Учинчи кундан буёққа қутидорнинг эшиги теварагидан Содиқ айрилмас эди... ҳозир кечки соат еттилар бўлиб қолғани учун бу кун ҳам унинг келмаслигига қарор берган ва кетишни чоғлар эди, лекин узоқдан келгучи бирар отлиқни кўрса балки шу бўлмасин, деб яна кутиб қолар эди. Аҳвол билиш учун бўлса керак, Ҳомид ҳам отига қийшиқ миниб ўтиб кетди. Савол назари билан қараған эди, Содиқ бошини чайқаб жавоб берди. Ниҳоят қутидор ҳам кундаги вақтда бозордан қайтиб уйига кирди. Вақт шомға яқинлашиб қолғанлиқдан битта-яримта дўконлар ҳам ёпилиб, ўткунчилар ҳам сийраксиб қолдилар. Шунча кутканнинг ўн дақиқаси деб бўлса керак, ул ҳамон шу ўртада айланиб юрар эди. Пояфзал растасининг шарққа қараб тортилған кўчаси бошидан бир тўда йигитлар мунга қараб келар эдилар. Бошда ул келгучиларни танимаған эди, йигитлар яқинлашиб келгач, ўзининг ўртоқлари эканини билиб ўнгғайсизлана бошлади. Ўзини улардан яшириш учун қутидорнинг йўлагини жўблаған ҳам эди, йигитлардан биттаси: «Бу ерда Содиқ нима қилиб юрибдир» деб юборди, иккинчи йигит «Содиқбой, Содиқбой!» билан чақиришға тутиниб, шунинг ила Содиқ бурилған жойида тўхтаб қолишға мажбур бўлди. — Нега бу ерда тегирмончининг ишсиз қолған эшагидек жунжайиб ўлтурибсан, Содиқ? — деди бир йигит. Бошқалар бунинг сўзига кулишдилар. Содиқ ҳам кулгига иштирок қилиб, йигитларнинг яқиниға келди. — Биравда ишим бор эди, шуни кутиб ўлтурибман. — Содиқ деди ҳалиги йигит ва Содиқдан «ҳа» жавобини олғач, — бурнингми Рисолат холамнинг рапидаси? — деди. Йигитлар тағин кўчани кўтариб кулишиб юбордилар. — Жур, базмга! — Қанақа базмга? — Шамшодбекнинг базмига, ҳали Шамшодбек-нинг тўйидан хабаринг йўқми? Жур, Содиқ жияним, башарангми, дўлда қолған таппими? Содиқ иккиланиб жавоб берди: — Ман кейинроқ бораман. — Эҳ хумса, — деди йигит ва ариқдан сакраб Со-диқнинг ёниға ўтди. Андижондаги Қаймоқхон ҳам келибти, базми жамшид десанг-чи, жур! — Йигит Содиқни судрай бошлади. Бошқалар ҳам унинг орқасидан итара кетдилар. Содиқ ўртоқларининг жабри остида иложсизгина борса ҳам, лекин иккинчи томондан кутканини бу кун ҳам келмаслигига қарори ҳам йўқ эмас эди. Ўн-ўн беш отламдан сўнг ўртоқлариға итартириб ўлтурмасдан ўз ихтиёрича юрий бошлади. Кўчанинг жанубига қараб борар эдилар. Орадағи ғарбға қараб тортилған кўчани ҳам босиб тўғриға ўта бошлаған эдилар, узоқ-дан от елдириб тўғриға келгучи отлиқни кўрган Содиқ кўчанинг ўртасида тўхтади. Ҳалиги муштумзўр йигит уни бир туртди-да: — «Юр, юр, итбачча, жинни-минни бўлдингми?» деб судрай бошлади, бошқалар ҳам унга тўрт томондан чуғурчиқдек ёпишдилар. Шундай қилиб «бечора» Содиқни ўз холиға қўймай кўчадан анчагина нарига сургаб кетдилар. Улар бу кўчадан ўттуз-қирқ адимлаб узоқлашған ҳам эдилар, ҳалиги узоқда кўрилган отлиқ тўриқ йўрғасини қарсиллатиб катта кўчага чиқди ва йигитлар келган томонға — шимолга бурилди. Содиқ кетар экан, отлиққа бурилиб қаради. Ҳасаналидан хат олғани борғанида отхонада кўрган қора тўриқ отни таниғани он қўлтуғиға кириб олған рўдаподан қутилишға тиришиб боқди, лекин уҳдасидан