Отабек ўзи билан кўришган мундаки икки ёт кишини танимаганлиқдан бир-икки қайта уларни кўз остидан кечирди. Буни пайқаған Зиё шоҳичи Отабекка танитди: — Амакиларингизни сиз танимағандирсиз албатта, — деди. — Бу киши отангизнинг яқин дўстларидан Мирзакарим қутидор. Бу зот Андижон савдоғарларидан Акрам ҳожи. Мирзакарим исмлик қирқ беш-елли ёшлар чамасида қора қош, қора кўз, кўркам юз, яхшиғина кийинган бир киши бўлиб, Акрам ҳожи элли беш ёшлар орасидағи бир кекса эди. Отабек қайтадан Мирзакарим қутидорни кўздан кечирди. — Ота қадрдонлари билан танишдирғанингиз учун раҳмат, амак, — деди ва Акрам ҳожи билан Мирзакарим акага тавозуъланди. — Отам сизлардек яқин дўстларига салом айтишни менга амонат топширған эдилар. — Раҳмат, соғ бўлсинлар. Мажлис Зиё шоҳичининг уйида Отабекнинг меҳ-мондорчилиғи учун йиғилған, юқорида исмлари ўткан зотлардан бошқа Ҳомид, Раҳмат ҳам Ҳасанали бор эдилар. Танишдиришдан сўнг Отабек билан қутидорнинг кўзлари бир-бирларига тез-тез учраша бошладилар. Қутидор ниманидир Отабекдан сўрамоққа оғзини жўплаб турса ҳам Акрам ҳожи билан Зиё шоҳичининг алланарса тўғрисидағи гаплари кети узилмай давом этар эди. Уларнинг кўзи учунчи тўқнашишида қутидор кулимсираб қўйиб сўради: — Мени эслай оласизми, бек? Отабек диққат ва эътибор билан қутидорни кузатиб жавоб берди: — Йўқ, амак. — Неча ёшға бордингиз? — Йигирма тўрт ёшға... Қутидор ўзича нима тўғрисидадир ҳисоб юритди-да: — Воқиъан сиз мени эслай олмассиз, — деди. — Мен Тошкандда қутидорлик қилған вақтимда сиз тахминан беш-олти ёшлиқ бола эдингиз... Гўёки, мен Тошкандда кечагина турғандек ва кечагина сизнинг ҳавлингизда меҳмон бўлғандекман... Аммо, ҳақиқатда, орадан ўн беш-йигирма йил ўтиб, сиз ҳам катта йигит бўлгансиз, умр — отилған ўқ эмиш. — Сиз бизнинг ҳавлида бўлганмисиз? — Кўб марталаб меҳмон бўлдим, — деди қутидор,— ул вақтда бобонгиз ҳам ҳаётда эдилар. Бу иккисининг сўзларига қулоқ солиб четда ўлтурган Ҳасанали ҳам гапга аралашди: — Амакингиз бизнинг ҳавлиға келиб турадиган вақтларида сиз ёш бола эдингиз, бек, — деди. — Амакингиз сизни саройларга ҳам олиб тушар эдилар. Отабек уялув аралаш кулимсираб қутидорға қаради: — Таассуфки, эслай олмайман, — деди. Қутидор тағин нимадир айтмоқчи бўлған эди, Акрам ҳожи унга йўл бермади. — Ҳожи акамиз бу кунда қандай иш билан маш-ғуллар? Отабек: — Тошканд беги ёнида мушовир сифати билан турадилар. — Азизбек бу кунда ҳам Тошкандга ҳокимдир? — Шундоғ. — Сотқи бек кетсин, Азиз бачча денг, — деди Ҳомид ва Акрам ҳожига қараб кулди. — Яқиндағина Мусулмон чўлоқнинг базими шу Азиз бачча билан қизир эди, — деди, улуғ бир нарса кашф этгандек мағрур, мажлиска қараб чиқди. Ҳомиднинг заруратсиз айб текшириши мажлиска ётроқ туйилган бўлса керак бир-бирларига қарашиб