Ойтўлди хоқонга давлат сифатини кўрсатади |
Ойтўлди хотиржам дер: Уқдим ўзим, Сўрадинг бирма-бир, эшитгил сўзим.
Барчасин мен уқиб олдим ниҳоят, Сен ҳам англаб олсанг соз блар ғоят.
Қошингга келишим аён сабаби, Намойиш қилганим камина таъби.
Ўрин бердинг дастлаб мен ўтирмадим, Ўрин йўқ менга, сен буни уқ дедим. Ерга тўп қўйганим ҳам бир сири бор, Феълу атворимга бергил эътибор.
Тўп азал бир жойда топмас ҳеч қарор, Тўп каби давлат ҳам ўта беқарор.
Юмганим боисин айтай кўзимни, Дедим аён айлай басир ўзимни.
Бу айём мен - давлат ҳам мисли басир, Илашганга дарров бўларман асир.
Яна сўзладинг сен, мен ҳам сўзладим, Кулиб боққанингда юзим гизладим.
Давлат қиёфасин фош этдим хира: Жафо қай қилмиши, ишонма сира.
Нелар дер, эшитгин, сен туркий мақол, Ёниб айтган кўпни кўрган оқсоқол:
Қувонма давлату қут билан мамнун, Давлат маст қилмагай, эй бағри бутун!
Оқар сув, бийрон тил, қут ҳам тинч турмас, Елдай олам кезиб қайга юз бурмас.
Қўнимсиз давлату бахт жафо қилар, Шахдам одимлаб ҳам ногоҳ йиқилар.
Хоқоннинг Ойтўлдига саволи Хоқон айтди: Уқдим, ҳар сўзинг аён, Ўтиниб, гуноҳдан қутилдинг осон.
Санъат-ҳунарингдан энди очгин сўз, Ширин сўзладинг сен ғоят, қора кўз.
Ойтўлдининг Хоқонга жавоби
Ойтўлди дер: Санъат-ҳунар зиёда, Фойда тегар элга мендан дунёда.
Аъмолим рост, ўзим ёшман беғубор, Беклару улуғлар кечиргай минг бор.
Кўрку савлатимга феълим муносиб, Барча тилакларим айлади насиб.
Ўзим қайда бўлсам тугал орзулар Ҳамроҳу ҳамрозим, жон ипин улар.
Фароғат мен билан, заҳмат йўқ бироқ, Қувонч доим бирга, қайғу-ғам йироқ.
Мухолиф барчасин бор-буди барбод, Бўйин эгган мўмин топар минг мурод.
Ҳар ҳамла қилганга ўқим санчилар, Янчай деб қасд қилган ўзи янчилар.
Ғоят мос бу ҳолга ҳикматли калом, Билимдонлар уқиб олгай, вассалом: Қайда бўлса толе, бўйин бер, яраш, Қўлга киритсанг гар ғам билан кураш.
Саодатли ҳар зот толе бўлса ёр, Минг бир орзу билан пайваста, туташ.
Хоқоннинг Ойтўлдига саволи
Хоқон айтди: Барча санъатинг аён, Бирон нуқсонинг ҳам борми, қил баён.
Ойтўлдининг Хоқонга жавоби
Ойтўлди сўзлади: нуқсоним йўқ ҳеч, Вале эл маломат қилар эрта-кеч.
Гуноҳим - йўқ эмиш ҳеч менда вафо, Беқарор ҳам, дея қиларлар жафо.
Айбситманг сира, дея, беқарор, Беором йиғарман яна минг барор.
Барча кўҳна ашё нораво бўлар, Нораво ҳам дарди бедаво бўлар.
Топилса янги гар эски не даркор, Бебаҳо қошида ярамас бекор.
Янгидан топар минг фароғат ҳар жон, Роҳат истаб чекар минг заҳмат инсон.
Бевафо саналар бу ишим учун, Яна барча холис ташвишим учун. Ғоят теран ҳикмат айтган ботир зот, Ҳар айтган каломим айлагай исбот:
Яралган ҳар не ҳам бир кун йўқ бўлар, Яратгувчи холиқ не қилса қилар.
Ҳаёт бамисоли тутқич бермас ел, Қочар, етиб ўлмас, уни ким тутар.
Қувонма бу қутга келар ҳам кетар, Инонма, бу давлат берар ҳам олар.
