Миршаблар томонидан қўрбоши маҳкамасига сў-роққа олиб кетилган қутидор қайтиб йўлакдан кириши билан минг хил ташвишда ўлтурғучи Офтоб ойим билан Кумушка қайтиб жон кирган каби бўлди. Кумуш отасининг олдиға қанот ёзған каби югириб, унинг соқолини силар экан, сўради: — Сизга зарар бермадиларми, отажон? — Йўқ, қизим. Офтоб ойим эрининг бу сўзини эшитиши билан Хўжа Баҳоваддин йўлиға ўгуриб қўйған етти танга пулини Тўйбекага бериб, дарров эшонникига жўнатди ва шундан сўнг эридан сўради: — Сизга айб қўя олмадиларми? — Худойға шукур, оқландим, — деди қутидор. — Чиндан ҳам менда қандай айб бўлсунки, ўзимиз ҳам бу ҳангамани уйқудан туриб пайқаған бўлсақ. Уйимиз остини ёмонлар тешкан бўлсалар ҳам аммо киши сиғмаслиқ бўлғанлиғи мени оқлиққа чиқарди. Лекин киши сиғатурған бўлиб тешилганда ҳам мени айблай олмас эдилар, зероки, уйимиз остини тешкан муттаҳамлар албатта яхши ният билан тешмаган бўлиб, молимиз ва жонимиз қасдида эканликлари маълум эди. Башарти қотил мен бўлиб кўринганимда ҳам молим ва жоним қуруғида ўғриларни ўлдирганлигим учун яна гуноҳкор бўлмас эдим. Ҳар ҳолда бу фожиъа бизга зарарсиз бўлиб ўтдиким, бунинг учун ҳақ таолога қанча шукур қилсак ҳам оздир, — деди ва айвонға чиқиб танчага ўлтурғач, Кумушдан сўради: — ачанг келмадими? Офтоб ойим жавоб берди: — Қаттиғ оғриб қолибдир, — ва сўради: — кимлар ўлдириб кетканини била олмадингизми? Қутидор ажабсиниб хотиниға қаради: — Қизиқ сўз айтасан-а! — деди. — Бу ишка бутун шаҳар ҳайрон. Қилни қирққа ёрадирған донолар ҳам бир нарса тўқуй олмайдирлар... Аммо маним кўнглимга келадиргани шулки, бизнинг молимизға кўз олайтурған ўғрилар беш-олти киши бўлиб, уйни тешаёзған вақтла-рида оралариға низо тушиб, бир-бирлари билан пичоқ-лашқан бўлсалар керак. Кумуш отасининг бу кашфига қарши тушди. — Бу гапингиз тўғри эмас, ота, — деди. — Нега тўғри эмас? — Негаки, бир-биравларини ўлдиришиб, бизга зарар бер-масдан қуруққина кетмас эдилар. — Тонг отиб қолғандир ёки улар ҳам ҳолдан тойғандирлар, — деб жавоб берди қутидор. — Бу орада Ҳомид нима қилиб юрибдир, ўзига тузиккина бой киши эмасми эди? — деди Офтоб ойим, бу вақт Кумуш секингина онасиға қараб олған эди. — Ҳомид тийнати бузуқ бир йигит эди, — деб жавоб берди қутидор. —Еҳтимолки, унинг топқан давлати ўғрилиқ орқасидадир, кишининг давлатига қараб ҳукм юрутиш қийин. — Худойимдан ўргулайки, — деди Кумуш энтикиб ва даҳшатланиб, — ёмонларнинг жазасини ўзи берган. Ўғрилар тешиб олдимға чиқғанларида мен нима қилар эдим? Оҳ, отажон! Мен ажалимдан беш кун бурун ўлар эдим. Қизингиздан ажралур эдингиз!.. Мени ғафлат уйқуси босмаған бўлса, нега бир газлик пахсани кесар эмишлар ва бошимдан туйнук очар эмишлар-да, мен ҳеч нарса сезмас эмишман. Офтоб ойим бошини чайқаб: — Шуни айт, қизим! — деди. Қутидор: — Худонинг қандай ҳикматлари бордирким, шу кеча-кундузларда бизнинг теварагимизда қонли воқиъалар кўрила бошлади: бу кун никоҳ деганимизда Комилбекни ҳаммомда ўлдириб кетдилар (Кумушбиби юзида бир енгиллик