. Улар чала сўйилган қуш каби изтироб чека бошладилар.
|