Бевафо бўлмаса бу давлат ўзи, Бебаҳо бағоят бу қут, эй қўзи.
Келиб кетмаса гар бу давлат яна, Мотамга дўнмасди ҳеч бир тантана.
Хоқоннинг Ойтўлдига саволи
Хоқон айтар: Уқдим феълинг беқарор, Сендан етарми ҳеч такрор бир барор?
Ойтўлдининг Хоқонга жавоби
Ойтўлди сўзлади: Менинг бу ўзим, Бамисли кийикман, шубҳасиз сўзим.
Топа олмас зинҳор ҳар истар киши, Йўқотар топган ҳам ортиб ташвиши.
Етишган гар қаттиқ тутса бегумон, Қўлидан қочишим, рости, даргумон.
Хоқоннинг Ойтўлдига саволи Султон деди: Сўзла қаттиқ тутишни, Нишону белгиси қандай бу ишни?
Ойтўлдининг Хоқонга жавоби
Ойтўлди айтдики: Чораси кишан, Қатор омиллардан берай мен нишон.
Оқил, зариф бўлгай талабгор инсон, Мулойим, феъли кенг ҳам ширин забон.
Ўзин эҳтиётлаб мағрурланмагай, Бемаъни ҳар ишга яқин турмагай.
Молу мулк бобида, бас, меъёр билгай, Феълига мувофиқ йўл-йўриқ қилгай.
Ўзидан улуғлар ҳурматин қилса, Ўзидан кичиклар иззатин билса.
Ғанимлик қилмаса ҳар кимга мағрур, Сира топтамаса ғарибни масрур.
Фақат айшу ишрат қилиб эрта-кеч, Молу мулкин елга совурмагай ҳеч.
Ҳамиша ҳийлаю найрангдан йироқ, Феълу атвори бор элдан яхшироқ.
Булар бевафо қут белги-нишони, Зиёд ногоҳ қўлдан кетиш имкони. Доно шоир байтин теран уқиб ол, Шоир байти билан калом шаҳду бол:
Кийик мисол давлат қочар тез-шитоб, Қўлингга кирса гар, маҳкам тут шу тоб.
Тута билсанг, давлат зиёд кун сайин, Қўлдан кетса, армон бамисли сароб.
Хоқоннинг Ойтўлдига жавоби
Султон айтди: Эй қут, англадим сени, Толиб бу дея рад этарсан мени.
Бевафо бўлмасанг, яна беқарор, Оламда сен каби бўлмасди барор.
Вале беқарорсан, ўзинг бевафо, Вафо ваъда айлаб, қиларсан жафо.
Отаю онадан ҳам меҳрибон гоҳ, Гўё сен каби йўқ ҳеч пушти паноҳ.
Гоҳо кўрмагандек тескари юзинг, Тамомила ўзга хулқинг ҳам сўзинг.
Йиғиб-терганларинг буткул сочарсан, Ортингдан қувса ким, елдай қочарсан.
Ойтўлдининг Хоқонга жавоби
Ойтўлди айтдики: Соҳиби иқбол, Ҳунару санъатим сўзладим ҳалол. Етишган тиласа саодат комил, Амал қилгай, айтдим неча бир омил.
Қўлга киритганлар тутмаса маҳкам, Кийикдай қочарман, етолмас ҳеч ҳам.
Нелар дер, эшитгин, кекса дилпазир, Қария насиҳат-панди беназир:
Келар қут, тутмасанг кетар, бас, дайдиб, Нозу неъматин ҳам тез олар қайтиб.
Баногоҳ бахт келса, чиқарма қўлдан, Ногоҳ кетса, сира қайтмагай йўлдан.
Бахтли инсон бағри тўлиши керак, Ёмонликдан йироқ бўлиши керак.
Ким одил, кўнгли пок, комил бўлади, Бу унинг бахтига омил бўлади.
Хоқоннинг Ойтўлдига саволи
Хоқон айтди: Фазлу нуқсонинг аён, Ойтўлди не боис отинг, қил баён?
Не мазмун-маъноси, айтиб бер менга, Билайин, англайин, инонай сенга.
Ойтўлдининг Хоқонга жавоби
Ойтўлди сўзлагай: Минг ҳикматга бой, Ҳар донишманд айтар: Исмим - мисли ой. Янги ой нозикдан ҳам нозик бўлар, Ва лекин кун сайин юксалиб тўлар.