кўрилди), кеча уйимиз орқасида бир эмас, уч киши ўлдирилдилар. Худо охирини бахайр қилсин энди... — Иншооллоҳ, ишнинг охири хайрликдир, отажон,— деди Кумуш, — чунки бизнинг молимизга кўз олайтириб ёмон ният билан уйимиз орқасини тешкучиларни ер билан яксон этдириши истиқболимизнинг хайрлик фолларидандир, отажон! — Тўғри айтасан, қизим, — деди қутидор. Кумуш ўзининг қўнғуроқдек товши билан давом этди: — Бу мақтуллар кимлар бўлса бўлсин, бизнинг уйи-миз орқасиға яхши ният билан келгучи кишилар эмас ва буларни тупроққа қоришдирғучи ҳам бизга хайрихоҳ бўлған қотил ва ё қотиллардир... Бизга мунча яхшилиқ қилған киши ким бўлса ҳам худо ажрини берсин! — деди. Қутидор қизининг сўзини кучлаб тушди. — Бизга ёмон нияти билан қараған бўлсалар, худо жазаларини берди. Бизга хайрихоҳ бўлғанларнинг ҳам хайри жазаларини берар, — деди. Кумушбиби бу қўрқунч уйда ёта олмаслиғини билдиргани учун Офтоб ойим Тўйбекадан Кумушнинг буюмларини иккинчи уйга ташита бошлади. Қутидор эса бутун кун меҳмонхонасиға келиб-кетиб турған кўнгил сўрағучи ошна, ёр-дўстлари билан овора бўлди. кишидек бўлиб ўлтурғучи мажҳул кишидан таажжубланар эди. Ниҳоят, шамъ келиб токчага қўндирилғач, уста Алим муроқабадан бошини кўтариб қутидорға қаради: — Мендан таажжубландингиз, — деди ва қўйнидан мактубларни чиқариб биттасини қутидорға узатди, — мендан ҳам бу мактуб ажиброқдир, — деб кулди. Қутидор хатнинг унвонига кўз югиртириб чиқғач, уста Алим айткандек таажжуб ичида хатни очди... Ўқуб битиргач, ул даҳшат ва таажжуб ичида тошдек қотиб қолған эди... Агарда унинг ёнида уста Алим бўлмағанда эди, эҳтимол ул қай ва қатларғача серрайиб қолар эди. — Жон ва оилангиз душмани бўлған бир бадбахт энди ўз қилмишининг жазасини кўрди, буродарим Отабек уларнинг тотиқларини хўб боблаб берди, — деди уста Алим ва давом этди: — шунинг билан сизнинг нажиб оилангиз даҳшатлик фожиъа даврларини кечириб, энди маъсуд кунлар арафасига етди. Хатни ўқуб сизнинг даҳшатланишингиз эмас, қувонишингиз, душманингизни юз тубан қилғани учун ҳақ таолоға шукур айтишингиз керакдир! Қутидор ҳушини бошиға йиғаёзди ва уфлаб тин олғач, ҳаяжон ичида сўради: — Мен билан Отабекни қаматдирған ва дор остлариға юборған Ҳомидми? — Ҳомид. — Талоқ хати ёзғучи Отабек эмасми? — Ҳошо ва калло, Отабек мундай гапдан хабарсиз. Унинг отидан талоқ хати ёзғучи ҳам шу бадбахт Ҳомид. Мундан сўнг қутидор туриб ичкарига югирди, ярим йўлданоқ танчада ўлтурғучи Офтоб ойим билан Кумушка қичқирди: — Сир очилди! Иккиси ҳам сачраб қутидорға қарадилар-да, бирдан сўрадилар: — Нима, қандай сир? Қутидор танчага бориб ўлтурмади-да, айвон пешонасидан туриб, қўлидағи хатни юқори товуш билан ўқуб чиқди: «Муҳтарам қайин отамизға! Сиз билан мени қоронғи зиндонларға тушириб, дор остлариғача торткан, бунинг ила ўзининг ваҳшиёна тилагига ета олмағандан кейин маним тилимдан сохта талоқ хати ёзиб дарвоза ёнидан ҳайдаттиришка муваффақ бўлған ва бир гуноҳсизни шаҳид эткан Ҳомид исмлик бир тўнғузни ниҳоят, икки йиллик