Шариков Полиграф Полиграфович PDF Босма E-mail

М.А. Булгаковнинг “Ит юрак” (1925) повестининг бош қаҳрамони. Ёзувчининг таърифича, бу «даҳшатли ҳикоя» романтизмга асосланган сюжет мотивига эга («Франкенштейн» Мэри Шелли), кейинчалик Герберт Уэллснинг («Доктор Моро ороли»), рус символистларининг («Жанубий крест республикаси» В.Я. Брюсов, «Прометей» Вяч.И. Иванов), шунингдек, Булгаковнинг ўзидаги («Фожиавий тухумлар») асарларида ҳам учрайди: инсон қўллари билан яратилган нарса ўз яратувчисига қарши чиқади. Профессор Преображенский (фамилияси тузалиш ва инсонларни «трансформация қилиш»нинг утопик ғояларини ифода этган XX аср бошидаги «теурглар»га ишора қилади) мияни кўчириш бўйича «дунёдаги илк операция»ни амалга оширади. У ичимликка берилишдан вафот этган пролетарий Клим Чугункиннинг гипофизини ит Шарикка кўчиради ва ит «инсонийлашган аждаҳо» — Полиграф Полиграфович Шариковга айланади. Кўп ўтмай, Шариков паспорт олади ва профессорнинг уй-жойи ҳамда ҳаётдаги ўрни учун синфий курашни бошлайди.
Жаҳон адабиётининг итлар қаҳрамонлари орасида Шарик айтарли даражада ажралиб турмайди — Чеховнинг Каштанкасидаги «маърифатлилик» ҳам, Буниннинг Чангасидаги «донолик» ҳам унда йўқ. Шарик — қўрқоқ ва ўғри ит бўлиб, бир бўлак колбаса учун ҳар қандай калтакланишни кўтара олади, бироқ унинг ит қалби содиқ ва меҳрибон. Шариковда булардан ҳеч нарса қолмаган. Шарикдан фақат мушукларга нисбатан нафрат қолган, шу боис у «Москва шаҳрини сарсон ҳайвонлардан (мушуклар ва ҳоказолардан) тозалаш бўлими бошлиғи» лавозимида иш бошлайди. Аммо Клим Чугункиндан мерос бўлиб қолган «пролетар сўнгаклари» Шариковда қаттиқ эди. У ўз шерикларини дарҳол «товарищлар» орасидан топади, синфий душманни ҳис қилиш қобилияти кучли ва келажакка катта умидлар боқади, унинг фикрича, келажак унга тегишли. Шариковнинг истаклари В.В. Маяковскийнинг «Ширканак» (1929) комедияси қаҳрамони Присипкиннинг талаблари билан кўп жиҳатдан мос келади. Бироқ улар ўртасидаги фарқ жуда муҳим: Маяковскийнинг тасаввурига кўра, инқилобнинг юзага чиқиши «боёқ билан бўялган қизил» бўлган бўлса, Булгаков учун у ҳақиқий қизил эди.
Шариков образининг адабий манбалари баъзан Гётенинг «Фауст» трагедиясининг иккинчи қисмдаги Гомункулус персонажи билан боғланади. Дарҳақиқат, ҳар икки қаҳрамон ҳам инсон томонидан яратилган ва «тўлиқ инсон эмас» (Гётенинг таърифи). Аммо бу ўхшашлик шу ерда тугайди. Агар Гомункулус «тўлиқ маънода инсон бўлиш»ни орзу қилган бўлса, Шариков ўз ҳолатидан тўла қониққан. Профессор Преображенский ва унинг ёрдамчиси доктор Борменталь томонидан тақдим этилган таълим, маданият, таъб, яхши одоблар Шариков тушунчасида ортиқча ҳисобланади. Жоҳил, нопок, ёлғончилик маньясига чалинган Шариков Гомункулуснинг «гўзаллик ва самарали фаолиятга интилиши»га тўлиқ зиддир (Гётенинг тавсифи). Булгаков контекстида ҳам бу қарама-қаршилик тасдиқланади. Ёзувчининг охирги романида Воланд Мастер билан хайрлашар экан, унга янги гомункулус яратишга умид қилиб реторта орқали ишлашни маслаҳат беради. Мастерга Преображенский тақдири тайин этилганини тахмин қилиш қийин.
Шариков ва Гомункулус тақдири тугаган ҳолатлари ўхшаш, аммо бир хил эмас: иккаласи ўз ҳолатига қайтиб келади. Гомункулус ҳимоя шишасини синдириб, алхимикнинг саъй-ҳаракатлари билан чақирилган «абсолют»га қўшилади. Шариков эса яна Шарикка айланади. Профессорнинг уйида қидирув ўтказишга келган милиция «Итни бошидаги яра билан топади, у кулиб, креслога ўтириб: «Ноодоб сўзлар билан гапирманг!» дея бақиради.
Гомункулуснинг тақдири органик ва механик, табиий ва сунъий ўртасидаги мос келмасликни кўрсатади. Булгаков бу гётеча муаммони янги мазмун билан тўлдириб, сунъий нарса табиий ҳаётга хавф туғдириши мумкинлигини ва ҳатто унинг устидан ғалаба қозониши мумкинлигини кўрсатди. Шариков Швондерда худди ўзга ўхшашни — «тўлиқ инсон эмас», аммо табиий тарзда туғилган кимсани топади. Шу сабабли, Шариков яна Шарик бўлиши учун қайта операция зарур бўлади.
Шу каби фалсафий хулоса асарнинг илк ўқувчилари томонидан англанмаган. Улар «Ит юрак»да замонавий ҳаётга «ўткир памфлет»ни кўришган. Шариков образи интеллигенция (яъни профессор Преображенский) томонидан катта қилинган пролетариатнинг тўғридан-тўғри аллегорияси сифатида қабул қилинган.
Булгаков ижоди бу каби ижтимоий тажрибаларнинг (фақат социалистик эмас) қандай таъсир қилишини ва ҳаётнинг органик табиатига бўлган ҳар қандай тазйиқ қандай оқибатларга олиб келишини кўрсатади. Булар қандайдир муайян сиёсий контекстга боғланмай, ҳар доим ўзига хос фалсафий мазмунга эга.

Абу Муслим таржимаси