чиқолмағач, кўзини йиртқичларча чахчайтириб «ит эмган даъюс!» деди қўлтуғидағи жонлик кишанга... ёниға борди. Бундай муомала олдида Отабекнинг қандай ҳолда қо-лиши изоҳка унча муҳтож бўлмаса керак. Ул турган жойида қозиқдек қоқилиб қолған эди. Қутидорнинг олдиға юришнида билмас, сўзлашка ҳам тили келмас эди. — Бу қандай ҳаракат, ота? Қутидор титроқ ва ҳаяжонли бир товуш билан: — Уятсизга манинг уйимдан ўрин йўқ, уятсиз билан сўзлашишка ҳам тоқатим йўқ... Борингиз, ма-нинг эшигим ёнида тўхтамангиз! — деди-да, ўзини ичкарига олди ва дарбозани ёпиб шилдир-шилдир занжирини боғлай бошлади... Отабек эсини бошиға йиғиб, михланған еридан қўзғалғанда шом намози ўқулиб биткан, кишилар уйларига қайта бошлағанлар эди. Ул мошинавори келиб отиға минди ва «чуҳ» деди, лекин от қўзғалмади. Икки-уч қамчидан сўнг толға боғланған тизгин шарт этиб узилиб кеткач, боя юриб кеткан отини ўткунчилардан биттасининг боғлаб турғанини эслади. «Чуҳ» деди. От кўчанинг шарқиға қараб кетди. Бу кетишда унинг ҳуши ўзида деб айтиш қийин, шунинг учун отнинг бошини қаёққа қараб солғани ҳам белгулик эмас, эҳтимолки унга ҳозир от юрса бас бўлғай. От кўчанинг айрилишиға етиб «енди қаёққа юрамиз» дегандек тўхтаған эди, эгаси яна «чуҳ» деб жавоб берди. От шимолга қараб бурилди. Бу кўча билан узоқ юргач, олтинчи фаслда ўқуғучи билан та- нишдирилған Б... маҳалласига чиқиб, от яна қай томонга юришни сўраб тўхтади. — Чуҳ. От кўчанинг шарқиға юриб ўқуғучиға маълум бурчакдаги иккита эшикдан ҳам яна шимолга буриб, тор кўча бўйлаб узоқ кетди. Вақт хуфтанга яқинлашиб қолғанлиқдан қоронғи ўбдан тушкан эди. От ўзининг бу галги тўхташида эгасининг чуҳ-чуҳига ҳам сирт бериб туриб олди ва Отабек кўзини очиб йўл қарашға мажбур бўлди. Отнинг тор кўчанинг ниҳоятига етиб йўлсизликдан тўхталғанини онглағач, ўткан ишлардан ўзига ҳисоб бера бошлади. Қайин отаси эшигида отини йўлга солғанини бир оз эсласа ҳам бошқасини билмас эди. Ҳар ҳолда Марғилоннинг четроғидаги боши берк кўчада ва катта бир дарбоза ёнида турғанлиғини тушунди. Отнинг бошини буришни-да, бурмасни-да билмай бир оз ўйлаб тўхтади. Ул ўйлаб турғанда дарбоза ичкарисидан икки кишининг хайрлашиб ажралишқанлари сезилар эди. Ичкаридаги оёқ товуши дарбозага яқинлаша бергач, ул чиқғучиға халақит бермас учун отининг бошини четка бурди. Отабек тўхтаған ўрин тўрт томондағи иморатлар билан ўбдан қоронғи, шунинг учун дарбозадан чиқғучининг фақат бошидағи оқ салласидан ўзгаси кўзга илинмас эди. Чиқғучи дарбоза ёнида турған отлиқдан чўчибми ва ё ўзичами сўради: — Ким отда турған? — Ман, — деди Отабек ва ўзининг мантиқсиз жавобидан ўнғайсизланиб тузик жавоб беришка оғзини жўблаған ҳам эди, чиқғучи «сиз кимсиз?» деган савол билан уни тўхтатиб қўйди. — Ман... бир мусофир ғариб, — деб жавоб берди-да, негадир томишка интилган кўз ёшисини куч билан тўхтатиб қолди. — Марғилонға шом вақтида кирган эдим, кўзлаган жойимни тополмай адашдим... — Қани бўлмаса, журинг бизникига, меҳмон, — айткучининг сўз оҳангидан ўртоқлиқ бўйи келиб Отабекнинг димоғига урса