саргардонлигим сўнггида ёрдамчилари билан тупроққа қоришдиришға муваффақ бўлдим... Сизнинг шонли ҳавлингиз ёнида воқиъ бўлған бу кураш албатта сизни ва уй-ичингиз ҳам ёр-дўстларингизни анчагина тинчсизликка қўйған бўлса керак. На чораки, ёмонларни сизнинг ҳавлингиз орқасида рафиқам қасдида бўлғанлари пайтида учратишға тўғри келди ва мен бу ишка мажбур қолдим. Бунинг учун албатта мени кечирарсиз умидидаман. Фақат сизнинг тинчсизланишингиз ва мардумнинг юқори-қуйи сўзи бўлмаса сизга бошқа зарар бўлур, деб ўйлай олмайман. Сиздан бу улуғ гуноҳим учун афу сўраб, ҳайдалған ўғлингиз Отабек Юсуфбек ҳожи ўғли». Аммо қутидор «ҳайдалған» сўзини ташлаб ўқуди. Мактуб ўқулиб битканда Офтоб ойим, айниқса, Кумуш қутидорнинг бояғи ҳолиға тушган эдилар. Кумушнинг бу дақиқадағи ҳолини қалам билан чизиб кўрсатиш албатта мумкин эмас эди. Ул титрар эди, кўкарар эди, тўлғанар эди... Ҳозирги энг кучлик ҳиссиётини ҳиссиётнинг аъло ифодачиси бўлған ёш билан тўкар эди. Қутидор ўз томонидан ҳам изоҳ бериб чиқди: — Мен билан Отабекни қаматиб дор остиға юбор-ғучи, Отабек тилидан сохта талоқ хати ёзиб бир-биримиздан жудо эткучи, Комилбекни ўлдиргучи, уйимиз орқасини тешиб Кумуш қасдида бўлғучи — ҳаммаси ҳам шу баттол Ҳомид экан... Аммо бадбахтни икки кишиси билан тупроққа қоришдириб кеткучи Отабек экан! Офтоб ойим титраған товуш билан: — Уятсиз Ҳомид, — деди. Кумушбиби: — Бечора бегим, — деб қўйди. Уччави ҳам юракни тўхтатиб олиш учун анчагача жим қолдилар. — Ўзи эсонмикин? — деб сўради охирда Кумуш. — Хатиға қарағанда соғ, — деди қутидор. Офтоб ойим сўради: — Ўзи қаерда эмиш, хатни сизга ким келтурди? Бу саволдан қутидорнинг эсига меҳмонхонада ўл-турган уста Алим тушкан эди. Ўрнидан ирғиб турди-да, хотиниға жавоб бермасдан ташқарисиға чиқди. Ул уста Алимнинг қаршисиға ўлтурганда, меҳмонхонанинг юқори даричаси остиға Офтоб ойим билан Кумуш хат келтиргучининг сўзини эшитиш учун келиб тўхтаған эдилар. Қутидор узр айтди: — Келтурган хабарингиз таъсирида сизни унутаёзибман... — Мен буни пайқадим, — деди уста Алим кулиб,— шу йўсинда маккор Ҳомиднинг иблисона дасисаси бир оилани тамом ишдан чиқараёзғанким, бу тўғрида айниқса сизга сўзлаш ортиқчадир. Аммо арслон юраклик Отабек ҳам бадбахтни шундоғ янчиб ташладиким, бу жуда оз кишилар қўлидан келатурган ишдир. — Ўғриларни ўлдирганда Отабекнинг ёнида неча кишиси бўлган? — деб сўради қутидор. Уста кулди: — Отабекнинг танҳо ўзи! — деди. — Уч кишига танҳо ўзи? — қутидор ишонмаған эди. — Азаматнинг ёлғиз ўзи! — деб уста Алим илгариги сўзини қайталади. — Астағфируллоҳ... Нега менга бу тўғрида хабар бермаган? — Сизга хабар бериб ўлтуришни йигитлик отиға эб билмай, ҳатто менга ҳам бир нарса сездирмаган. Мен ҳали бу нуқсони учун айбласам: «Мен ўзимнинг ашаддий душманим билан танҳо курашиб ё жон бермакка ва ё жон олмаққа қарор берган эдим. Шунинг учун ҳеч кимга ҳам билдирмадим», дейдир. Қутидор бир томондан даҳшатка тушса, иккинчи жиҳатдан Отабекнинг дов юрагига ҳайрон қолар