олдилар. Бу ўринсиз текшириш мажлисни бир оз сукутга юборди-да, сўнгра Акрам ҳожи саволида давом этти: — Ҳокимингиз жуда золим эмиш, бу тўғри сўзми? — Тўғри сўз, — деди бек. — Азизбек зулмидан аҳоли жуда тўйған. Отабекнинг бу жавобидан ёлғиз Акрам ҳожигина эмас балки, мажлиснинг бошқа аъзолари ҳам ажабландилар. Отасининг валинеъмати бўлған бир бекнинг зулмини иқрор этиш ҳақиқатан ҳам таажжубка лойиқ эди. Азизбекнинг Туркистон хонлиғининг энг золим ва мустабид саналған бекларининг бири ва унинг ўз қа-рамоғида бўлған Тошканд аҳолисига қилған зулмлари Фарғонага достон, аммо Акрам ҳожининг бу саволи Азизбекнинг энг яқини бўлған бир кишининг ўғлини синаб кўришлик учун эди. Бу синаш натижаси Акрам ҳожининг таажжубини орттирди ва бунинг сиррини билишка қи-зиқсинди: — Отангиз Азизбекнинг мушовири экан, — деди Акрам ҳожи, — нима учун уни бир оз бўлса ҳам йўлға солмайдир? — Кечирингиз, амак, — деб Отабек кулимсиради,— сиз отамнинг мушовирлиғини бошқачароқ онгла-ғанға ўхшадингиз... Бизнинг бекларга ҳукм вақтида ҳам мушовир бўлмоқ имконсиз нарсадир. Отам Азизбекнинг мушовири ва яқин мусоҳиби саналса ҳам ва лекин бу жузъий ишлардагинадир, бунинг учун сизга бир мисол келтирай, бу иш шу яқин оралардағина бўлди: Тошканддаги жумъалик гап мажлисларидан бирида бир киши Азизбекни махтар ва бу махтовға қарши иккинчиси «нега мунчалик махтайсан, Азизбекнинг асли бир бачча-да» дер. Уларнинг бу музокараларини четда эшитиб турган хуфиялардан бири бу сўзни Азизбекнинг қулоғига етказур. Эртасига Азизбек мазкур икки кишини ўз ҳузурига олдириб махтовчиға улуғ мансаб ато қилар ва иккинчисини ўлимга буюрар... Бу ҳукм мажлисида ҳозир турган отам маҳкумнинг гуноҳини сўраганида Азизбек жаллодга бақирар: «Тезроқ олиб чиқ!» Отам тағин қуллиқ қилғанида жаллодға буюрар: «Қўлинг-дағини бўшатиб, ўрнига ҳожини олиб чиқ!» — Мана кўрдингизми, отамнинг қадру қийматини. — Бўлмаса аҳоли хонға шикоятнома ёзмайдирми? — Нечанчи шикоятномани сўрайсиз, — деди Отабек, — Азизбекдан зулм, жафо кўрганлар билан биргаликда энди ўнинчи шикоятномамизни юборғандир-миз... Лекин хоннинг йўлбошчиси бўлған кишининг ўзи зулмда Азизбекдан бир неча зина баланд ўринни ишғол эткучи кимса бўлса, биз қандоғ қилайлиқ. Аммо шуниси ҳам борки, шу кейинги вақтларда Азизбек Қўқоннинг ёрлиғ ва фармонларини илтифотсиз қолдира бошлади. «Итоатдан бош тортмасин...» деган мулоҳазада ёзған шикоятларимиздан марказнинг кўз юмиши ҳам эҳтимолдир. Ҳар ҳолда Тошканд аҳолиси Азизбек истибдодидан ортиқ тўйинди, кимдан кўмак сўрашға ҳам билмайдир. Юсуфбек ҳожининг қандай одам экани айниқса Акрам ҳожига онглашилиб, бу тўғрида ортиқ баҳс қилинмади ва сўз бошқа хусусларга ўтди. Зиёфат самимият билан чақирилғанлиқдан дастурхон қадрлик меҳмонга махсус