ҳам: — Раҳмат сизга, ака, — деди, лекин унинг бу сўзи ҳам ўринсиз кеткан эди. — Ўзингиз адашдим, дедингиз-ку, тағин қаёққа бормоқчи бўласиз? — Сизга оғир келмаса... — Оғирлиғи йўқ, юрингиз, — деди ва олдинға тушиб Отабекка йўл бошлади: — Ман ҳам сизга ўхшаган бир ғариб. Отабек киши орқасидан кетди, олдинма-кейин сўзлашмасдангина кўчанинг оёғиға қараб борар эдилар. Анчагина юргач, бошловчи «отингизга ҳам жой бор», деб қўйди. Отабек жавоб бермади. Шу кўйи сўзсизгина кўчанинг бурилишига етдилар-да, киши Отабекни тўхташға буюрди, ўзи шошилиб ўқуғучиға маълум Жаннат опа эшигининг чап томонидағи иккинчи эшикни очиш учун қулфни тимискилади. Эшикни очиши билан: — Отдан қўнингиз, меҳмон, — деди отни Отабек қўлидан олғач, — сиз хуржинингизни олиб йўлакдан тўғриға кираберингиз, — деди. Отабек хуржинни кўтариб эшикка кирди, усти ёпиқ қоп-қоронғи йўлакдан ўтиб каттагина бир ҳавлига чиқди ва хуржунни ҳавлининг ўртасиға элтиб қўйди. Киши отни бурчакдаги усти ёпиқ охирғами, суфагами боғлағач, келиб хуржинини олди. — Қани айвонға, — деб йўл бошлади. Киши Отабекни ўтқузғач, токчадан сопол лаган билан қовуқни олиб чақмоқ суртди. Шамъ ёқилди. Бу киши қирқ ёшлар чамалиқ, қонсиз юзлик, сийраккина соқоллик, қўй кўз, кўб вақт мадраса риёзатини чекканнамо, қотма, узун бўйлик бир одам эди. Айвоннинг полос ва асбобларида унча бойлиқ кўрилмаса ҳам пухта, озода, чирк юқтурилмаған йўсунда йиғиштирил-ғанлиғидан эгасининг ринд табиъатлик эканига шаҳодат бермакда эди. Айвоннинг сўл томонида кўрилган бир эшик ила уйми, ҳужрами, борлиғи билинар эди. Уй эгаси Отабекни яхшилаб кўз остидан ўтқузғач, сўради: — Қорнингиз албатта очдир, меҳмон? — Отабекдан жавоб кутиб турмай ўзи ҳукум ҳам бериб қўйди. — Йўл билан албатта очиққансиз, савзи-пиёз ва гўштларим ҳаммаси тайёр, фақат ўчоққа олов ёқсам, холос, ўзим ҳам ҳали хўрак қилғаним йўқ, кўб эмас озғина, бир чимдимгина қиламан. — Отабекнинг узрига қулоқ бермай ошға урнашка олди. Отабек энди ўткан ишларни кўз ўнгидан ўткуза бошлаған эди. Бу кунги беш дақиқа орасида бўлиб ўткан воқиъани ҳеч бир йўсун билан миясига сиғдира олмас, чиндан бўлған иш деб ўйлашға ақли бовар қилмас эди. Лекин қулоқлари остида ҳозирғина айтилган «Уятсизга манинг уйимдан ўрин йўқ... Борингиз, эшигим ёнида тўхтамангиз!» сўзининг садоси қандай бўлса ҳам унга бир ҳақиқатни очиқ сўзлар ва нафсида сезилган хўрланиш ва ҳаяжон буни тасдиқлар, бугина эмас юзига ёпилған дарбоза- нинг, шилдир-шилдир қилиб боғланган занжирнинг садоси ҳам бу ҳақиқатни таъкидлар эди. Бундан сўнг Кумушнинг заҳарлик муаммо мактуби бир сидира кўз ўнгидан ўтиб кетди. Мактубдаги тушуниши қийин бўлған нукта ва ишоратлар яна бир қайта заҳар сочиб ўткандек бўлдилар. Лекин буларнинг барчасини йиғиб очиқ-ойдин бир натижа чиқариш кучидан ожиз, гўё иситма вақтида бўлатурған тутуриқсиз, боғланишсиз алжи-билжи ҳолатни кечириб, ишни бир-бирисига боғлай билмас эди. Аммо ҳозирги дақиқада унга энг очиқ таъсир эткан нарса: «Борингиз, эшигим ёнида тўхтамангиз!» жумласи бўлиб, тўлқинланған иззати