Мўминлар амири Абу Бакр Сиддиқ (Аллоҳ унинг руҳидан рози бўлсин) таърифида |
|
|
|
19.06.2024 18:09 |
У пайғамбарлар султонининг дўстидир. Мушкулот ғоридаги иккинчи одам шу эди. Унинг сидқи дилдан содиқи ва ҳамрози, ҳар яхши — ёмонда ҳамдамидир. У олам элига йўлбошчи эди. Чунки ҳаммадан илгари келганлардан ҳам илгари бор эди. Ҳақиқатпарастлар гуруҳининг бошлиғи удир ва собиқ ислом аҳлига содиқ удир. Ғорда у ёрига жонини фидо қилишга шай турган, шунинг учун дўсти уни "ғордаги дўстим" дегандир. Хазина ғорда яширинганида, у аждаҳодек унга соқчилик қилган. У ғор зулматида азоб чеккани учун у ердан обиҳаёт ва хазина топди. Бу шундай хазинаки, илоҳий ғазнаси билан қўшилган болиб жаҳон вайронасида яширингандир. Агар у обиҳаёт топмаган бўлса, жаҳон боқий экан, нега унинг номи тирик қолади? Унинг оёғини илон чаққанида, обиҳаёт ичиб унинг зарарини даф этди. Пайғамбар уни ўз ўрнига имом қилиб қолдирди: ой қуёш ўрнида қолди. Офтоб ботишга келганида, дин уйи унинг нуридан ёриди. Эй Аллоҳ, ушбу ой шамъи то ҳисоб-китоб кунигача ислом уйидан ўз нурини ва жилвасини олиб кетмагай.
Ҳикоят
Мустафодан кейин Абу Бакир Сиддиқ халифалик тахтига ўтирганида, диндан қайтган бир гуруҳ кишилар дин йўлида адоват қилиб, жанжал бошладилар. Улар ислом сутунларини қулатиш учун закотни бекор қилишни талаб қилдилар. Халифа ғазаб билан шундай хитоб қилди: "Пайғамбар қонунида бирор ип миқдорича нарсани ҳам ўзгартириш мумкин эмас. Кимки бунга қарши бош кўтарса, уларга жавоб қилич ва ўқ бўлади!" Шариат ишига шунчалик қатъийлиги учун ҳам унинг номи то бу замонгача етиб келгандир. Бундай қатъийликни ким қила олади? Фақат ғорда пайғамбарга дўстлашган Абу Бакр!
|