Абулхайр Моликий PDF Босма E-mail

Қачон банданинг хаёли Аллоҳ таоло билан ёруғ бўлади?
Шайх Абу Абдуллоҳ Хафиф Шерозий дебдурки, йигитликда нафл рўзаси тутардим ва ифторлик қилмасдим. Кечаси жомеъ масжидида бўлардим ва менинг учун қандил қўярдилар. Бир кеча қаттиқ шамол эсиб, ёмғир қуйганлиги сабабли чироқ ўчганди. Биров эшикни қокди. Бориб очсам, Абулхайр Моликий экан. Кирди ва ўтирди. Мен унинг ҳайбатидан ҳайикдим. Тугунча очди, таом бор эди. Деди:
- Буни егил. Мен уйимда эдим, буни келтирдилар, хотирим сенинг сари бўлганлигидан ея олмадим.
Унинг ҳайбатидан ифторликсиз рўза тутмокдаман, деёлмадим. Бирга тановул қилдик. Таомдан сўнг сўрадим:
- Эй Шайх, бир саволим бор эди.
Деди:
- Сўра!
Дедим:
- Қачон банданинг хаёли Аллоҳ таоло билан ёруғ бўлади?
Деди:
- Ихтилоф кўтарилганида.
Мен бу сўздан ажабландим. Эртаси бошқа машойихга айтиб бердим, улар ҳам ажабланиб, дедилар:
- Буни ўзидан сўрайлик.
Ундан сўрасалар, деди:
- Кечаси содир бўлган нарса кундуз зикр этилмайди.
Ва иқрор қилмади.