Халқимиз таъбирича, бу замонлар «мусулмонобод» бўлса-да, бироқ бу тантаналик таъбирни бузиб қўя-турған ишлар ҳам йўқ эмас эди. Хон мусулмон, бек мусулмон, халқ мусулмон, бунинг устига юриш-туриш ҳам мусулмонча, ҳукмлар ҳам шариъатча эди. Ўғирлиқ қилған учун қўл кесиладир ва ё дорға осиладир. Зони билан зониялар ҳам пештоқдан ташланадирлар, ичкулик ичкан учун қирқ дарра уриладир. Раис афанди мулозимларига дарра кўтартириб, намоз- сизларни текширадир, фарзи айн билмаганларни урдирадир эди. Иш шунчалик нозик бўлатуриб ҳам ўғрилар ўз тирикликлари орқасидан қолмайдирлар. Эш ака билан Тош ака-нинг уйлари орқасидан тешилиб моллари ўғирлана берадир, пештоқдан қопқа бўғилиб ташланмоқ учун фоҳишалар ҳам етишиб турадирлар. Бутун умрида пешонаси сажда кўрмаганлар ҳам кўб, аммо фарзи айннинг бош томонидан тўрт-беш жумлани ҳар ким қийналмасдан сайрий олар эди. Кўб кишиларнинг уйларида мусаллас билан бўзалар хумлаб қайнаб ётса, иккинчи томонда расмий суратда ичкулик сотиш билан тириклик қилғучилар ҳам йўқ эмас эдилар. Тошканднинг Чуқур қишлоқ деган ерида қозоқлар томонидан очилған ва ҳамиша рустамнамо кишилар билан айқириб ётқан бўзахоналар ҳам йўқ эмас эди. Беш ойлаб Оқ масжид сафарида юриб кеткач, Отабек тўғри шу Чуқур қишлоқ бўзахоналаридан бирига келиб тушкандек бўлди. Уни кундуз кунлари бўзахонада учратиб бўлмаса-да, аммо бўзахонаға келмаган кечаси жуда оз эди. Бўзагар Отабекнинг ким боласи эканлигини яхши билгани учун ҳамма ишни унинг тилагига қараб қилар, ул келди дегунча оддий бўзахўрлар ёниға ўтқузмай ўзининг махсус ҳужрасига олиб кирар, бошқаларға берилатурган лойқа бўзадан бермай, бўза-нинг гули билан меҳмон қилар эди. Ҳозир ҳам ул шу бўзахонада эди. Энди учунчи кувачани тугатиб, тўртинчини чақирған эди. Бўзагар кирди: — Бўза берайми, бек? — деб сўради. — Беринг, — деди ва: — машшоғингизни ҳам киргизинг! Вақт ярим кечадан ҳам оғқан, кундуз кунидан бери ичишиб чарчаған хўрандалар бақиришиб-чақиришиб тарқалишқан эдилар. Бўзахона тинчиган эди. Қўлма-қўл юриб чарчаған машшоқ ҳам бўшаб, Отабекдан катта-катта эҳсонлар кўргани учун, вақтнинг кечлигига ҳам эътибор қилмай кирган эди. Машшоқ Отабекнинг сархуш қўлидан бир пиёла бўзани ичкач, дуторини чертиб сўради: — Қандай куйни чалай, бек ака? Отабек сархуш товуш билан жиддийгина қилиб жавоб берди: — Билсангиз, ҳайдалиш куйини чалингиз, ажралиш куйини чалингиз! Машшоқ ажабсинған эди: — Дунёда бундай куйлар борлиғини умримда би-ринчи мартаба эшитаман, бек ака! — Дунёда бундай куй йўқ деб ўйлайсизми, сиз эшитмаган бўлсангиз манинг эшитканим бор... Билмасангиз, билган куйингизни чалингиз! Машшоқ дуторини созлар экан, яна сўради: — Бу куйлар янги чиқғанми? — Янги чиқған. — Қаерда эшитдингиз? Отабекнинг кайфи тарқағандек бўлиб, машшоққа қаради: — Бу куйларни Фарғонанинг Марғилонида эшитдим...