нафси ҳамиша «қора оҳу кўзларни» кўришка ўрганмиш юрак кўзини хўрлик пардаси билан яширишға тиришар эди. Воқиаън туғилиб эркаликдагина ўскан, ҳаётнинг дағал муомаласидан бегона, фақат унинг чучук сўзларинигина тинглаб келган Отабекка бу хўрлик турмишдан биринчи зарба эди. Шунинг учун Кумушка бағишланған юрак тугунини ешилған ҳолда кўрар, гўё марварид тугилган ҳарир рўймол ўғирлиқдан сўнг оёқ остларида бўм-бўш ётқандек ва эгаси шу ўғирланған жавоҳиротининг аламини чекиб турғандек эди. Уй эгаси ошға савзи босиб, Отабек ёниға келди, ул бошқа ҳиссиёт ва фикрларини вақтинчаға унутиб, ўзини тетикликка олди. Уй эгаси Отабек ёниға ўлтурар экан, сўради: — Сизники қаерда, меҳмон? — Тошканддан, мулла ака. — Исмингиз? Отабек манглайини қашиб олғач, жавоб берди: — Шокирбек... — Марғилонға биринчи келишингизми? — Биринчи келишим... — Савдо важҳи билан келгандирсиз? — уй эгаси Отабекнинг қиёфат ва уст-бошидан савдогарга ўхшат-қан эди. — Йўқ... Ман асли Қўқонға келган эдим, аммо Марғилонда отам танишларидан биттасида озроқ оласимиз бўлиб, шу кишига учрашиб кетайин, деб Марғилонға ўткан эдим, — Отабек ўзининг ёлғон-лашидан ўнғайсизланиб бир оз тўхтаб олди: — бу кишининг қаер-да туриши манга очиқ маълум эмас эди ва Марғилонда бошқа танишим бўлмағанлиқдан ва вақтнинг кечлигидан адашиб қолдим... Уй эгаси кулди: — Насибдан қочиб бўлмайди, Шокирбек; бу кун кечаси менга меҳмон бўлишингиз бор экан. Учра-шатурған кишингизнинг оти нима? — Комилбой... Уй эгаси ўйлаб турди-да: — Бизнинг бу яқинларда бундай киши йўқ, эҳтимол нарига даҳададир, — деди ва туриб ошиға қараб кетди. Отабек ўзининг қип-қизил ёлғонлашидан виждони олдида қизаринди. Аммо ул бир томондан бунга мажбур ҳам эди, чунки унинг қутидор билан қамалиш ва ўлумга ҳукм этилиш тарихи бутун Марғилонға машҳур бўлиб, ҳақиқий исмини яширмай айтканда, эҳтимолки бошқа сирларни ҳам очмоққа тўғри келар эди. Уй эгаси қозон ёниға кеткач, ул ҳам ўрнидан туриб ҳавлиға тушди. Айвоннинг нариги ёни билан шарққа қараб кирилатурган бир йўлак орқалиқ бир боқчағами, майдонгами чиқи-лишини билиб шу ёққа юрди ва кичикрак бир мевазорга чиқди. Кечанинг қоронғилиғи устига меваларнинг қуюқ япроқлари қўшилишиб, бу майдон айниқса Ота-бекнинг ҳозирги кўнглига яқинлашиб келар эди. Унинг кўнгил меваси бу кунги қора воқиъа билан қандай ўралиб, йўқолиб кетган бўлса, бундаги дарахтлар ҳам ўз меваларини кеча ранги билан бўяб, яшил япроқлари ила кўмган эдилар, яъни бунда ўскан дарахтлар қандай мева берадир — ажратиш қийин эди. Ул шу қоронғизор билан қўшилишиб кеткандек ва қоронғилиқнинг қучоғига кира борғандек мевазорнинг ичкарисига юрий борди. Ва ниҳоят бутоқлари бағриға солиниб туш-кан бир дарахтнинг остиға ўлтурди ва бу ўлтуришда узоқ фурсат қотиб қолғандек ҳаракатсиз эди. Ўн беш дақиқалардан сўнг ичига ел қамалған пуввакдек уффф этиб юборгач, ўрнидан турди. Боқчанинг кунботари билан харобазор иморатларни ёнлаб юрди. Отабек айвонға қайтиб келганда, уй эгаси ошни дамлаб бўлиб айвонда кутиб ўлтирмакда эди. — Отингизга озроқ жоҳори