турланган эди. Зиё шоҳичи билан ўғли Раҳматнинг ҳар замон меҳмонларни дастурхонга қисташлари бошқаларнинг иштаҳаларини очишға сабаб бўлса ҳам, аммо бизнинг Отабекка сира ҳам асар қилмас, хаёлланиб ўлтирар эди. Ул нима тўғрида хаёл суриб, қайси тўғрида ўйлар эди — буни би-лиш қийин бўлса ҳам, бироқ унинг ҳозирги баъзи ҳаракатлари диққатни жалб этарлик эдилар: хаёл сурар экан, унинг кўзлари ихтиёрсиз каби қаршисидаги қутидорға қарайдирлар, қутидорнинг кўзи ўзига тушди дегунча кўзини ундан олиб дастурхондаги кўнгли тиламаган нарсаларга урина бошлайдир... Отабекнинг бу ҳолини мажлисдагилар сезмасалар-да, аммо Ҳомид уни таъқиб эткандек эди. — Савдо билан қандай шаҳарларга бордингиз, бек?— деб қутидор сўради. — Ўзимизнинг шаҳарлардан кўпини кўрдим, — деди бек, — ўрис шаҳардан Шамайга ҳам бордим. — Ҳа, ҳа, сиз Шамайга ҳам бордингизми? — деб Зиё шоҳичи ажабланди. — Ўткан йил борғон эдим, — деди бек, — боришим ноқулай бир вақтга тўғри келиб кўб машаққатлар чекдим. — Чин савдогар сиз эмишсиз, — деди қутидор, — биз шу ёшқа келиб ҳали ўзимизнинг каттароқ шаҳарлари-мизни ҳам кўралмадик; сиз ўриснинг Шамайигача борғансиз. — Юрган дарё, ўлтурган бўрё эмиш, — деди Акрам ҳожи. Ўрис шаҳарларига бориб савдо қилғучилар Туркистонда жуда оз ҳисобда бўлиб, чет элларни кўрган Отабек мажлиска тансиқланди. Ўрислар тўғрисида аллақандай хаёлий ривоятлар эшитиб юрган қутидор ва Зиё шоҳичилар-нинг Отабекдан ҳақиқий ҳолни билгилари келиб, ундан Шамайда кўриб, кечирганларини сўрадилар. Отабек Шамай хотиротини сўзлаб берди. Ўрисларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётларини эшиткучиларни тонгға қолдириб, ортиқ тафсилоти билан айтиб чиқғач: — Шамайга бормасимдан илгари ўз ҳукмдорлиғи-мизни кўриб; бошқалар ҳам шундайдир, деб ўйлар эдим, — деди бек, — лекин Шамай маним фикримни ост-уст қилиб, ўзимни ҳам бутунлай бошқа киши ясади. Мен ўриснинг идора ишларини кўриб, ўз идорамизнинг худди бир ўйинчоқ бўлғанлиғини иқрор этишка мажбур бўлдим... Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кетаберса ҳолимизнинг нима бўлишиға ақлим етмай қолди. Шамайда эканман, қанотим бўлса, ватанга учсам, тўппа-тўғри хон ўрдасига тушсам-да, ўриснинг ҳукумат қонунларини бирма-бир арз қилсам, хон ҳам арзимни тингласа-да, барча элга ёрлиғ ёзиб ўриснинг идора тартибини дастуриламал этишка буюрса, мен ҳам бир ой ичида ўз элимни ўрисники билан бир қаторда кўрсам... аммо ўз элимга қайтиб кўрдимки, Шамайда ўйлағанларим, ошиққанларим ширин бир хаёл эмиш. Бу ерда сўзимни эшиткучи биров ҳам бўлмади, бўлсалар ҳам: “Сенинг орзунгни шу хонлар эшитадими, шу беклар ижро қиладими?” деб мени маъюс қилдилар. Илгарироқ мен уларнинг гапига бовар қилмай юрсам, сўнгғидан тўғри сўзни айтканларини билдим. Дарҳақиқат, мозористонда «ҳайя алалфалаҳ» хитобини ким эшитар эди. Мажлис Отабекнинг Шамай таассуротини мароқ билан эшиткан, шу кунгача ҳеч кимдан эшитилмаган унинг фикрларига ажабланган эди. Истиқбол қайғуси тушига ҳам кирмаган бу Туркистон оталари Отабекнинг даруни дилдан чиқариб айткан гапларидан ҳиссасиз қолмадилар: — Амири Умархондек одил пошшо бўлса, — деди қутидор, — биз ҳам ўрисдан ошиб кетар эдик. Зиё шоҳичи: — Бизнинг бу ҳолга тушишимиз ўз феъли хўйимиз-дан. Акрам ҳожи: — Тўғри. Ҳомид ҳам бошқалардан қолишмас учун: «Худо кофирнинг дунёсини берган» деб қўйди. — Манимча, ўриснинг биздан юқоридалиғи унинг иттифоқидан бўлса керак, — деди Отабек, — аммо биз-нинг кундан-кунга орқаға кетишимизга ўз ора низўимиз сабаб бўлмоқда, деб ўйлайман, бошқа хил айтканда Зиё амакининг фикрлари қисман тўғри. Орамизда бу қўрқунч ҳолатка баҳаққи тушунадирған яхши одамлар йўқ, билъакс бузғучи ва низўчи унсурлар томир ёйиб, ҳар замон содда халқни ҳалокат чуқуриға қараб тортадилар. Бу кунги қора чопон ва қипчоқ низўларини сизга бир тимсол ўрнида кўрсатайин: ўйлаб кўрилсин, бу низўлардан бизга қанчалик фойда ва қипчоқ оғайниларға нима манфаат ҳосил бўлмоқ-да?— Фақат бундан фойдаланғучилар икки халқ орасиға адоват уруғини сочиб юрғучи бир неча эъвогар бошлуқларғинадир. Масалан, Мусулмонқулни ким холис одам, деб ўйлайдир? — Унинг юрт учун қон тўкишдан бошқа нимага фойдаси тегди? Мусулмонқул ўз ғарази йўлида орада йўқ низоларни қўзғаб, куяви Шералихонни ўлдирди, гуноҳсиз Муродхонни шаҳид этди, қўй каби ёввош Тошканд ҳокими Салимсоқбекни ўлдириб, ўрнига Азизбекдек золимни белгулади ва ўзини мингбоши деб эълон қилиб, ақлсиз бир гўдакни (Худоёрни) хон кўтариб эл елкасига минди. Тузук, агар Мусулмонқул бу ишларни бир яхши мақсадни кузатиб қилғанда, золимларни ўртадан кўтариб, юртка осойиш берганда, унга ким нима дея олур эди? Ҳолбуки, Тошканд тарихида мисли кўрилмаган Азизбек каби ваҳ-шийни фақат шу Мусулмонқул қўлидан олди. Башарти, Мусулмонқул чин инсон бўлса, инсондан ваҳший туғилганини ҳеч ким эшиткан чиқмас. Модомики, ўз ғарази йўлида истибдод орқали эл устига ҳукмрон бўлғунчилар йўқотилмас эканлар, бизга нажот йўқдир, магар шундай ғаразчиларни улар ким бўлсалар ҳам иш бошидан қувлаш ва улар ўрнига яхши холис одамларни ўтқузиш нажотимизнинг ягона йўлидир. Отабек мажлиска тамоман янги ва эшитилмаган фикрларни сўзлаб кетди, улар бекнинг оғзиға анқайишиб қолган эдилар. Дарҳақиқат, ўз ора битмас низўларнинг асли маншаъини ул яхши онглаб таҳлил қилар ва дуруст қиймат берар эди. Унинг шу йўсун мулоҳаза ва фикрлари мажлиска чувалған ипнинг учини топиб бергандек бўлиб, лафзан бўлмаса ҳам маънан уларнинг таҳсин ва олқишларини олди. Отабек хуфтон намози учун таҳорат олишға меҳмонхонадан чиқған