— деди. Дуторни созлаш учун реза куйлардангина олиб турған машшоқ, Отабек кутмаган жойда «Наво»дан бошлаб юборған эди. Куйнинг бошланиши биланоқ унинг вужуди зирр этиб кеткандек бўлиб кейинги пиёласини бўшатди ва ихтиёрсиз равишда дуторнинг мунглик товшиға берилди. Дутор товши қандайдир ўзининг бир ҳасратини сўзлағандек, ҳикоя қилғандек бўлиб эшитилар эди. Йўқ, бу ҳасратни ул ўз тилидан сўзламас эди — Отабек тилидан сўзлар эди... Отабекнинг кўз ўнгидан ўткан кунлари бирма-бир ўтиб бошладилар-да, ниҳоят «анув» хотиралари, «анув» ҳангомалари ҳам кўриниш бериб ўтдилар... Йўқ, ўтмадилар... унинг кўз ўнгида келиб тўхтадиларда, шу кўйи турабердилар... Дутор бу кўринишни унинг кўз ўнгига келтириб тўхтатқач, бу фожиъага ўзи ҳам чидаб туролмағандек йиғлий бошлади... Дутор қуруққина йиғламас эди, балки бутун коинотни зирр этдириб ва хаста юракларни дирр силкитиб йиғлар эди... Отабек ортиқ чидаб туролмади-да, рўймоли билан кўзини яшириб йиғламоққа киришди... Ул кўз ёшларини тўхтатмоқчи бўлар эди. Бироқ ҳозирги ихтиёр ўзида эмас эди — ҳамма ихтиёр дуторнинг ҳазин «Наво»сида, тоқатсиз йиғисида эди... Дуторнинг нозик торларидан, тилсимлик юракларидан чиқған «Наво» куйи ўз ноласига тушунгучи Отабекдек йигитларга жуда муҳтож эди. Ўз дардига тушунган бу йигитка борған сайин дардини очиб сўзлар, йиғлаб ва инграб сўзлар эди... Эшиткучи эса дунёсини унутиб йиғлар, кучини йиғиштириб йиғлар ва ҳасрату аламини кўз ёшиси билан тўкиб йиғлар эди... Ниҳоят «Наво» куйи унинг бутун танидаги сувларини кўзи орқалиқ тўкдирди-да, фалакнинг тескари ҳаракатидан шикоят этиб қўйди ва дунёда ёлғиз ҳасраткина бўлмағанлигини билдиргандек ўзининг «савт» куйини ер юзига шодлиқ ва сўйинч ёғдириб арз эта бошлади. «Наво»нинг сиҳирлик «савт»и Отабекнинг кўз ёшларини қуритди-да, бир енгиллик бағишлади. «Наво» билан ювилиб кеткан унинг умид гулзорида янги чечаклар униб чиқди... Отабекнинг ўша воқиъадан сўнгғи Марғилон қатнашлари фақат натижасиз қуруққина бир қатнаш эди. Бу қатнашнинг ҳар бирисида уста Алимникига тушар, аммо ҳануз ундан ўзининг сиррини яшириб, Андижондан қайтиб келишини ва ё боришини ва йўл устидан кўриб кетиш учун кирганини айтиб уста Алимни миннатдор қилар эди. Ул Марғилонда кўб тўхтамас, бир кун, узоққа тортилса икки-уч кун туриб қайтар, баъзи вақтларда йўл устидан «Хўжа Маъоз» мозорини ҳам тунаб кетар эди. Унинг ўн кунлаб йўл машаққатини ўз устига олиб, Марғилонда қилатурған иши шу машаққатлар эвазига арзуғулиқ эдими, йўқми, ўқуғучи буни қуйидан онглар: Марғилондан натижасиз, тамоман бўшка қайтиб Тошканд келгач, Кумушни унуткандек бўлиб уч-тўрт кун у-бу билан овиниб юрар, сўнгра ҳафта, ўн