Мартабаси фалакка етадиган шоҳни Ҳақ кўк сари жавлон қилишини истаганида, у тубан фалак ташвишларидан фориғ бўлиб, ўз ҳужрасида яхши кайфиятда ўтирарди. Унинг олдига руҳлар амини келиб, олам Аллоҳининг хабарини етказди. Фариштанинг бир қўлида яшиндай тез учадиган буроқ бўлиб, бу улов билан яшин ҳам баҳслаша олмасди. У деди: "Эй Аллоҳга жонинг билан яқин зот! Суюкли бўлганинг учун вужудинг билан ҳам Аллоҳга яқинлашгин. Буроқ келтирдим, сувори бўлгин, токи бу феруза осмон гумбази йўИинг гарди боисин". Шоҳ отга минди. Чунки у ҳукмнинг кимдан эканини яхши биларди. Қутли улови ҳаволанганида, унинг қадамидан фалак эли баҳраманд бўлдилар. Бу сувори шарафи туфайли янги ой тўлин ойга айланди. Иккинчи осмонга байроқ санчганида, Аторуд қаламидан дурлар сочила бошлади. Унинг зотидан учинчи майдон - осмон шараф топгач, Зуҳра мусиқачилик қилиб куйлай бошлади. У тўртинчи самога от сурганида, юлдузлар шоҳи -Қуёш ундан ўзига нур олди. Буроқини бешинчи кўкка сурганида, Наҳси Асғар шу заҳоти Саъди Акбар бўлди. Саъди Акбар томон йўли тушганида, унинг назаридан саодат нури йўналди. Бешинчи кўкка ўтганида, бечора ҳинди "Аллоҳ нури!" деб юборди. Яна икки водийни сайр этгач, саккизинчи осмон қибласи кўринди. Суворий нури таъсиридан Саврга Асад (шер) хусусияти юқди. Жавзо унинг хизматига шайланди. Саратон эса тўғрилик мевасини берди. Арслон ит каби унинг оёғи остига ўзини ташлади, бошоқ уруглари жавоҳирга айланаёзди. Тарози ўз ўлчовлигини кўрсатди, Чаён эса ўз заҳрини заҳарни кесувчи дорига айлантирди. Ёйни қоши ишораси ҳилол қилди. Қадами хосиятидан Жадй — тоғ эчкиси заррин кийикка айланди. Далв унинг сўзларидан жон суви топди. Ҳут (балиқ) унинг нутқидан обиҳаёт топди. Йўлда учраганларга шунчалик шарафлар етказиб, уловини барчасидан юқори сурди. У Аршу Курсига табаррук байроғини еткизганида, Лавҳу Қалам ундан муҳтарам бўлди. Ломакон майдонида жавлон қилиб, ундан ажойиб бир майдонга йўл олди. Бунда хабарчи билан улови сайрдан тўхтади: гўё қушдан икки пар тушиб қолгандай бўлди. Таркибий унсурлар азобидан қутилиб, жаҳон ташвишларидан озод бўлиб, эгнидан манманлик тўнини ташлаб, оловдан одамлик учқунини айириб, ўзни ўзлик асоратидан қутқариб, ўздан ўзгаликка айланди. Ел, тупроқ, ўт ва сувдан тозаланиб, мен, сен, у ва буликдан тозаланиб, яқинлик даргоҳида ўрин топиб, ҳатто ундан ҳам яқинроқ бўлишга ҳаракат қилди. Етмиш минг пардани бартараф этди, орада парда қолмади. Орадаги бор-йўқ тўсиқлар бартараф бўлиб, у дўст олдида суюкли бўлиб қад кўтарди. ЛимаАллоҳ бўсағасига ястанди, худди икки ёйдек бир-бирига яқинлашди. Ман этиш ва монеликлар барҳам топиб, рухсат бўлгач, монелик бўлмайди демакдир. Кўзларини мислсиз ўткир нур билан ёритди. Соялик мулоҳазаси бартараф бўлди. Ҳеч бир киши топа олмайдиган мартабани топди: бу иш кишилик қўлидан келадиган иш эмас эди. Бу дамда ўзи ва ўзлигидан хабари йўқ, балки ўз ва ўзлигидан асар ҳам йўқ эди. Ётликдан нишон қолмай, ҳатто ўзлик ҳам орадан кетиб, фақат жонон қолди. У жонон жамолини кўз билан кўриб, унинг висолидан сўз орқали баҳра топди. Ҳар лаҳзада юз минг ҳурмат кўрсатиб, тўқсон минг сўзни идрок этди. Гуноҳкор умматнинг гуноҳини сўради, барча оғир аҳволига чора истади. У ниманики истаган бўлса, мутлақ тирик — Аллоҳдан топди: Ҳақ тилади, Ҳақдан тилади ва Ҳақдан топди. Ўз орзуси имкони даражасида мурод ҳосил қилиб, кўкдан жуда масрур ва шод бўлиб қайтди. Юксак даргоҳ ҳам унинг висолидан масрур бўлди: амридан бу қабулхона ажойиб тарз жиҳоз топган эди. У кўкка отланганида, қимматбаҳо дур эди, у ердан жўшқин дарё бўлиб қайтди. Бир киприк қоқилган муддатда англаб билгани шуки, ажойиби ҳам шундаки, шу вақт ичида у ерга бориб, келди. Бошқа оламдан ерга қайтиб келгач, ушбу олам ишига тартиб жорий этди. Биз ҳар қанча гуноҳкор ва гумроҳ бўлсак ҳам, бу воқеадан воқифлигимиз учун ҳадиксирамасак бўлади. Чунки тонг-ла Қиёматда шундай ҳомий ва қўлловчи киши гуноҳларимизни Аллоҳдан тилайди. Эй Аллоҳим, пайғамбар орага тушган куни, у кимнинг гуноҳини тиласа, сен унинг истагини қабул қиласан. Юз минглаб гуноҳ ва туғён аҳли илоҳий фазли билан унинг раҳматига сазовор бўладилар. Ўша гуруҳда Фоний ҳам болади, уни ҳам зора ноумид қилмасанг.
|