Ҳабиб Аъжамий PDF Босма E-mail

Судхўрнинг тавбаси
Дастлаб судхўрлик қиларди, одамларга фоизга қарз берарди. Ҳар куни қарздорлар уйига бориб, пулини сўрарди. Агар қарзларини қайтаришса, яхши, йўқса, қадам ҳақи учун пул оларди ва рўзғорини шу зайлда тебратарди. Халқ орасида ҳам шу сифати билан шуҳрат топган эди.
Тавбасига сабаб бу эдики, бир куни «қадам ҳақи» ҳисобидан қозон қайнатаётганди. Бир гадо келди. «Аллоҳ учун бирор нарса бер!» деди. У аччиқланиб: «Ўзи овқат кам, сенга етмас», деб гадони ҳайдаб солди.
Овқат тайёр бўлгач, сузиш учун хотини қозонни очса, кўрдики, таом ўрнига қон қайнаб ётибди. Ҳабибни чақириб, гадони қувиб солгани учун таом қонга айланганини кўрсатди. Ҳабиб бу ҳодисани кўргач, ҳолати бутунлай ўзгарди. Берган қарзларидан буткул кечиб, Шайх Ҳасан Басрий хизматида қилган гуноҳларидан тавба қилди ва сўфийлик билан машғул бўлди. Шайх Ҳасан Басрий (қ.с.) қошида кундузи илм ўрганар эди ва кечаси тонг отгунча ибодат билан машғул эди.
«Аъжамий» (арабчани билмайдиган) дея лақаб орттиришининг сабаби - у Қуръонни тўғри ўқишни билмасди, аммо шарҳ ва тафсирида соҳибкамоллар унинг қошида мактаб ўқувчисидек эдилар.

Валий назарининг баракати
Қотилликда айбланган бир кишини дорга осаётган эдилар. Ҳабиб ўтаётган чоғда унга кўзи тушди. Кечаси тушда дорга осилган қотилни жаннатда кўрдилар.
Сўрадилар:
- Сен ул қилмишинг билан бу мартабага нечук эришдинг?
Деди:
- Мени қатл этаётган чоғда Ҳабиб Аъжамий ўтиб бораётган эди. Назари менга тушибди. Бу даражага унинг бир нафаси баракатидан етишдим.