кундан сўнг яна Марғилон тўғрисида ўйлаб бошлар, ўйлаб ўйининг тегига ета олмағач, ўзини қаёққа уришини билмай қолар, шундан сўнг ҳамма аламини Чуқур қишлоққа ҳавола қилиб, ўн-ўн беш кун босим ичканидан сўнг ичкулукдан ҳам лаззатланмай қолар ва шунинг ёнида унинг кўнгли бир нарсанинг бўйини олғандек сезинар, гўё Марғилон борса бир гап бўлатурғандек, бормай қолса кейинчаликда ўзи ўкинатурғандек... Шундан сўнг тўсатдан Марғилон йўлиға тушиб қолар, йўлда борар экан, ўзини тўрт кўз билан кутиб турғандек сезилган Марғилонға ҳар нимадир, бир соат илгарироқ етиш учун ошиқар эди. Ле-кин... лекин Марғилон дарбозасидан кириши ила унинг ҳоли ўзгариб бошлар, юраги қинидан чиқар даражада ўйнамоққа олур, айниқса пояфзал растасига яқинлашгач, унинг бу изтироби шиддатланур, пояфзал растасининг яқини билан бунчалик ўзгаришда қолған Отабек растанинг ўзида қандай ҳолға тушмоғини тасаввурдан ожиз келур ва раста кўринди дегунча отининг бошини чапка буриб юборар ва орқасидан кимнингдир «...борингиз, эшигим ёнида тўхтамангиз... уятсиз!» товши эшитилгандек бўлар эди... Ўз-ўзига «ҳақиқатан мен уятсиз», деб қўяр ва шунинг ила ҳамма кутилган-кузатилган гаплар, беш кунлик йўл машаққатлари ҳавоға кетар, ҳатто хаёлда эмас, ҳақиқатда ўйлаб қўйған қайин отаси билан хотинини шариъатка чақириш фикри ҳам унутилар ва йўқолур, «ҳийлагарнинг юзини қозихонада кўрайми, ўзи ҳам қурсин, юзи ҳам!» дер эди-да, отини тўғри уста Алимникига қараб солар эди. Отабек уста Алимни жуда юқори даражага қўйға-нидек, унинг мажлиси билан ҳам анча енгиллашар, ўн йиллардин бери уста Алим юрагида сақланған ва қабрға ҳам бирга кетиши кутилган ишқ тарихини қайта-қайта эшиткуси келаберар, уста Алим ҳам ўзининг ўлган Саодати тўғрисидағи ипидан-игнасигача бўлған хотираларини такрор-такрор ҳикоя қилиб, ҳикояси охирида: «Пешонамга сиғмади-да, ўлди», деб қўяр, бу сўз Отабекнинг ҳам юрагига совуқ сув сепкан таъсирини бериб, ул ҳам кўнглидан: «Маним ҳам пешонамга сиғмади-да, тириклайин ўлди» деган сўзни ўтқузар эди. Шу ҳолда икки-уч кун уста Алимникида турғач, энг сўнгғи мартаба Марғилон билан хайрлашкан каби шаҳарнинг ҳар бир нарсасига алвидо назари билан боқар ва боши оғқан томонға кеткандек Марғилоннинг ўнғай келган дарбозасиға қараб йўл олур эди. Қўқонда бир-икки кун, Кировчида уч-тўрт кун, Қурама, Телов ва шунингдек, қишлоқларда ҳам бир неча кунлаб қўна-қўна ниҳоят, Тошкандга келиб етар яна... яна... Отабекнинг Марғилонға бориб келиши шу йўсунда эди. Унинг сирри ўзидан бошқа ҳеч кимга маълум бўлмағанлиқдан, орада унинг ҳолиға кулгучи ва ундан ҳисоб олғучи бирав ҳам йўқ, фақат ул ҳамма ҳисобни ўз юрагидан олиб, ўз юрагига берар эди. Шу йўсун оромсизлик ва бесаранжомлик ичида унинг ой-кунлари ўтиб турар эди.
|