эди, унинг кетича: — Отанинг боласи-да, — деб Зиё шоҳичи меҳмон-ларга қараб қўйди. — Умри узоқ бўлсин, — деди Акрам ҳожи, — йигитларимиз ичида энг ақллиғи экан... Агарда хон кўтариш маним қўлимда бўлса эди, хон қилиб Отабекни кўтарар эдим... Ўзи ўқуғанми? Бу махтовлар билан терисига сиғмай кеткан Ҳасанали жавоб берди: — Тошканд Бекларбеги мадрасасининг пешқадам муллабаччаларидан эди, лекин уч йилча бўлди, хўжамиз мадрасадан олиб савдо ишига қўйдилар. — Худо ҳар нарсадан ҳам берган йигит экан, — деди қутидор. Аҳли мажлис Отабекни кўкларга кўтариб махтар эди, лекин Ҳомид бу махташларға иштирок этмас ва нимадандир ғижинғандек кўринар эди. Шу орада қутидорнинг «уйланганми?» деб Ҳасаналидан сўраши Ҳо-мидга яна бошқача ҳолат берди. Ҳасаналининг сўра-ғучиға бекнинг қиз ёқдирмаслиғини сабаб кўрсатиб, шу кунгача уйланмай келганлигини тафсили билан ҳикоя қилиб беришидан сўнг ул тоқатсизланғандек бўлди: — Балки бегингизнинг тамаълари хон қизидадир, — деди истеҳзо билан Ҳомид, — бундоғ йигитлар уйланганларида ҳам киши қизини умр бўйи азоб ичида ўтказадирлар... Сабабига тушуниш қийин бўлған бу истеҳзога қар-ши Ҳасанали сукут қилмади: — Мен унинг хон қизини олиш мақсади борлиғини билмайман, — деди кулимсираб, — бироқ ул хон қизини олса арзимайдирган йигит эмас... ҳатто зархарид қули бўлғаним ҳолда менга ҳам қаттиғ сўз айтишдан сақ-ланған бир йигит ўз никоҳида бўлған озод бир қизға албатта заҳмат бермас, деб ўйлайман. Баъзи хотин урадирган ва хотин устига хотин олиб, хотинлариға зулм қиладирған ҳайвонсифат кишилардан бўлиб кетиши менимча эҳтимолдан жуда узоқдир, иним мулла Ҳомид... Ҳасанали ўткан фаслда Ҳомиднинг ўз оғзидан хотинлариға қарши қамчи ишлатканини эшиткан эди. Шунга биноан унинг бу охирғи жумласи Ҳомидни ерга қаратиб, лом дейишка мажол бермай қўйди. Зиё шоҳичи қайниси Ҳомидга «Тузлатилдингми»? дегандек қилиб қаради ва Ҳасаналидан афу сўради: — Кечирасиз, ота, — бизнинг Ҳомидбой шунақа қўланса гаплар учун яратилған одам. Қутидор ҳам Ҳасаналининг кўнглини кўтариб тушди: — Гапингиз тўғри, ота, — деди, — Отабек хон қизиға лойиқ бир йигит экан. Баҳслашиш учун Ҳомидга йўл қолмаған эди. Бир турлик илжайиб ер тегидан Ҳасаналига кўз ташлади. Ошдан кейин бошлаб Ҳомид, сўнгра бошқа меҳ-монлар тарқалишдилар. Отабек билан қутидорнинг йўллари бир бўлғанлиқдан биргалашиб кетдилар. Қутидор ҳавлисига қайрилар экан, бек билан хайрлашди: — Албатта, бириси кун бизникига марҳамат қиласиз, тузикми? — Хўб, амак. — Бизники мана шу бурчакдаги эшик... Қайтаға бу кун бизникида қолсангиз бўлмасми-а? — Раҳмат... Хайр, саломат бўлингиз. Улар тўхтаб сўзлашқан ўринларидан хайрлашиб узоқ-лашғач, шундаги бир бурчакдан чопониға бурканган бир киши чиқиб, ҳалигилар келган томонға қараб юрди...
|