Оч қоринға салимсоқ еб, кўкчой ичишдан зериккан кишилар чойхонага Қовоқ девонанинг кириши билан унга сўз қота қолдилар: — Келинг-келинг, девона! — Бир коса чойларинг борми, хўвари? — Бор-бор, авлия, битта бачча бўлсангиз идиши билан сизники. Қовоқ девона деганимиз ўрта ёш, сийрак соқол, қотма, кун иссиғлиғиға қарши ўчакишкандек бошиға эски телпак, эгнига пахтасидан бошқаси тўзиб кеткан гуппи чопон кийиб, янги бўз белбоқни беш-олти айландириб боғлаған ва унга беш-олтита чилим қовоқдан тортиб то сувқовоқ, носқовоқ ва томоша қовоқ-ларғача осқан; қовоқларнинг оғирлиғидан аранг ҳаракат қиладирған ўз замонасининг машҳур бир девонаси эди. Бу девона Тошканднинг барчасига маълум; беклардан, бойлардан; қисқаси, шаҳарнинг катта-кичигидан ўзига ихлосмандлар ортдирған ва кўбларнинг тарафидан қилған кароматлари ривоят этилган бир мажнун эди. Шаҳардаги ҳар ким унинг ошнаси, каромати билан бепарво бўлғанлар ҳам унинг қизиқ ҳаракатларига ва тутал сўзларига қизиқар эди. Бу чойхонадагилар ҳам шу кейинги синфдан эдилар. Бирарта ихлосманд қўлидан боплаб томоқ еган бўлса керак, ҳозир ўшанинг чанқовини босмоқ фикрида эди. — Баччанг ким, баччанг? Онам мени баччалик учун туғмаған... Чойингдан бер, чо-йингдан! — Онангиз сизни нима учун туққан? — Хоннинг қўйини боқиш учун, қовоқларни белга тақиш учун; чойингдан берчи, хўвари! Девонага бир пиёла чойни ичишка ҳам тинчлик бермадилар. Улардан биттаси кўзни шамғалат қилдида, белидаги қовоқдан биттасини юлиб ҳам қочди. Иш ёмонга айланди. Қувлаб тутолмади. Сўнгра келиб яна бир коса чойни ичди ва унга-бунга қовоғи тўғрисида илтимос қилиб қаради. Бўлмағач, қовоғини қўмсаб ҳўнгир-ҳўнгир йиғламоққа олди. Эрмакчиларнинг куткани ҳам фақат унинг ёши мишиғиға, мишиғи тупугига қўшилиб йиғлаши эди. Қовоқни юлиб қочқан томдан келиб суфанинг устидаги сўрига қовоқни осди ва ўзи тушиб девонанинг ёниға келди: — Қовоқ ўғрисини ушладингизми, девона? — Йўқ, ука! Қовоғимдек шишиб ўлсин, қочқанча кетди! Бирав Эски Жўвада кўрганлигини ва қовоққа миниб кетаётқанини сўзлади. Иккинчиси «зап қовоқ эди-да» деган эди, учинчиси «аттанга» деб қўйди. Девонанинг ўпкаси шишиб кетди. Эрмакчилар унинг юрагига галма-гал ўт ёқар эдилар. — Қовоғингизнинг ўзи бу иқлимда йўқ нарса эдида,— деди бирав. Девона қовоғининг таржумаи ҳолини сўзлаб берди: — Дадам мусаллас қовоқ, ойим мош қовоқ, мен бел қовоқ... — деди. Кулишдилар. Эрмакчилардан биттаси юқорида осилған қовоқни кўрсатиб ажабланди: — Ийи-ийи, анув кимнинг қовоғи-я? Девона суюкли қовоғини сўрида кўриб қувона кетди: — Вой хўварингни... жиннилар, вой эси йўқ хўварилар! Қовоғимни бер жиннилар! — Тузик-тузик, авлия. Қовоғингизни тушириб берсам нима берасиз? — Сўрағанингни ол, жинни... Ойим қишлоғиға бек бўл, тентак: тилла жабдуқлиқ от мин, жинни... — Мен Ойим қишлоғининг беклиги уҳдасидан чиқолмайман. Қовоқларингизнинг касбини айтиб берсангиз бўлади манга. Девона бу шартка кўнди, қовоқ туши-рилиб, девонанинг қўлиға эсон-омон тегди. Маҳбуба ортиқча бир эҳтиёт ва эътибор билан белга — бошқа йўлдошлари ёниға тугилди. — Қани, энди бўлсин, девона! Қовоқ девона белидаги қовоқлардан битта эгри маймоғини кўрсатиб: — Манов Мусулмон чўлоқ, — деди, унинг ёнидағи кичкина томоша қовоқни туртиб: бунов, Худойбачча (Худоёрбачча), — деди, сув қовоғини эркалаб «Нор калла» (Нормуҳаммад қушбеги), — деди. Қолған иккита силлиқ қовоқчаларни «носқовоқ, юпқа томоқ», деб қўйди. Эрмакчилар ку- лишдилар. Бу қовоқ ўғрилари ичидан тезроқ қочиб қути-лиш учун кетишка интилган эди, бирави ушлаб қолди. — Тўхтанг ҳали, гап бор! — девона сўкиниб тўхта-ди.