бериб қўйдим. — Раҳмат, мулла ака, — деди Отабек, уй эгаси нимадир сўзламакчи бўлса ҳам ўнгғайсизланған сумол Отабекка тикилиб-тикилиб қўймоқда эди. — Касбим тўқуғучилиқ, Шокирбек, — деди уй эгаси. Отабек сўзни тугалмаганлигини билиб, унинг оғзиға қараб турар эди: — Доим захда ўлтуриб ишлаганимданми ёки ўзимнинг табиъатимда заифлик борми, иш қилиб нима бўлса ҳам кўп вақтдан бери бедармон тортиб юрибман,— деди ва давом этди, — гоҳо кўкрак ҳам оғриб қўядир. Яқинларда табибларга кўрсаткан эдим, қонингиз оз, қимиз ичинг, хўрак олдидан мавиз истиъмол қилинг, деб кенгаш бердилар. Уларнинг кенгаши бўюн- ча уч-тўрт кун қимиз ва мавиз истеъмол қилиб боққан эдим, воқиъан бир мунча фойдаси ҳам маълум бўлди. Сизга буни сўзлаб шуни айтмакчиманки, ош олдидан бир-икки пиёла мавиз ичиб юборсам, албатта бунга сиз-нинг қаршилиғингиз бўлмас-а? — деди ва кулди. — Қандай қаршилиғим бўлсин, сиз маъзурсиз. Уй эгаси илжайган ҳолда ҳужрага кириб, ўзининг таъбирича май эмас, бир кўвача мавизни олиб чиқди, тоқчадан пиёла олғач, келиб Отабекнинг ёниға ўлтурди. Мавизни пиёлага чулдуратиб қуяр экан, меҳмонга ер остидан мўралаб кулимсираб қўйди. — Сизнинг ҳам ичканингиз борми? — Йўқ. Тўғриси ҳам Отабек ичкулукдан қаттиғ ҳазар қилар ва бу кунгача майни ўзига душман каби кўриб келар эди. Уй эгаси қуйган пиёласини симириб юборғач, сездирмаслик қилиб сесканиб қўйди ва: — Аниқ ичмаганмисиз? — деб яна сўраған эди, Отабек бошни чайқаш билан кифояланди. — Қаттиғ узр бўлмағанда ичмаган ҳам маъ-қул,— деди ва иккинчи пиёлани тўлдирар экан, давом қилди,— лекин бу нарса бир томондан кишининг саломатлигига фойда берса, иккинчи жиҳатдан тирикликнинг қайғу ва аламларини-да унутдириб турар экан. Бошимға ўлгунча унута олмаслиқ қайғу-ҳасратлар тушди, Шокирбек. Айниқса кейинги йилларда ўзимга ҳеч бир қаердан овинчоқ тополмай, ниҳоят шу аччиғ сув билан овинатурған холға келиб қолдим, — деди ва узоқ тин олиб тўлғизған пиёласини олдиға қўйди. Иккиси ҳам бир неча вақт сукутда қолдилар. Ул иккинчи пиёлани ичкач, Отабекни диққат билан кузатиб чиқди. — Агар янглишмасам, сиз ҳам бир оз қайғулироқ кўринасиз меҳмон, бир пиёлани ичиб юбормайсизми? — Раҳмат, мулла ака, — деди Отабек, аммо ўзида таърифи сўзланиб ўтилган нарсага бир эҳтиёж сеза бошлаған ва ўзини ҳам маъзурлар қаториға қўяёзган эди. Унинг бу ҳолини уй эгаси сездими ёки синаб кўрмакчи бўлдими, ҳайтовур, учунчи пиёлани тўлдириб Отабекка узатди: — Қўлимни қайтарманг, меҳмон. Иккимиз ҳам маъзур кўринамиз. Отабек узрини айтиб, пиёлани олмай турған эди, ул ҳам пиёлани узатқанча кулиб тураберди. — Ман мавизни тамом шаръий қилиб тайёрлайман, тунов кун маҳалламизнинг охунлари ҳам ҳалоллиғига фатво бериб кетдилар. Отабек пиёлани олишға мажбур бўлди. Уй эгасининг айтканидек мавиз жуда ҳам тиниқ, яхши чиқған кўкчой каби мусаффо эди. Пиёлага узоқ қараб турмай ичиб ҳам юборди. Оч қоринға тушкан ўткир май вижж этдириб меъдани қайнатди-да, томоқ остини ловуллатмоқ-қа олди. Отабекка биринчи пиёлани ичирғандан сўнг, уй эгаси ошни сузишка кетди.
|