Абу Муҳриз Шерозий PDF Босма E-mail

Кибрланиш ва йўқолган олтин камар
Шайх Абу Абдуллоҳ Хафиф Шерозийнинг айтишича, Абу Муҳриз дебдиким, Нисо шаҳридан Шероз томон йўл олдим ва султоннинг ходимлари билан йўлдош бўлдим. Уларнинг феъл-атвори ва қилаётган ишлари менга хуш келмади. Кўнглимда инкор қилиб, улардан айрилмоқни тиладим. Тўсатдан беклардан бирининг олтин камари йўқолгани маълум бўлиб, ғавғо кўтарилди. Бек карвондаги одамларнинг ҳаммасини тинтув қилишга қасам ичди. Одамларни бир-бир тафтиш қилдилар, мен қолдим. Одамлар:
- Бу шайхдан шубҳа қилиб, ўғриликка гумон қилиш нечук бўлғай?! - деб айтишди.
Бек айтди:
- Мен онт ичганман, бари бефойда, ахтармоқ керак.
Мени ҳам ахтардилар. Ул камар белимда боғланган чикди. Мен дедим:
- Биллоҳки, мени бу ишдан хабарим йўкдир.
Бек деди:
- Бу ёлғон қасам ўғриликдан ҳам оғирроқ гуноҳдир.
Буюрдиким, мени йўл бошида карвонлар йўлида боғлаб қўйсинлар, то ҳар киши ўтса, танбеҳ ва сарзаниш қилсин. Айтилган ҳолат-да мени қолдириб, мендан айрилдилар.