Мунаввар тўлишиб тўлса бор олам, Топар минг рўшнолик бор аҳли одам.
Янги ой кун келиб тўлгач киройи, Яна камайиб ҳам кетар чиройи.
Зиёси камайиб яна йўқ бўлар, Туғилгач, кун сайин оз-оздан тўлар.
Камина ҳам асли шу янглиғ гўё, Гоҳи пайдоману гоҳида рўё.
Не ғариб-ночорга бурсам, бас, юзим, Зиёда савлати, шубҳасиз сўзим.
Бойиса, улғайса, шони зиёда, Кетарман, қолар сўнг яна пиёда.
Яна йитар бутун йиққан-тергани, Яна армон бир оз кўкрак кергани.
Исбот айлар буни шоир ҳақ сўзи, Шоир сўзи ношуд, нотавон кўзи:
Молу давлат шуҳрат-шон билан келар, Моҳитобон каби нур билан белар. Бевафо қут-давлат, берма ҳеч кўнгил, Тўлин ой каби у яна емрилар.
Яна бир ҳикмат ҳам айтайин сенга, Эшитгин уни сен ҳам инон менга.
Ой манзил-макони ўзгарар тез-тез, Ўзга жойда балқар ҳар нафас, ҳар кез.
Ой буржи Саратон тинмай эврилар, Уйи эврилар ҳам ўзи чеврилар.
Қай бир уйга кирса бу ой тез чиқар, Ботар уйини ҳам тарк этар-йиқар.
Менинг ҳам рафторим ўхшайди ойга, Гоҳ қуйи, чиқарман гоҳ баланд жойга.
Келарман, кетарман, илдамлаб бурун, Жаҳонни кезарман, менга йўқ ўрин.
Ойтўлди аталар шу боис отим, Билиб таърифлаган донишманд зотим.
Фазилат-нуқсони билан эш давлат, Дарду давосин ҳам дедим, басавлат.
Очиқ сўзладим сўз, яширмадим ҳеч, Хоҳласанг олиб қол, хоҳламасанг кеч.
Хоқоннинг Ойтўлдига жавоби Хоқон айтди: Барча эшитдим сўзинг, Маъқул ҳар бир сўзинг ҳам маъқул ўзинг.
Тилар эдим асли сен каби киши, Худо берди сени, эй жўмард боши.
Худо кимга берса давлат қўш-қўллаб, Розилик тилагай шукрона йўллаб.
Бундан буён мен ҳам сира тинмасдан, Не тонг, шукр қилсам ҳеч эринмасдан.
Нелар дер, эшитгин донишманд, ўзи Гар йўқ орамизда, барҳаёт сўзи:
Шукр қил Худога, эй соҳиби бахт, Шукр қилсанг Худо минг неъмати тахт.
Қай неъмат соҳиби унутар ўзин, Шукр қилса, Худо ўгирмас юзин.
Оз неъмати учун зиёд шукр қил, Зиёд бўлса неъмат, қимматин ҳам бил.
Шукр қилса неъмат бири ўн бўлар, Бири ўн бўлару қўйни ҳам тўлар.
Султон Ойтўлдини алқади мамнун, Деди: Ҳеч ёнимдан жилма куну тун. Ғаройиб тортиқлар билан этди шод, Олтину кумуш ҳам бахш этди кушод.
Сўзин барчасини сўзлади султон, Насиҳат тинглади минг бир беармон.
Ойтўлди эҳтиром қадрин боз билди, Холис, сидқидилдан ҳар ишни қилди.
Синади шаҳаншоҳ Ойтўлди мардни, Аъло билди элдан оқил жўмардни. |
Ислом адабиёти
- Низомий Ганжавий
- Манас — қирғиз халқининг афсонавий қаҳрамони
- “Девони луғотит турк” асарининг 950 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилмоқда
- Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи илк марта араб тилида нашр этилди
- Пушкин негр бўлганми?
- «Саботул ожизин» китобининг ёзилиш сабаби
- Қандай қилиб лўттивоз ва бузуқи Фауст Гётенинг бош қаҳрамонига айлангани ҳақида
- Умар Ҳайём рубойилари
- Абдулла Қодирий динга қарши ёзганми?
- Мулла Абдураҳмонларни гапириш, динга қарши чиқиш ҳисобланадими?
- Адашганлар кўп. (Киноя. Фельетон)
- Мулла Абдураҳмон қандай олим?