эди. — Ўзига жароҳат олмағанми? — деб сўради қутидор. — Бўксаси билан қўлидан яраланған бўлса ҳам зарарсиздир. Уста Алим қутидорнинг баъзи бир эътирозларига қарши Отабекнинг қутидор томонидан қувланғанидан тортиб, шундан бери Марғилонға етти-саккиз мартаба келиб кетканини, ҳар бир келишида ўзининг уйига келиб тушканини ва қалин ўртоқ бўлиб олғанларини, шундоқ бўлса ҳам Отабекнинг ўзидан чин исмини яшириб юрғанини, жумъа куни уста Фарфидан биринчи мартаба ўз рақибини танишини, ниҳоят бу кунгина унга чин исмини очқанини сўзлаб чиқди. — Талоқ хати-ку сохта экан, — деди қутидор, — нега бизникига бир келгани билан қайтиб келмади экан? — Чунки унинг сўзига қараганда, сиз уни оғирроқ тариқа билан дарбозангиз ёнидан жўнатқан экансиз, — деб изоҳлади уста. — Тошканддан уйланишида сизнинг билфеъл бош қўшишингизни фақат қизингизни ундан чиқариб олиш учун қурилған бир ҳийла экан, деб ўйлаб, қайтиб эшикингизга оёқ босмаған, ҳатто хотинини қозиға чақириш тўғрисида фикри бўлса ҳам, сиз билан учрашишдан қочиб бу фикридан ҳам қайтқан, яъни сизнинг қизингиз бўлғани учун суйган хотинидан ҳам кечмакка қарор берган. Қутидор ҳали ҳам Отабекнинг руҳига тушуна олмаған эди: — Мендан ўзи хафа бўлған бўлса, ораға киши қўйса ҳам бўлар эди. — Шундоғ қилса ҳам бўлар эди, — деди кулиб уста Алим, — мен ҳали ундан шундай деб сўрасам, «Ўзимга ишонмаған киши киши сўзига кирармиди, деб ўйладим», дейдир. Куявингизнинг қизиқ табиъатини шундан ҳам яхши билиб олсангиз бўладирким, шу чоққача ота-оналари ҳам бу фожиъадан хабарсиз эканлар. — Қизиқ йигит, — деди қутидор, — мендан ҳам катта нодонлиқ ўткан. — Ҳаммаси ҳам тақдирнинг иши, амак, бу орада сиз билан маним ҳеч бир ихтиёримиз йўқ. — Албатта йўқ, — деди қутидор ва сўради: — ўзи сизникидами? — Бу кун пешинда Тошканд жўнаб кетди. Қутидор тушуна олмаған эди: — Нега-нега? — деб сўради. — Нега... сабабини мен ҳам яхши тушуна олмадим. — Қайтиб келадирган вақтини айткандир? — Бу тўғрини сўраған эдим, муҳмалроқ жавоб берди,— деди уста ва ёнини ковлаб хатни олди. — Бу хат каримангизга бўлса керак, энди менга рухсат, — деди ва фотиҳа ўқуб ўрнидан қўзғалди. — Мен сизга дастурхон ёздиришни ҳам унутқанман, қўзғалмангиз! — Раҳмат, амак, ҳозирча мени кечириб турасиз, аммо бапиржа каттароқ зиёфатни унутмайсиз, — деб кулди уста Алим. Қутидор уни кўчагача кузатиб чиқди. Кумушбиби дарича орқасидан ҳамма гапни эшитиб олған ва ҳиссиётини юм-юм йиғлаб ўткарган эди.
* * *
Офтоб ойим Кумуш билан бошлашиб ичкарига кирар экан, сўради: — Ҳомиднинг ёмонлиғини бизга улашдириб юрган пучуқ хотиннинг шумлиги ўз бошиға етиб, ўлганларнинг биттаси ўшанинг ўғли экан, билдингми? — Ўлганидан менга нима фойда, — деди Кумуш. Офтоб ойим қизиға ажабланган эди. — Фойдасини кўриб турибсан-ку, ахир. — Фойдаси Тошкандга кетиб қолғаними? — Кетиб қолған бўлса, тағин бир кун келар. — Келмайди, — деди ўксиб Кумуш, — унинг ҳамма ҳаракати душманидан ўчини олиш учун экан. — Ким айтди санга? — Хат олиб келганнинг сўзидан