Абубакр Шаъроний PDF Босма E-mail

Зоҳиднинг меҳмондорчилиги
Шайх Абу Абдуллоҳ Хафиф дебдурки, зоҳиран Абубакр Шаъронийдан ўзга дунёдан кўнгил узган содиқ зоҳидни кўрмадим. Бир куни Истаҳр шаҳрига унинг зиёратига бордим. Кеч эди. Деди:
- Эй Абу Абдуллоҳ, бугун сенинг баракотингдан ёғли овқат еймиз.
Туриб сопол қозонини осди ва шамолда қуритилган бир парча гўштни қозонга солди ва озгина туз қўшиб, қозонни қайнатди. Бировга буюрди, бир парча нон келтирди. Нонни тўғраб, шўрвани устидан қуйди ва гўштни тепасидан қўйди. Ва менга дедиким:
- Егил!
Мен шўрванинг нонидан ер эдим. Деди:
- Гўштдан егил!
Мен дедим:
- Мени гўшт емакдан маъзур тутинг.
Деди:
- Балким сенга фалон ва фалон овқатлар керакдир, уларни эртага ҳозирлаймиз. Шаҳарга бориб, сен учун олгаймиз.
Эртаси шаҳарга кирдим, дарвешлар тўпландилар ва бир таом ҳозир қилдилар. Мен бу таомдан озгина олиб, унинг олдига бордим. Деди:
- Айтким, не қилдинг?
Дедим:
- Ҳали ҳеч нарса еганим йўқ. Сиздан илтимосим шуки, мен билан овқатланинг.
Икков таом едик ва мен Шероз томон йўл олдим.