— Манави белингиздаги белбоқни қаердан ўғирлаб олдингиз? — Қўй, жувонмарг бўғур! — Ўткан куни ўғирлатқан белбоғинг шу эмасми, Каримқул? — деб ёнидағиға қаради эрмакчи. — Ҳа, ҳа, худда ўғирлатқан белбоғим, тутдик ўғ-рини! Қовоқ девона худда белбоғидан ажрайтурғандек икки қўли билан белига ёпишди. — Саники бу эмас, тентак! — Йўқ, худда маники шу, еш, бўлмаса миршаб чақираман. — Хўварингни... нима дейди, бу! — Тўғри айт, буни қаердан ўғирладинг?! Девона белбоғининг тугунига азтаҳидил ёпишқани ҳолда: — Ўғирламадим, тентак, ҳожи поччангни тўйидан олдим, жинни! — деди. — Ҳожи поччанг ким? Ёлғон сўзлама, ўғри! — Ҳожи поччангни танимайсанми, тентак? — Тошкандда ҳожи поччадан кўпи борми, ўғри? — Эсинг кетибди, жинни... Юсуфбе ҳожинг-чи. Ахир; тўй бўлди, базм бўлди, ўғул уйланди... қўй, жувонмарг, бўғур! Девона эрмакчилар қўлидан аранг қутилиб чиқди. Аммо уларнинг ичидаги кўзини боғлаған бир киши нима учундир девонанинг орқасидан эргашди. Чойхонадан анчагина узоқлашқан эдилар. — Девона! — деб чақирди ҳалиги эргашувчи. Девона ўзига қараб келгучи бу кўз оғриғини таниди. Суюкли қовоқлар устига келган бало бўлмасин учун, кетар экан, қовоқларини эҳтиётлаб ушлади: — Нима дейсан, кўз оғриғи? — Қўрқмангиз, девона! — деди кўз оғриғи ва адимларини тезлатди. — Нима ишинг бор? — Тўхтанг. Девона аранг тўхтади. Кўз оғриғи уни чўчитмас учун наридан туриб ёнчиғини кавлий берди. — Сизга назрим бор. Бу сўзни эшитиб, девона йўлға тушди. Кўз оғриғи унинг кетидан югирди ва: — Манг! — деб пул кўрсатди. Девона илтифотсиз кетаберган эди: — Тўхта дейман! — деб дўқ урди. Девона нарида тўхтади: — Келма, келма, кўз оғриғи! Кўз оғриғи ўн адимча нарида турди: — Ҳали, ким ўғлини уйлантирди, дединг?.. — Ким уйлантирди, дединг? — Айтдинг-ку чойхонада!.. — Айтдинг-ку чойхонада... — Белбоқни қаердан олдинг? — Бувинг берди. — Тўғри айт! — Тўйга келдингми? — Тўйга келдим... — Юсуфбеникигами? — Юсуфбеникига. — Белбоғинг йўқми? — Йўқ. — Тўй ўтканда келибсан. — Юсуфбе қайси ўғлини уйлантирди? — Нечта ўғли бор? — Нечта ўғли бор! — Битта... Қоратегиндан келдингми, опанг оманми? — Омон... қачон уйлантирди? — Ўзинг уйланганмисан?.. Қоратегиндан неча кунда келдинг? — Беш кунда. Қачон уйлантирди? — Эшакка минибми, яёв? — Эшакка миниб. — Нашанг борми? — Бор. — Қитта бер-чи. — Бераман, олдин айт; қачон уйлантирди? — Тўй ўтканда келибсан, тентак... Манга-чи, бир тоғора ош тегди. — Бозордан ош олиб берсам ейсанми? — Юзингга қачон чечак чиқди? Кўз оғриғи бу тутал сўзлардан асабийлашиб кетди: — Қачон уйлантирди дейман? — Тўй ўтканда келибсан дедим-ку... Бир ҳафта бўлди, ўн кун бўлди, бир ой бўлди. Ҳа, ҳа, чарлари энди бўлар эмиш... чарларга бор. Қоратегин. — Тошканддан уйлантирдими? — Хи, хи, хи, аҳмоқ. Тошканддан бўлмай, Қоратегиндан уйлантирсинми? Шундан кейин кўз оғриғи чойхонага қайтди...
|