пайқадим. Офтоб ойим кулди: — Эринг сани ташлаб кетмас, қўрқма қизим, — деди,— санинг бошингға тикилган бу балоларни ўзининг ширин жонидан кечиб дафъ қилған Отабек, сени сира ҳам унутмас, санга ёзған хатини отангдан олиб ўқуб кўр-чи олдин. Кумушбиби йиғидан қизарған кўзини катта очиб сўради: — Менга хат ёзғанми? — Ҳалиги киши санга атаб дадангга бир хат берди-ку, билмадингми? — Билмадим, — деди. Чунки ул уста Алимнинг «муҳмал жавоб берди» сўзини эшиткач, тамоман ўзини унутиб, берилган хатни пайқамай қолған эди. Икки йилдан бери суратини кўз ўнгидан кеткуза олмаған, Отабекнинг юзини кўралмай, сўзини эшита олмаса ҳам ёзған хатини ўқуб эшитиш Кумуш учун катта қийматка молик эди. Отасининг йўлакдан кириши билан латиф кўкраги кучлик тин олиш ила кўтарилиб ташланди- да, гўё Отабек билан учрашатурғандек юраги ўйнамоққа бошлади. Қутидор келиб танчага ўлтурғач, ўзига «амонатни топширинг» деган каби қараб турған Кумушка хатни узатди: — Санга хат. Кумушбиби уялиб-нетиб турмади ва кимдан, деб ҳам сўраб ўлтурмади, дарров токчада ёниб турған шамъ ёниға бориб хатни оча бошлади. Шамъ қаршисида қизарған шаҳло кўзлари, ёш билан синған жинггила киприклари, чимирилған тўсдек қора қошлари уни аллақандай бир ҳолга қўйған эдилар. Қоши устига тўзғиб тушкан сочларини тузатиб хатни ўқуди: «Ой юзлик рафиқам, қундуз қошлик маъшуқам Кумуш хонимга! Шайтон устаси бўлған Ҳомиднинг маним отимдан сизга ёзған талоқ хатиси ила менга қарши ёниб кеткан юракингизнинг нафрат ўти эҳтимол энди ўча тушкандир. Сохта талоқ хатини олған сўнгингизда менга хитоб қилиб ёзған фикрларингиздан эҳтимол энди қайтаёзғандирсиз... Бу хатни ёзар экан, муҳаббатингиз билан тўлуқ бўлған юраким мудҳиш бир ҳақиқат эҳтимолидан яфроқ каби титрар ва ўзининг тўлиб-тошқан ҳасратларини, фарёдларини ифодасидан адашар эди... Сизга очиб сўзлай, гўзал рафиқам: гўё маним бу мактубим сизнинг Комилбек учун ҳасратлик ёшлар тўккан, ўтлик оҳлар тортқан чоғингизда эришар-да унутилған, эскирган бир юракнинг арзини тинглай олмассиз ва ёниб турған юрак ўтингиз билан куйдирарсиз... Аммо хатимни ўқумасангиз-да ва марҳумингиз учун тортқан оҳингиз ўтида куйдирсангиз-да, маним учун фарқсиздир. Нега дейсизми? Чунки сиз маним шаръий рафиқамсиз — яхшилиқ билан-да ва ёмонлиқ билан-да мен буни исбот қилишға ҳозирман! Уйингиз орқасида қилған адабсизликларим, хунхўрлик-ларим учун мени кечирингиз... Чунки мен бу ваҳшийликни ишлашда ихтиёрсиз эдим: ҳаётингизнинг, номусингизнинг сақланиши буни тақозо этар эди... Албатта мен ишонаманким, сиз маним бу яхшилиғим учун миннатдорлик қиларсиз. Лекин мен бу миннатдорликка ўзимни сазовор ҳисоблай олмайман. Мен ўшал куни кечаси душманлардан бирини ўлдирдим-да, сўнг даражада заифландим, иккинчи душмандан енгилишимни ва кўйингизда жон беришимни аниқ билиб роҳатланиб кетдим... Маним учун кўйингизда ва оёғингиз учида жон бериш жуда ширин эди ва кўбдан бери ғоям эди. Шунинг учун яқинроғингизда ўлмак учун, ўлар эканман, сўнг дақиқамда яна бир мартаба бўйингизни олиб ўлиш учун душман томонидан уйингизга очилған туйнукчага кирдим. Кирдим-да, сизни бўйингизни олдим, хафиф тин олғандағи латиф ухлаған товшингизни эшитдим... Шу вақт субҳоноллоҳ... ўзимда кутилмаган бир куч сезган эдим, икки эмас, икки юз душманга муқобала этишка ўзимда қудрат кўрган эдим... Мен ўзимга бағишланған куч манбаъини жуда яхши онглар эдим, мендаги бу ўзгариш манбаъи уй ичида ухлағучи бир малак эди... Сиз эдингиз!» Кумушбиби хатнинг бу ўрнига етканда қизариниб, бир оз ўқушдан тўхтаб олди ва давом этди: «Шундан сўнг иккинчи душманни туйнукдан чиқмаёқ ишини битирдим. Бизнинг фожиъамизнинг асл омили бўлған Ҳомид эса гўё маним қўлимда мушук каби ўйин бўлған, уни кулиб туриб, ўйнаб туриб тилимлаган эдим... Есингизда борми, мени дор остидан қутқариб, менга янги ҳаёт бағишлағанингиз? Бу кеча ҳам бу иккинчи ўлимдан қутқарғучи ва иккинчи мартаба менга ҳаёт бағишлағучи яна сиз бўлдингиз! Шунинг учун миннатдорлик эткучи сиз эмас, мен бўлишға тегишман! Сиздан эмас, отангиздан бир ўпкалашим бор: сохта талоқ хатини маним ўз қўлим бўлиб, бўлмағанини ажрата олмаған. Гумонимча бу сохта хат сизга ҳам кўрсатилмаган ўхшайдир, чунки, айниқса, сизнинг кўз ўнгингиздан бу ҳақиқат қутила олмас эди... Ҳар ҳолда тақдирнинг бунчалик ўйинлари турған бир замонда биз нима ҳам қила олур эдик? Бу тўғрида мендан ҳам ўткан жойлари бордирким, сизнинг биринчи мартаба менга ёзған хатингиз маъносидан даҳшатлик суратда ўзимни тағофилға солған ва хат келтургучини суриштирмасдан жавоб хати бериб юборган эдим. Шунинг ила сизни-да, ўзимни-да Ҳомид қўлида ўйин бўлмоғимизға катта йўл очқан эдим. Баъзи эҳтимолларга қарши сиз билан кўришмак менга муяссар бўлмади. Умримда биринчи мартаба кўнгил орзусиға қарши бордим. Чунки манимча орадағи қора тикон супирилган эди. Мундан сўнг ҳамиша меники эдингиз. Мен Тошкандда юрарман, аммо кўзим ўнгида сизнинг ҳайкалингиз! Ажабо, бусиз менга мумкинми?! Завжингиз Отабек». Кумушбиби хатни ўқуб тугатди-да, югиргилаганча уйига кириб кетди. Унинг бу ҳаракатидан қутидор билан Офтоб ойим ажабсинишиб бир-бирларига қарашған эдилар. Кумушбиби қўлида иккинчи бир мактуб кўтарганича уйдан чиқди-да, шамъ ёнида икки хатни бир-бирисига солиштириб кўрди. Бу хат Ҳомиднинг Отабек тилидан ёзған талоқномаси эди. Бу икки хат биринчи қарашда-ёқ икки киши томонидан ёзилғанлиқларини ўз оғизларидан сўзлаб турар эдилар. Кумушбиби икки хатни қатор ушлаб отасиға кўр-сатди: — Буларга қарангиз, ота! Бизни нечоғлиқ ғафлат босқан экан, — деди. Қутидор қизининг мақсадиға тушуниб икки турли қўлни даррав пайқаб олди: — Виждонсиз, иблис, имонсиз, кофир, — деб қўйди. Кумушбиби Отабекнинг хатини буклаб чўнчагига солди-да, сохта хатни шамъга тутиб ёндирар экан, отасидан сўради. — Шу воқиъадан сўнг куявингиз аниқ келганми эди? — Келган эди, қизим. — Бечорани нега ҳайдадингиз-да, нега мени, лоақал ойимни бу келишдан хабардор қилмадингиз? — Мен унинг келишини бошқа гапка йўйиб, сизларга билдирмаган эдим... — Қизимизни талоқ қилған бир кишини Тошканд деган жойдан эшикингизга келиши сизга ғариб туюлмағанми эди? — деб яна сўради Кумуш. Қутидор уялиш ва ўкиниш орасида: — Жаҳолат келса, ақл қочадир, қизим, — деб қўйди. Офтоб ойим билан қутидор Ҳомиднинг иблисона ишла-рига «тавба-тавба» деб муқобала қилсалар ҳам, аммо Отабекнинг фавқулодда юракини сўз орасида «барака топкур, умринг узоқ бўлғур» билан қарши олар эдилар. Кумушбиби эса бутунлай бошқа қайғуда эди. Эру хотиннинг сўзлари Отабекнинг Тошкандга кетиб қолиши тўғрисиға келиб тақалди-да, Офтоб ойим Кумушдан сўради: — Сенга келишидан айтканми? Кумушбиби силталаш назари билан уларга қаради ва кескин оҳангда жавоб берди. — Айтмаган! Еру хотин маънолик қилиб бир-бирларига қарашиб олғач, орада узоққина сукут бошланди. Кумуш қути-дорға савол назари билан бир-икки қайта қараб ҳам қўйди. — Келиб қолса яхши, — деди ниҳоят қутидор, — келмаса, Тошкандга ўзимиз тушамиз-да, — деб хо-тиниға қаради. Бу сўз Офтоб ойимға ёқмағанлиқдан юзини четка бурди. Аммо Кумуш отасидан рози қолиб, онасиға қаради. — Қизинг ҳар қайси ерда бўлса ҳам соғ бўлсин, — деди хотиниға қутидор. — Эрига топшириб, сен билан маним тинчкина дуо қилиб ўлтурганимиз маъқул ўх-шайдир. — Энди қизингизнинг бир ками кундаш балоси эдими?— деди сапчиб Офтоб ойим. Қутидор хотиниға кулиб қаради: — Эри яхши бўлса, кундаш балоси нима деган гап? — Эри минг яхши бўлсин, барибир кундаш кундашлигини қила берадир. Машойихлар билмасдан «кундаш» демаганлар. Қутидор қизиға қараб кулди ва хотинини юпатди: — Ҳамма вақтга эмас, қўрқма. — Менга қолса бир кунни ҳам кўб кўраман, кундаш билан кечирилган кун — кунми? — Куявингнинг шунча қилған жонбозлиғини унутдингми? — Нега унутай, — деди Офтоб ойим. — Келсин. Мана бош усти, болам бир эмас икки. Улдурки, қизимни кундаш устига юборишға тиш-тирноғим билан қаршиман. — Беш-олти кунга ҳам-а? — Неча кунга? — Менга қолса битта-иккита болалиқ бўлғунча тур-син, деяр эдим. Сен бунга кўнмасанг, бир-икки ой туриб келсин, лоақал. Бир йигит қизингни деб икки йиллаб сарсон бўлғанда қизингни икки ойлик кундаш азобидан ҳайф кўриш жуда уят, ахир! Қутидор «битта-иккита болалиқ» сўзини айтканда Кумуш қизариниб ерга қараған эди. Офтоб ойим эри-нинг кейинги сўзи билан анчагина бўшашди: — Бир ойдан ортиққа мен рози эмасман, шунда ҳам куявимнинг яхшилиғи учун, — деди. — Ана энди ўзингга келдинг, хотин. — Ўзимга келсам-келмасам шартим ҳалиги, шунда ҳам ўзим бирга бориб келаман. — Албатта, ўзинг бирга борасан, қудаларинг билан танишмоғинг ҳам зарур. — Қачон юбормоқчи бўласиз энди? — деб сўради Офтоб ойим. Қутидор бир оз ўйлаб олғач, Кумушка қараб жавоб берди: — Отабек билан кетма-кет чопишмоғимиз ҳам унча маъқул кўринмайдир. Ундан сўнг қиш куни арава сафари ҳам қулай иш эмас. Шунинг учун орадағи уч ой қишни ўтказиб жўнармиз, — деди. Кумушнинг уч ой муддатни эшитгач, жуда ҳам ҳурпайиб кеткани учун бўлса керак, — балки ўзи ҳам бирар ойларда келиб қолар, — деган сўзни-да қўшиб қўйди.
|